[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

26.03.2026. Бугунги кунда мамлакатимизда Президентиз ташаббуслари билан жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, бунинг учун зарур тузилмаларни шакллантириш йўналишларида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада мамлакатимиз спортчилари халқаро мусобақаларда тарихий ютуқларга эришмоқдалар. Хусусан, Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтган XXXIII ёзги Олимпия ўйинларида мамлакатимиз иштирокчи давлатлар орасида умумжамоа ҳисобида 13-ўринни, Осиё қитъасида 4-ўринни, туркий ва Ислом мамлакатлари ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги бўйича 1-ўринни эгаллади. Ўзбекистон тарихида илгари ҳеч қачон бўлмаган бу каби ютуқлар Давлатимиз раҳбарининг спорт соҳасига ва спортчиларга кўрсатаётган юксак эътиборлари самарасидир.

Мазкур йўналишлардаги ишларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам турли соҳаларда меҳнат қилаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини ошириш, уларни спортга кенг жалб этиш, бу орқали ходимлар саломатлигини мустаҳкамлаш ва меҳнат жамоаларида соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлаш борасида тизимли ишларни амалга ошириб келмоқда.

Мамлакатимиз бўйлаб Наврўз умумхалқ байрами кенг ншонланаётган шукуҳли кунларда Президентимиз ташаббуслари билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан барпо этилган Акбар Жўраев номидаги оғир атлетика спорт мактабининг фойдаланишга топширилгани ҳам халқимизга муносиб туҳфа бўлди.

Мазкур Республика мактабининг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Вазирлар Маҳкамаси, Миллий олимпия қўмитаси, Спорт вазирлиги, Осиё оғир атлетика Федерацияси, Ўзбекистон оғир атлетика Федерацияси, “Uzbekistan Aquatics” федерацияси, “Нуроний” жамғармаси, Ёзувчилар уюшмаси, Тошкент вилояти ҳокимлиги мутасаддилари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва унинг тасарруфидаги ташкилотлар, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари раҳбарлари, олимпия чемпионлари, таниқли спорт усталари, касаба уюшма спортчилари ва меҳнат фарийлари иштирок этдилар.

Янги Ўзбекистонда оғир атлетикани янада ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиш мақсадига қаратилагандир.

Тантанали тадбирни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, Сенатор Қудратилла Рафиков очиб берди.

– Юраги Юртим деб урадиган, билаги кучга, қалби ғайратга тўла, кўзидан ўт чақнаб турган Акбар Жўраев каби фарзандларимизга ўз салоҳиятларини рўёбга чиқариши учун чекка қишлоқларда ҳам барча шароитлар яратиб берилаётгани Юртбошимизнинг ёшларимизга бўлган юксак меҳр ва эътибори намунасидир, – деди жумладан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, Сенатор Қудратилла Рафиков. – Президентимиз саъй-ҳаракатлари билан сўнгги йилларда спортни, шу жумладан, спортнинг оғир атлетика турини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, ёшларнинг иқтидор ва қобилиятларини намоён этишлари учун барча зарур шароитлар яратилмоқда. Бунинг натижасида оғир атлетикачиларимиз жаҳоннинг нуфузли мусобақаларида юксак ғалабаларни қўлга киритиб, ўзбек спорти салоҳиятини бутун дунёга намоён этмоқдалар. Зеро ушбу масканни барпо этишдан кўзланган мақсад ҳам Акбар Жўраевнинг муносиб издошлари, Янги Ўзбекистонимизнинг Янги олтин авлод спорт юлдузларини тарбиялашдир.

Олимпия чемпиони, уч карра жаҳон чемпиони, Олимпия рекорди ва “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони соҳиби Акбар Жураев номидаги оғир атлетика спорт мактабининг пурвиқор тоғлар қўйнида жойлашган Бўстонлиқ туманининг Сойлиқ қишлоғида барпо этилиши ҳам бежиз эмас. Аввало ушбу масканнинг мусаффо ҳавоси, сўлим табиати спортчиларга ўзига хос куч-қувват бағишлайди, десак муболаға бўлмайди.

Зеро, Оғир атлетика бўйича 2021 йилда жаҳон чемпионлигини қўлга киритган Достон Ёқубов, Олимпия рекордчиси, “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони соҳиби, уч карра жаҳон чемпиони, касаба уюшмалари спортчиси Акбар Жўраев каби афсонавий спортчиларимиз ҳам Сойлиқда камол топганлар. Уларни бугунги кунда бутун дунё танийди ва тан олади.

Бугун дунё қалқиб турган бир даврда Муҳтарам Президентимиз бошчилигида “Инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилаётган миллатпарвар сиёсат, халқимиз фаровонлигини ошириш, турмуш даражасини юксалтиришга қаратилган инсонпарвар ғояларнинг узвий давоми сифатида бўй кўрсатган ушбу бунёдкорлик намунаси, яъни, Давлатимиз Раҳбарининг топшириғи асосида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан қуриб фойдаланишга топширилаётган Акбар Жўраев  оғир атлетика спорт мактаби ҳам ана шундай эзгу ишларнинг амалий давомидир.

Бундан атиги 10 йил олдин тоғлар орасидаги ушбу қишлоқ болалари ўта оғир ҳолатдаги ва ҳеч қандай шароити бўлмаган, мослаштирилган кичик ва тор биноларда спорт билан шуғулланишга мажбур эдилар. Бугун эса Президентимиз ташаббуслари билан жаҳон стандартларига мос келадиган муҳташам спорт мажмуасининг барпо этилгани кўплаб ҳаваскор ва профессионал спортчиларнинг, улар ота-оналарининг орзусини ҳақиқатга айлантирди.

Қисқа фурсатда бунёд этилган Акбар Жўраев номидаги ушбу спорт мажмуасида барча зарур шароит ва  қулайликлар яратилган бўлиб, ушбу объект қурилишига касаба уюшмалари томонидан қарийб   25 млрд. сўм маблағ йўналтирилди. Янги Ўзбекистон кўркига кўрк бўлиб қўшилган ва ягона ҳисобланган ушбу оғир атлетика мактаби замон талабларига мос равишда қурилган бўлиб, замонавий спорт зали, 3 та машғулотлар зали, жисмоний чиниқиш учун стадион, мажлислар зали, тиббиёт ва услубчилар хонаси, мураббийлар хонаси, сузиш ҳовузи, ётоқ биноси, санузеллар ва ошхонани ўз ичига олади. Бундай шароитларнинг яратилгани оғир атлетикачилар учун нафақат шуғулланиш, балки  ўз маҳорат ва назарий билимларини мустаҳкамлаш имконини ҳам беради.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, мактаб энг замонавий спорт анжомлари, ускуна ва жиҳозлар билан таъминланган. Ушбу мактабда тарбияланувчи ёшлар орасидан келгусида Она юртимиз шарафини халқаро ареналарда муносиб ҳимоя қиладиган, Ватанимиз байроғини янада юксакларга кўтарадиган спортчилар етишиб чиқишига шубҳа йўқ.

Муҳтарам Президентимизнинг спортнинг биргина йўналиши бўйича катта муваффақиятга эришган Акбар Жўраевга ушбу совғаси мисолида ҳам кўришимиз мумкинки, кимнингки қалби Ватан дея урар экан, у ҳамиша юксак натижаларга эришади ҳамда эътиборда ва ардоқда бўлади.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари