30.03.2026. Авиация соҳаси – юқори хавф, катта масъулият ва узлуксиз диққат талаб қиладиган тармоқлардан бири ҳисобланади. Аэропортларда фаолият юритувчи ходимлар – учувчилар, борт кузатувчилари, техник ходимлар ва ер усти хизматлари вакиллари ўз меҳнат фаолиятида турли хавфли омилларга дуч келадилар.
“Навоий халқаро аэропорти” масъулияти чекланган жамиятида “Хавфсиз меҳнат асослари” мавзусида ўтказилган бугунги семинар айнан меҳнат жамоаларида ходимларнинг ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилиш, иш жойида хавфсиз ва соғлом меҳнат шароитларини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирни “Навоий халқаро аэропорти” МЧЖ директори Алишер Нематилоевич Кличев кириш сўзи билан очиб, семинар иштирокчиларига Президентнинг ПҚ-50-сонли “Навоий халқаро аэропорти фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, аэропортда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда Президентимиз томонидан илгари сурилган янги лойиҳалар хусусида тўхталди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Навоий вилоят Кенгаши раиси Назира Тоғаева ўз сўзида меҳнат муносабатларини тартибга солишда қонун ҳужжатларига қатъий амал қилишнинг аҳамиятига алоҳида тўхталди.
Семинар-тренинг давомида иштирокчиларга хавфсиз меҳнатни таъминлашда касаба уюшмаларининг ўрни, ушбу соҳадаги норматив ҳужжатлар ижроси, иш жойларида юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларнинг олдини олиш, ходимларни шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш ва улардан тўғри фойдаланиш тартиблари тўғрисида А. Рахматов ва М. Камбарова томонидан маълумотлар берилди.
Шунингдек, меҳнат жараёнида хавфсизлик қоидаларига риоя этиш ҳар бир ходимнинг асосий вазифаларидан бири экани, бу эса ишлаб чиқаришда барқарорлик ва самарадорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.
Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоб олдилар ҳамда меҳнат хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Авиация соҳасида инсон омили ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу боис, меҳнатни муҳофаза қилиш, имтиёзлар ва пенсия таъминотини тўғри йўлга қўйиш – нафақат ижтимоий, балки стратегик вазифадир.
М. Камбарова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилоят Кенгаши меҳнат-техник инспектори
![[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]](https://kasaba.uz/wp-content/uploads/2024/04/cropped-ohirgi-logo_kasaba_v13-removebg-preview.png)



Ўзбекча
Русский