31.03.2026. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Ўзбекистон Иш берувчилари конфедерацияси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича 2023-2025 йиллар учун Бош жамоа келишувининг 2025 йилда бажарилиши Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссиясида кўриб чиқилди.
Таъкидланишича, Бош жамоа келишувининг ижросини таъминлаш борасида 2025 йил давомида давлат органлари, касаба уюшмалари ва иш берувчилар томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди.
Хусусан, мамлакат иқтисодиётини, ишлаб чиқаришни ҳамда тадбиркорликни ривожлантиришга катта эътибор бериб келинмоқда.
Миллий статистика қўмитасининг маълумотларига биноан Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 2025 йил якунига кўра 7,7 фоизга ўсиб, 1 849,7 триллион сўмни, яъни 147,06 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. 2024 йилда ялпи ички маҳсулот 121 миллиард долларга баҳоланган эди. Аҳоли жон бошига ЯИМ дастлабки ҳисобда 48,8 млн сўм (3881 доллар)ни ташкил этди.
Ялпи ички маҳсулот ўсишига хизмат кўрсатиш соҳаси энг катта ҳисса қўшди, у 8,5 фоизга ўсди ва иқтисодиётнинг умумий ўсишига 3,9 фоиз банд қўшди. Сектор ичида энг юқори ўсиш суръатларини намойиш этган савдо, яшаш ва овқатланиш хизматлари 12 фоизга, транспорт, сақлаш, ахборот ва алоқа 14,5 фоизга ўсди.
Саноатнинг ўсиши 6,8 фоизни ташкил этди, унинг ЯИМ ўсишига қўшган ҳиссаси 1,7 фоиз бандга баҳоланмоқда. Қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги 4,4 фоизга (+0,8) ўсди. Қурилиш ишлари ҳажми 14 фоизга ошди, қурилишнинг ЯИМ ўсишидаги ҳиссаси 1 фоиз бандни ташкил этди.
Ўзбекистонда 2025 йилда инфляция 7,3 фоизгача пасайди, бу эса сўнгги тўққиз йилдаги энг паст кўрсаткичдир. Озиқ-овқат маҳсулотлари йил давомида ўртача 5,5 фоизга қимматлашган. Ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари йил давомида 5,1 фоизга ошди. Хизматлар йил давомида 13,9 фоизга қимматлашди.
Ижтимоий шериклар билан ҳамкорликда Бош жамоа келишуви ижроси доирасида меъёрий ҳуқуқ ижодкорлиги ва ходимларнинг ҳуқуқий ҳимоясига доир тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди.
Ижтимоий шерикларнинг ижтимоий-меҳнат соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, қабул қилинган қонунлар мазмун-моҳиятини ходимларга етказиш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш борасидаги фаолияти мунтазам равишда такомиллаштириб борилмоқда.
Ҳисобот даврида ижтимоий-меҳнат соҳасига доир 200 дан зиёд норматив ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари кўриб чиқилди ва таклифлар берилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида»ги қонунини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш юзасидан таклифлар киритилиб, иш жараёнида фаол иштирок этиб келинди. Қонун 2025 йил 10 декабрда қабул қилинди.
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўйича Меҳнат кодексига қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар берилди, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги ва «Ижтимоий иш тўғрисида»ги қонун лойиҳалари, вазирлик ва идоралар буйруқлари ва низомлари юзасидан таклифлар берилди.
Меҳнатга ҳақ тўлаш, аҳолининг реал даромадлари ва турмуш даражасини ошириш борасида ҳам муайян натижаларга эришилди.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг ялпи даромадлари 2025 йилда 1 134,3 триллион сўмга етди. Бунда даромадларнинг номинал ўсиши – 18,9 фоизга, реал ўсиши –9,2 фоизга тенг бўлди.
Аҳоли жон бошига даромад – йилига 29,9 миллион сўмни ташкил этди. Резидентларнинг умумий даромадларида пул ўтказмаларининг улуши – 21 фоизга тенг бўлди.
Аҳолининг ялпи даромадлари таркибида ёлланма ходимлар даромади 26,4 фоиз, мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадлар 34 фоиз бўлди. Ҳисоб-китобларга кўра Ялпи ички маҳсулот таркибида меҳнат ҳақи улуши 37 фоизга тенг бўлди.
Иш ҳақи оширилишига жамоа шартномавий муносабатлар ҳам ўз ҳиссасини қўшди. Республика бўйича 13 та, яъни 12,6 фоиз тармоқ жамоа келишувларида тармоқ тариф сеткалари, 32 251 та ташкилотда локал тариф сеткалари жорий қилиниши натижасида 1 342 300 нафар ходимларнинг иш ҳақлари оширилган бўлиб, аввалги йилга нисбатан бундай ташкилотлар сони 8 247 тага кўпайди.
Иш берувчилар томонидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига риоя этилиши ҳолати юзасидан давлат ва жамоатчилик назорати амалга оширилди. Ушбу талаблар бўйича Давлат меҳнат инспекцияси томонидан бир қатор тизимли ишлар амалга оширилди. Хусусан, 341 та корхонага хатлар юборилиб, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам иш ҳақи тўлаган корхоналар бўйича манзилли иш ташкил этилган.
Касаба уюшмалари фаоллари томонидан 12 395 та ташкилотда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига риоя этилиш юзасидан жамоатчилик мониторинглари амалга оширилди. Шулардан 25 та ташкилотда камчиликлар аниқланиб, улар жойида бартараф этилди.
Меҳнат бозорини ривожлантириш, аҳоли бандлигига кўмаклашиш масалаларида асосий эътибор барқарор иш ҳақи ва меҳнат хавфсизлигини таъминловчи, айниқса, қишлоқ жойларидаги иш ўринларини ташкил этишга, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчилари ва аҳолининг бошқа ижтимоий заиф қатламларини ишга жойлаштирилишига қаратилди.
2025 йилда республика бўйича ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,9 фоизга тушди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 августдаги “Норасмий бандлик улушини қисқартириш ҳамда меҳнат ресурслари балансини замонавий ёндашувлар асосида шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-366-сонли қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш чоралари кўрилди.
Натижада норасмий секторда банд бўлганлар сони 4 379,2 минг кишини ташкил этиб, аввалги йилга нисбатан 21,2 фоизга ёки 1 176,0 минг кишига камайган.
2025 йилда туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарорларига асосан ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун 14 мингта корхона ва ташкилот томонидан жами 49,7 мингта иш ўринлари заҳиралаб қўйилди.
Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси тизимини жорий этиш, унинг фаолият кўрсатиши ва ривожланишини таъминлаш масалалари тармоқ ва ҳудудий келишувларда ва жамоа шартномаларида ўз аксини топмоқда ва касаба уюшмалари томонидан назоратга олинган.
Ижтимоий кафолатлар ва ижтимоий ҳимоя борасида тизимли чоралар кўрилди.
Камбағаллик даражаси йил давомида 8,9 фоиздан 5,8 фоизга тушди (5 миллион аҳоли даромадли бўлди, 1,5 миллион эҳтиёжманд аҳоли камбағалликдан чиқарилди).
Ишсиз банд бўлмаган фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан 1,2 минг нафар фуқарога субсидия маблағлари ажратилди. Бундан ташқари 1,6 минг нафар фуқаро ишсиз деб эътироф этилиб, ишсизлик нафақалари тайинланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги 2025 йил 30 январдаги ПФ-16-сон Фармони ижросида касаба уюшмаларининг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг дастури қабул қилинди.
Дастур доирасида жамоа шартномалари ва келишувлари орқали пенсия ёшидаги шахслар ҳамда корхоналарнинг собиқ ходимлари бўлган ногиронлиги бор шахслар ва ўзгалар парваришига муҳтож кишилар, ишламайдиган пенсионерлардан 112 279 нафари жами 154 507,7 млн. сўмлик турли кўринишда моддий қўллаб-қувватланди.
Наврўз, Хотира ва қадрлаш куни, Мустақиллик байрамлари, арафасида республикамиз ҳудудидаги “Мурувват” ва “Саховат” уйларида яшовчилар ҳолидан хабар олинди ва уларга жами 560,1 млн. сўмлик маиший жиҳозлар, кийим-кечаклар, гигиеник воситалар топширилди.
Тизимдаги санаторийларда 1941–1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларидан 164 нафари давлат бюджетидан бепул даволанди.
Корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган пенсионерлар, шунингдек, касаба уюшмаси аъзоларининг пенсионер ота-оналаридан 8 520 нафари имтиёзли равишда соғломлаштирилди.
Умуман, мазкур дастур доирасида жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 198 693 нафар фуқаро ва 71 940 та оилага 338 150 764 минг сўмлик ижтимоий кўмак кўрсатилди.
Бош жамоа келишуви доирасида меҳнат соҳасида ижтимоий мулоқот ва ижтимоий шерикликни ривожлантириш чоралари кўрилди.
2025 йил давомида 28 210 та ташкилотда янги касаба уюшма ташкилотлари тузилиб, уларда меҳнат қилаётган 993 665 нафар ходимнинг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқлари таъминланди.
Йил якунига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри миқёсида 14 та ҳудудий жамоа келишувлари, тармоқларда республика миқёсида 103 та тармоқ жамоа келишувлари, ташкилотларда 134 мингдан кўп жамоа шартномалари амал қилмоқда.
Бош жамоа келишувини амалиётга татбиқ этиш жараёнида ўз ечимини кутаётган масалалар ҳам аниқланди.
Статистика агентлиги маълумотлари таҳлилидан, ҳудудларда, жумладан, Навоий, Тошкент, Сирдарё, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ишларига эътибор етарли эмаслиги аён бўлмоқда. Масалан, 2025 йил давомида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида янги қурилиш ҳисобидан касалхоналарда янги ётоқ ўринлари ва янги поликлиник муассасалар ишга туширилмади.
Кўрилаётган чораларга қарамасдан, 2025 йил якунларига кўра иш ҳақи тўловларидан муддати ўтган қарздорлик салкам 235 млрд. сўмни ташкил этиб, унинг асосий қисми нефт-газ ва геология соҳасидаги “Epsilon Development Company”, “Enter Engineering”, “Eriell” каби йирик компанияларга тўғри келган.
Республикада кузатилмайдиган (яъни норасмий ва яширин) иқтисодиётнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 26,9 фоизни (2024 йилда – 35 фоиз эди), норасмий секторда бандлар сони 4 379,2 минг кишини (2024 йилда – 5,5 млн киши эди) ташкил этади. Мазкур муаммоларни ҳал этиш чораларини изчиллик билан давом эттириш лозим.
Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика Уч томонлама комиссияси котибияти
![[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]](https://kasaba.uz/wp-content/uploads/2024/04/cropped-ohirgi-logo_kasaba_v13-removebg-preview.png)



Ўзбекча
Русский