[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

18.05.2026. Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим олиши, илмий ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Бу борада давлат сиёсати даражасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ёш авлоднинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Жорий йилнинг 24 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтказилган ёшлар билан очиқ мулоқотда ҳам мазкур масалага алоҳида эътибор қаратилди. Давлат раҳбари мамлакатимиздаги миллионлаб ёшлар Янги Ўзбекистоннинг таянчи ва катта кучи эканини таъкидлаб, уларни қўллаб-қувватлаш ҳар бир раҳбарнинг устувор вазифаси бўлиши лозимлигини қайд этди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси томонидан Тошкент кимё-технология институтида “Раҳбар ва ёшлар” мавзусида учрашув ташкил этилди.

Тадбирда Республика кенгаши раиси ўринбосари Иброҳим Исоқов, институт ректорининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Баҳодир Боборажабов ҳамда талаба-ёшлар иштирок этдилар.

Учрашув давомида мамлакатимизда ёшларга яратилаётган имкониятлар, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, илмий фаолиятни қўллаб-қувватлаш ҳамда бандлигини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар хусусида фикр алмашилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси тизимида ҳам ёшларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, турли маданий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари, саёҳатлар, экскурсиялар ва кўрик-танловлар мунтазам ташкил этиб келинмоқда.

Очиқ мулоқотда талабалар ўз таклиф ва ташаббуслари билан фаол иштирок этдилар. Айниқса, ишлаб чиқариш корхоналарида амалиёт ўташ, инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш ва соҳада илмий тадқиқотларни кенгайтириш бўйича билдирилган фикрлар қизғин муҳокама қилинди.

Тадбирнинг энг муҳим қисми “Республика кенгаши стипендияси” кўрик-танлови Республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлди. Мазкур танлов иқтидорли, ташаббускор ва жамоат ишларида фаол иштирок этаётган талабаларни рағбатлантириш мақсадида ташкил этилди.

Танлов иштирокчилари “Venovizo-AI тизимли қурилмаларининг аҳамияти”, “Хонадонларда қуёш панелларини ўрнатиш самарадорлиги” каби долзарб мавзуларда ўз илмий ишланмалари ва тақдимотлари билан қатнашдилар.

Якунларга кўра, Тошкент кимё-технология институти талабалари Пардаева Моҳинур Сирожиддин қизи ва Холмаматов Беҳрузбек Шокир ўғли танлов ғолиби деб эътироф этилди ҳамда Республика кенгаши стипендияси билан тақдирланди.

Шунингдек, тадбирда фаол иштирок этган бир қатор талабаларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Шавкат Тоиров

Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси