Мамлакатимиз кимё ва фармацевтика саноатини янада ривожлантириш, соҳада фаолият юритаётган ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг инновацион ташаббусларини рағбатлантириш мақсадида “Ўзкимёсаноат” АЖ ҳамда Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамкорлигида “Кимё саноати ёш мутахассислари” форуми ҳафталиги ўтказилмоқда.
Анъанавий тарзда ташкил этиб келинаётган мазкур форум бугунги кунда таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётган муҳим мулоқот майдонига айланди. Унда кимё саноати корхоналари ва ташкилотларида меҳнат қилаётган ёш мутахассислар, илмий тадқиқотчилар ҳамда олий таълим муассасалари талабалари иштирок этмоқда.
Форумнинг энг муҳим тадбирларидан бири сифатида “Энг яхши инновацион ғоя” танлови ўтказилмоқда. Танлов ёшларнинг билим ва салоҳиятини намоён этиш, саноат учун янги ва рақобатбардош маҳсулотлар яратиш, ишлаб чиқариш жараёнларига тежамкор ҳамда замонавий технологияларни жорий этишга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлашни мақсад қилган.
Танлов иштирокчилари 15 та жамоага бўлинган ҳолда ўз ғояларини янада такомиллаштириш ва уларни амалий ечимларга айлантириш устида иш олиб бормоқдалар. Бу эса ёш мутахассисларнинг ижодий фикрлаши, жамоавий ишлаш кўникмалари ва инновацион ёндашувларини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Ҳафталик давомида кимё тармоғини модернизация қилиш, юқори технологияли ишлаб чиқаришни ривожлантириш, экологик хавфсизликни таъминлаш каби долзарб масалалар муҳокама қилинади. Шунингдек, ташкил этилаётган очиқ мулоқотлар доирасида иштирокчилар соҳа раҳбарлари ва тажрибали мутахассислар билан фикр алмашиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш имкониятига эга бўладилар.
Жумладан, форум доирасида иштирокчилар учун сунъий интеллект технологияларига бағишланган семинар-тренинг ташкил этилди.
Тадбирда AT йўналишида фаолият юритаётган экспертлар томонидан сунъий интеллектнинг бугунги кундаги имкониятлари, унинг ишлаб чиқариш ва таълим тизимларидаги аҳамияти, маълумотларни таҳлил қилишдаги ўрни ҳамда меҳнат унумдорлигини оширишга қўшаётган ҳиссаси ҳақида маълумотлар тақдим этилди.
Семинар давомида ChatGPT ва бошқа замонавий AT воситаларидан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчиларга контент яратиш, тақдимотлар тайёрлаш, катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш ҳамда инновацион ташаббусларни ривожлантиришда сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Интерактив форматда ташкил этилган машғулот давомида қатнашчилар мутахассислар билан очиқ мулоқот олиб бориб, ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар. Шунингдек, сунъий интеллект технологияларининг истиқболлари ва уларни турли соҳаларда қўллаш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Форум дастуридан интеллектуал ва спорт тадбирлари ҳам ўрин олган. Жумладан, “Заковат” интеллектуал ўйини, шахмат ва стол тенниси мусобақалари ҳамда кимё саноати корхоналари кўргазмалари ташкил этилиши режалаштирилган.
Мазкур форум ёшларнинг илмий ва инновацион фаоллигини ошириш, соҳага янги ғоя ва ташаббусларни жалб этиш, шунингдек, мамлакатимиз кимё саноатининг рақобатбардошлигини мустаҳкамлашда алоҳида ўрин тутади.
Шавкат ТОИРОВ,
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси
![[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]](https://kasaba.uz/wp-content/uploads/2024/04/cropped-ohirgi-logo_kasaba_v13-removebg-preview.png)



Ўзбекча
Русский