17.08.2026. Айни кунларда Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамда тармоқ тизимидаги корхоналарда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллигини муносиб кутиб олишга қаратилган кенг кўламли маданий-маърифий ва спорт тадбирлари қизғин давом этмоқда.
Корхона, ташкилот ва таълим муассасалари ҳудудлари ободонлаштирилмоқда ҳамда бинолар пештоқларига мустақилликнинг 35 йиллигига бағишланган баннер ва плакатлар ўрнатилиб, байрамона муҳит яратилмоқда. Ходимлар иштирокида “Маърифат соати”, маънавий-маърифий тадбирлар, “Раҳбар ва ёшлар” ҳамда “Уч авлод” учрашувлари, интеллектуал танловлар ва турли спорт мусобақалари ташкил этилмоқда.
Айниқса, “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида уюштирилаётган саёҳатлар ходимларга юртимизнинг бетакрор тарихи, бой маданий мероси ва гўзал масканларини янада яқиндан англаш имконини бермоқда.
Байрам тадбирлари тармоқ тизимидаги корхоналар тасарруфидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳларида ҳам алоҳида мазмун касб этмоқда. Ёзги таътилни мазмунли ўтказаётган болажонлар учун мустақиллик мавзусидаги викториналар, кўрик-танловлар, спорт мусобақалари, ватанпарварлик ғояларини тараннум этувчи маданий тадбирлар ва бадиий кечалар ўтказилмоқда. Бу тадбирлар ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат ва юрт тақдирига дахлдорлик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Спорт майдонларида эса байрам шукуҳи янада яққол намоён бўлмоқда. Ходимлар ўртасида “Мустақиллик кубоги” спорт мусобақалари, “Соғлом оила — соғлом жамият”, “Соғлом ҳаёт сари” шиорлари остида 5000 қадам юриш марафонлари ташкил этилмоқда. Уларда иштирок этган ғолиб ва фаол қатнашчилар касаба уюшмалари томонидан эсдалик совғалари билан рағбатлантирилмоқда.
Мустақилликнинг инсон ҳаётидаги аҳамиятини янада теранроқ англаш мақсадида “Мустақиллик менинг тақдиримда” мавзусида ўтказилган сўровномалар ҳам ходимларда катта қизиқиш уйғотди. Унда иштирок этганлар истиқлол йилларида мамлакатимизда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги янгиланишлар, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт ва бошқа соҳаларда қўлга киритилган улкан ютуқлар ҳақида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Сўровнома жараёнида билдирилган самимий фикрлар бир ҳақиқатни яна бир бор намоён этди: мустақиллик — ҳар бир инсон ҳаёти, орзу-интилишлари ва келажаги билан чамбарчас боғлиқ буюк қадрият. Ходимларнинг юрт келажагига юксак ишончи, Ватанга муҳаббати, миллий ғурури ва ватанпарварлик туйғулари уларнинг ҳар бир фикрида ўз ифодасини топди.
Бугун касаба уюшмалари ва тармоқ корхоналари жамоалари томонидан ўтказилаётган ҳар бир тадбир нафақат меҳнаткашларга байрамона кайфият бағишламоқда, балки жамоаларни бир мақсад атрофида янада жипслаштирмоқда. Зеро, юрт тараққиёти ва халқ фаровонлиги йўлидаги эзгу мақсадларга эришишда ҳамжиҳатлик, фидойилик ва Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси муҳим аҳамият касб этади.
Мустақилликнинг 35 йиллиги — ўтган йўлга назар ташлаш, бугунги ютуқларни қадрлаш ва келажак сари янада катта ишонч билан қадам қўйиш айёми. Бу улуғ сана барчамизни бир эзгу мақсад — ягона Ватан равнақи, ягона халқ фаровонлиги ва Янги Ўзбекистоннинг янада тараққий этиши йўлида бирлаштирмоқда.
Шавкат Тоиров
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари
касаба уюшмаси Республика кенгашининг
маданий-маърифий ва спорт ишлари
бўйича етакчи мутахассиси
![[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]](https://kasaba.uz/wp-content/uploads/2024/04/cropped-ohirgi-logo_kasaba_v13-removebg-preview.png)



Ўзбекча
Русский