[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]
35 yil

18.08.2026. Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда «Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖнинг 25 йиллик юбилейи муносабати билан мажмуада ташкил этилаётган 25 та ижтимоий лойиҳа доирасида Ғузор туманида истиқомат қилувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари учун мазмунли ёзги дам олиш дастури ташкил этилди.

Мазкур эзгу ташаббус «Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ маъмурияти ва Касаба уюшма қўмитаси томонидан Ғузор тумани ҳокимлиги билан ҳамкорликда амалга оширилди.

Дастур доирасида 25 нафар болажон «Лочин» болалар соғломлаштириш оромгоҳида 12 кун давомида мароқли ҳордиқ чиқарди. Улар учун соғломлаштириш тадбирлари билан бир қаторда турли фан ва ижодий тўгараклар, спорт мусобақалари, жамоавий ўйинлар ҳамда кўнгилочар дастурлар ташкил этилди.

Оромгоҳдаги ҳар бир кун болаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиши, янги дўстлар орттириши, ўз қизиқиш ва қобилиятларини намоён этиши учун ўзига хос имконият бўлди. Айниқса, спорт ва ижодий машғулотлар болажонларнинг фаол иштирокини таъминлаб, уларнинг ёзги таътилини янада завқли ва эсда қоларли ўтказишига хизмат қилди.

Бундай эзгу ташаббуслар, аввало, болаларга қувонч улашиш, уларнинг ёзги таътилини мазмунли ташкил этиш ва жамиятда меҳр-оқибат ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.