[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]
35 yil

20.10.2026. Озарбайжон касаба уюшмалари Конфедерацияси делегацияси мамлакатимизда бўлди. Ташриф самарали кечди, хусусан, икки мамлакат касаба уюшмалари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва ўзаро тажриба алмашиш имкониятларини кенгайтирди.

Дастлаб меҳмонлар Тошкент шаҳрининг Миробод туманидаги Гейдар Алиев монументи пойига гулчамбар қўйдилар.

Шундан сўнг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Озарбайжон касаба уюшмалари Конфедерацияси раиси Сахиб Мамедов раҳбарлигидаги делегация вакилларининг Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков Ўзбекистон Республикаси  Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг мунтазам олий даражадаги ўзаро ташрифлари, самимий мулоқотлари натижасида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги дўстлик алоқалари янги босқичга кўтарилгани, бунинг натижасида икки мамлакат ўртасидаги ўзаро дўстона ҳамкорлик икки давлат тараққиётини таъминлаш ва халқларимиз фаровонлигини оширишга салмоқли ҳисса қўшаётганини алоҳида таъкидлади. Озарбайжон Президентининг яқинда Ўзбекистонга давлат ташрифи Абадий дўстлик шартномаси имзолангани билан тарихий воқеа бўлгани, Ўзбекистон ва Озарбайжон раҳбарларининг доно сиёсатларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, ушбу бузилмас дўстликни янада мустаҳкамлашга касаба уюшмалари ҳам салмоқли ҳисса қўшишини қайд этди. Яқинда Баку шаҳрида икки давлат Президентларининг бўлиб ўтган навбатдаги учрашувида мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар юқори даражада эканлиги яна бир бор намоён бўлди. Икки мамлакат етакчилари халқларимиз фаровонлигини янада оширишга хизмат қилувчи ҳамкорликдаги ишларнинг янги йўналишларини белгилаб олдилар

Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Озарбайжон халқи тили, дини, маданияти, анъана ва урф-одатлари бир-бирига жуда ўхшаш қардош халқлар бўлиб, бу дўстликнинг илдизлари узоқ тарихга бориб тақалади. Озарбайжонда улуғ ўзбек шоири, мутафаккири ҳамда давлат арбоби Алишер Навоийнинг, Ўзбекистонда эса Озарбайжон шоири ва маърифатпарвари Низомий Ганжавийнинг асарлари севиб ўқилади.

Тадбирда меҳмонларга сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан инсон манфаатларини таъминлаш ва инсон қадрини улуғлаш мақсадида амалга оширилаётган тизимли янгиланиш ва ислоҳотлар ҳамда уларнинг натижалари, 14 та тармоқ касаба уюшмаси, 14 та ҳудудий Кенгаш, 35 мингта бошланғич ташкилотлардаги 8 миллиондан ортиқ аъзони бирлаштирган Ўзбекистон касаба уюшмалари фаолияти тўғрисида батафсил маълумотлар берилди. Мазкур учрашувдан кўзланган мақсад – ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш ҳамда қардошлар билан ўзаро тажриба алмашиш эканлиги қайд этилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Озарбайжон касаба уюшмалари Конфедерацияси нафақат мамлакат ичкарисида, балки Халқаро касаба уюшмалари Ҳаракатида ҳам алоҳида ўринга ва ўзига хос нуфузга эга.  Икки мамлакат касаба уюшмалари меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш каби йўналишларда давлат ва иш берувчилар билан ижтимоий ҳамкорликда тизимли ишларни олиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистонда Трипартизм тамойили асосида  Ўзбекистон Ҳукумати, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Иш берувчилар Конфедерацияси ўртасида Бош жамоа келишуви амал қилмоқда. 2017 йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари тизимида 16 та санаторий ва дам олиш уйи фаолият кўрсатган ва уларда 4 мингга яқин ўрин мавжуд бўлган бўлса, ўтган 10 йил ичида қатор янги замонавий санаторийлар қурилиб, фойдаланишга топширилиши натижасида бугунги кунда санаторийлар сони 32 тага, улардаги ўринлар сони эса салкам 8 мингтага етказилди.

Ўз навбатида Озарбайжон касаба уюшмалари Конфедерацияси раиси Сахиб Мамедов Озарбайжон касаба уюшмалари фаолиятинин устувор йўналишлари ва ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболларига тўхталиб ўтди. Шунингдек, соҳада ўзаро тажриба алмашиш борасидаги фикрларини баён этди.

Маросимда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Озарбайжон касаба уюшмалари Конфедерацияси ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада юқори босқичга олиб чиқувчи ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланди. Унда томонлар ўзаро тенглик ва ҳурмат принциплари асосида касаба уюшмалари аъзоларининг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ҳамда манфаатларини муносиб ҳимоя қилиш борасидаги алоқаларни мустаҳкамлашни ҳамкорликнинг асосий йўналиши сифатида қайд этдилар.

Шундан сўнг иштирокчилар эътиборига Озарбайжон касаба уюшмалари Конфедерациясининг “Курорт” туристик ахборот маркази директори Чингиз Гаджиев Озарбайжон касаба уюшмалари тизимидаги санаторийлар, улардаги сервис хизматлари тўғрисидаги тақдимотни ҳавола этди. Ўз навбатида меҳмонлар эътиборига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги санаторийлар ва уларнинг фаолияти, қабул қуввати, сиҳатгоҳларда меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари учун яратилган шарт-шароитлар тўғрисидаги тақдимот ҳавола этилди. Очиқ мулоқот шаклида давом этган тадбирда икки мамлакат касаба уюшмалари вакиллари санаторийларнинг курортологик имкониятлари борасида ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича батафсил маълумотлар олиб, тажриба алмашдилар. Шунингдек, ушбу йўналишлардаги ишларни янада ривожлантириш, ўзбекистонлик меҳнаткашларни Озарбайжондаги санаторийларда, озарбайжонлик меҳнаткашларни Ўзбекистон касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда дам олдириб, саломатликларини мустаҳкамлаш бўйича фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Ташрифнинг иккинчи куни меҳмонлар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги “Чинобод” санаторийси, Даволаш профилактика маркази ва “Турон” санаторийси фаолияти билан яқиндан танишдилар. Танишув жараёнида мазкур сиҳатгоҳларда мавжуд даволаш йўналишлари ва услублари, уларнинг ихтисослашуви, муолажалар тизими, ушбу масканларда дам олиб, салдоматлигини мустаҳкамловчилар учун яратилган шарт-шароитлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, санатроийларда дам олиб, даволанувчиларнинг ҳордиғи янада мазмунли бўлиши учун яратилган қўшимча имкониятларга меҳмонлар томонидан юқори баҳо берилди. Ва икки мамлакат касаба уюшмалари тизимидаги санаторийлар мутахассисларининг ўзаро тажриба алмашувини йўлга қўйиш таклифини билдирдилар.

Озарбайжон касаба уюшмалари Конфедерацияси делегацияси вакиллари Гейдар Алиев номидаги маданият марказида ҳам бўлиб, Ўзбекистондаги тур операторлар билан учрашув ўтказдилар.

Шунингдек, Олтин аср ва Янги Ўзбекистон ўртасидаги кўприк бўлган Ислом цивилизацияси маркази билан танишиб, катта таассуротларга эга бўлдилар. Хусусан, меҳмонлар бой маънавий ва илмий меросни мамлакатнинг замонавий интилишлари билан боғловчи ушбу масканда тарих ва Янги Ўзбекистоннинг бугунги ютуқлари билан яқиндан танишдилар.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари