11.11.2026. Ўзбекистон касаба уюшмалари саройида 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари кунига бағишланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, унинг ҳудудий кенгашлари, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари, тасарруфдаги ташкилотлар раҳбарлари, ҳамкор вазирлик, идора ва ташкилотлар, халқаро ташкилотлар, Халқаро касаба уюшмалари бирлашмалари, 20 га яқин хорижий давлат касаба уюшмалари ташкилотлари раҳбар ва мутасаддилари, Ўзбекистон касаба уюшмалари фахрийлари ва фаоллари ҳамда турли соҳаларда фаолият кўрсатаётган меҳнаткашлар иштирок этдилар.
Тадбир иштирокчилари саройда карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди.
Байрам тадбири аввалида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси ижро этилди.
Тантанали тадбирда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан инсон қадрини улуғлаш ва манфаатларини таъминлаш йўлида ўтган 10 йил давомида жамият ҳаётининг барча жабҳаларида бирдек олиб борилаётган кенг кўламли ва тизимли ислоҳотлар ҳамда янгиланишлар мамлакат тараққиётининг янги босқичини бошлаб бергани алоҳида таъкидланди. Хусусан, Янги Ўзбекистон дунёга юз тутгани, очиқ ва динамик жамиятга айлангани, ўтган қисқа вақт ичида халқимиз турмуш даражаси ва фаровонлигини ошириш, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, Ўзбекистон нуфузини дунё миқёсида юқори поғонага кўтариш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилиб, салмоқли натижаларга эришилгани, ушбу ютуқлар бугун жамиятимиз ҳаёти ва халқимиз турмушидаги ижобий ўзгаришларда намоён бўлаётгани, сирасини айтганда, Янги Ўзбекистон фуқаролари янгича дунёқараш билан янгича ҳаёт кечираётганлари қайд этилди.
Ҳақиқатдан ҳам Президентимиз ташаббуслари билан инсон қадри учун амалга оширилаётган улкан ва тизимли ишлар давлатимиз ва жамиятимизни тараққиётнинг мутлақо янги босқичига олиб чиқди. Янги Ўзбекистоннинг бу борадаги ютуқлари ва қўлга киритаётган натижалари бугун халқаро миқёсда ҳам тан олиниб, юксак эътирофларга сазовор бўлмоқда. Амалга оширилаётган ўзгаришлар ва янгиланишлар, аҳолининг турли тоифалари, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларга кўрсатилаётган эътибор, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар натижасида Ўзбекистон аҳолисининг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ва ташаббускорлиги ортиб, янги марралар сари олға интилмоқда.
Тантанали тадбирда 2025 йилнинг 17 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан бўлиб ўтган учрашуви том маънода катта тарихий воқеа бўлгани, мазкур учрашувда давлатимиз раҳбари «Ҳеч шубҳасиз, биз эришаётган натижаларда 8 миллионга яқин аъзога эга, энг халқчил ва катта нодавлат ташкилоти бўлган касаба уюшмаларининг муносиб ҳиссаси бор. Фурсатдан фойдаланиб, ҳар бир корхона ва ташкилотга – ишчанлик муҳитини, меҳнат жамоаларига – рағбат ва адолат руҳини олиб кираётган касаба уюшмалари фаолларига чин дилдан миннатдорлик билдираман», дея алоҳида таъкидлаганлари 8 миллионлик касаба уюшма аъзоларининг қалбида юксак туйғуларни уйғотгани, уларга янги куч ва илҳом бағишлагани алоҳида эътироф этилди. Муҳтарам Президентимиз бўлиб ўтган тарихий учрашувда Ўзбекистон касаба уюшмаларининг корхона ва ташкилотларда меҳнатга оид ҳуқуқларни ҳимоя қилишдаги жонбозлигини алоҳида эътироф этиш билан бирга бир қатор салмоқли таклиф ва вазифаларни ҳам илгари сурдилар. Давлатимиз раҳбари қайд этганларидек, мамлакатимизда касаба уюшмаларининг эркин ва мустақил фаолият юритиши учун барча шароитлар яратилган. Бундан самарали фойдаланган ҳолда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда юртимиздаги энг йирик жамоат ташкилоти бўлган касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этмоқдалар.
Тантанали тадбирда охирги 10 йилда Янги Ўзбекистоннинг Янги касаба уюшмалари шаклланgani, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуслари билан амалга оширилган улкан ислоҳотлар мамлакат ва халқимиз ҳаётида кескин бурилиш ясагани, бугун ҳар биримиз бу халқчил сиёсат натижаларини ўз ҳаётимизда, кундалик турмушимизда кўриб турганимиз, Янги Ўзбекистоннинг Янги касаба уюшмалари ҳам ходимлар манфаатларини ҳамиша ҳимоя қилишга, уларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлиги алоҳида таъкидланди.
Тадбирда қайд этилганидек, дунёда қадри ва қудрати тобора юксалиб бораётган Янги Ўзбекистонда «Инсон қадри учун» ғоясини умуммиллий ҳаракатга айлантириш, меҳнат жамоаларида ишчи-хизматчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдек ғоят шарафли ишга касаба уюшмалари ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги ижтимоий шериклик янги босқичга кўтарилиб, мамлакатимиз касаба уюшмалари фаолияти тобора ривожланиб бормоқда. Янги Ўзбекистоннинг Янги касаба уюшмалари юртимиздаги ислоҳотлар, янгиланиш ва ўзгаришлардаги фаолликларини янада ошириб, турли соҳа ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида тизимли ишларни амалга ошириб келмоқдалар.
Жумладан, бугун халқ ташкилотига айланган касаба уюшмалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Иш берувчилар Конфедерацияси ўртасида имзоланган Бош жамоа келишуви, амалдаги тармоқ келишувлари ҳамда жамоа шартномалари орқали меҳнаткашлар ва улар оила аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоялаш, иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори стандартларига иш берувчилар томонидан риоя этилиши бўйича жамоатчилик назоратини олиб бориш каби ишларни амалга ошириб келмоқда. Касаба уюшмалари инспекторлари томонидан корхона ва ташкилотларда жамоатчилик назорати амалга оширилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилмоқда.
Нодавлат секторидаги ходимларнинг ҳам жамоа шартномаларидаги имтиёз ва кафолатлардан фойдаланишларини таъминлаш мақсадида уларни касаба уюшмаларига жалб этиш борасида амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида касаба уюшма аъзолари сони 8 миллион нафардан ортди. Давлат дастурларини амалга оширишда касаба уюшмаларининг фаол иштирокини таъминлаш, аҳоли турли қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги ишларни янада кучайтириш чоралари кўрилди.
Касаба уюшмаларининг ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш йўналишидаги ишлари ҳам сифат ва миқдор жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Хусусан, ўтган 10 йил ичида санаторийлар сони 16 тадан 32 тага, улардаги ўринлар сони 4 минг 200 тадан 8 мингтага кўпайди. 10 дан ортиқ санаторий реконструкция қилинди. Натижада йилига қўшимча равишда 60 мингдан ортиқ аҳолини соғломлаштириш имкони яратилди.
Муҳтарам Президентимизнинг касаба уюшмалари фаоллари билан тарихий учрашуви бўлиб ўтгани, учрашувда Юртбошимиз томонидан халқнинг турмуш даражасини ва ҳуқуқий ҳимоясини яхшилаш ҳамда соҳани янада халқчил қилиш йўлида билдирилган ташаббуслар касаба уюшмаларига, меҳнат аҳлига бўлган доимий эътибор сифатида қайд этилди. Шунингдек, касаба уюшмалари ҳамиша меҳнаткашлар ҳимоячиси сифатида ҳаётимизда ижтимоий адолат янада мустаҳкам қарор топишига ўз ҳиссасини қўшишда давом этиши таъкидланди.
Тантанали байрам тадбирида 20 га яқин хорижий давлатлардан ташриф буюрган меҳмонлар, шу жумладан, Арманистон, Беларусь, Болгария, Босния ва Герцеговина, Грузия, Молдова, Озарбайжон, Россия, Сербия, Тожикистон, Туркия, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Шимолий Кипр Турк Республикаси, Шимолий Македония, Эрон Ислом Республикасидан ташриф буюрган касаба уюшма мутасаддилари ҳам иштирок этдилар. Байрамона концерт дастури «Уруш ва тинчлик» мавзусига бағишланди. Саҳна чиқишларида дунёнинг қатор бурчаклари нотинчлик ва уруш ўчоғига айланган бир пайтда, Янги Ўзбекистонда муҳтарам Президентимизнинг одилона ва оқилона сиёсати натижасида халқимиз тинч ва осойишта ҳаёт кечираётгани, иқтисодиётнинг барча тармоқларида кўплаб ютуқлар қўлга киритилаётгани, одамларнинг турмуш фаровонлиги ошиб, ҳаётдан розилиги таъминланаётгани ҳаётий мисоллар ёрдамида очиб берилди. Шунингдек, йиғилганлар эътиборига Янги Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудига мос бўлган санъат асарларидан иборат чиқишлар намойиш этилди.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари
![[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]](https://kasaba.uz/wp-content/uploads/2024/04/cropped-ohirgi-logo_kasaba_v13-removebg-preview.png)



Ўзбекча
Русский