Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

7 апрель — Бутунжаҳон саломатлик куни

13.04.2023. Саломатлик инсоннинг асосий бойлиги ҳисобланади. Замонавий ҳаёт ритмида ва доимий стрессли вазиятларда организмни соғломлаштиришга вақт ажратиш қийин. Соғлом турмуш тарзига эътиборни тортиш — Бутунжаҳон саломатлик куни деб аталган байрамнинг муҳим вазифасидир. 7 апрель — Бутунжаҳон саломатлик куни сифатида 1950 йилдан бери ҳар йили дунё ҳамжамияти томонидан кенг нишонланиб келинади.

Эътиборли жиҳати, юриш барча спорт турлари орасида энг осони ва қулайидир. Бунинг учун жуда кўп энергия сарфлашнинг ҳожати йўқ, ижобий таъсири эса жуда юқори. Юриш организмнинг умумий ҳолатига таъсир кўрсатади, мушакларни бақувват қилади, суяк тўқимасини мустаҳкамлайди, ҳаракатларни мувофиқлаштиришни ривожлантиради. Жисмоний фаолиятнинг бундай тури ҳаракатнинг энг хавфсиз тури ҳисобланиб, уни деярли ҳар бир киши — ўсмирдан тортиб, кекса одам ҳам бемалол бажаришга қодир.

Шу муносабат билан бугун эрта тонгдан shaxrimiz марказида жойлашган “Кўҳна ва боқий Бухоро мажмуасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг вилоят Кенгаши томонидан юриш марафони ташкил этилди. “7апрел – Бутунжаҳон саломатлик куни”га бағишлаб ташкил этилган марафонда корхона ва ташкилотларда фаолият юритаётган 3000 нафардан ортиқ ходимлар иштирок этди. Мақсад корхона ва ташкилотларда фаолият юритаётган ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ва шу билан бирга спорт ва жисмоний тарбияни кундалик иш жараёни бир бўлагини ташкил қилиши зарурлиги бўйича кўникмаларни шакллантиришдан иборат. Бу ўз саломатлиги, соғлом танаси ва мустаҳкам иродаси ҳақида қайғурадиган ҳар бир киши учун муҳим тадбир ҳисобланади.

Иштирокчилар Кўҳна ва боқий Бухоро мажмуасининг сўлим боғида 3 километрлик масофани босиб ўтдилар. Боғнинг хушманзара табиати, мусаффо ҳавоси уларга кўтаринки кайфият бағишлади. Тадбир сўнгида жорий йилнинг 30 апрель куни мамлакатимизда бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий жараён Ўзбекистон Республикаси Референдуми юзасидан тарғибот тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда кенгаш раиси М.Олимов ва Қонунчилик палатаси депутати Шерзод Раҳмонов сўзга чиқдилар. Халқимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий воқеага барчани фаол иштирок этишга чақирди.

Достонбек Жўраев
Бухоро вилоят кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси