9 май – Хотира ва қадрлаш куни
07.05.2016. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Республикамизнинг барча ҳудудларида 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали байрам тадбирлари ўтказилмоқда. Акция доирасидаги тадбирларда уруш ва меҳнат фахрийлари, бой ҳаётий тажрибага эга кекса авлод вакилларига эъзоз кўрсатилди.
Шунингдек, байрам арафасида касаба уюшмалари тизимидаги 17 санаторийда кўп йиллар меҳнат қилиб, бугунги кунда кексалик гаштини сураётган меҳнат фахрийларининг бепул ҳордиғи ташкил этилди. Хусусан, Республикамизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган 150 нафар меҳнат фахрийсига жаҳон стандартлари даражасида капитал реконструкция қилинган ва ободонлаштирилган “Турон”, “Оқ тош”, “Чортоқ”, “Чинобод”, “Ботаника”, “Бўстон”, “Зомин”, “Косонсой”, “Чимён”, “Ҳавотоғ гулшани”, “Термиз марвариди” каби санаторийларга бепул йўлланмалар топширилди. Уларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариб, саломатликларини мустаҳкамлашлари учун барча шарт-шароитлар яратилиб, ҳар бирларига алоҳида тиббиёт ҳамширалари бириктирилди. Мазкур сиҳатгоҳларда янгидан барпо этилган маъданли сув галереяси, амфитеатр, фито мажмуа, даволаш мажмуи ва физиотерапия бўлимларида қўли енгил малакали шифокорлар отахону онахонларга беминнат хизмат кўрсатмоқдалар.
Ммеҳнат фахрийларидан бир гуруҳи пойтахтимизда жойлашган “Турон” санаторийсида кутиб олинди. Сўлим ва баҳаво, яшилликка бурканган ушбу масканда отахон ва онахонларнинг мазмунли дам олиб, саломатликларини мустаҳкамлашлари учун барча шарт-шароитлар, даволаш ва ётоқ бўлимларида қўшимча қулайликлар яратиб берилди. Махсус ташкил этилган “Уруш ва меҳнат фахрийлари бўлими”да тиббиёт ходимларининг алоҳида навбатчилиги ташкил этилиб, фахрийларнинг ҳар бирига алоҳида тиббиёт ҳамширалари бириктирилди. Тўлиқ ташхисдан ўтказилган отахон ва онахонларнинг саломатлиги ҳолатидан келиб чиққан ҳолда махсус тавсиялар асосида меъёрлаштирилган муолажалар амалга оширилмоқда. Таомномалар эса уларнинг буюртмаси асосида тузилиб, дармондориларга бой рацион асосида тайёрлаб берилмоқда.
Шунингдек, акция доирасида касаба уюшма ташкилотлари томонидан ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, дори-дармонлар билан таъминлаш, коммунал хизматлар ҳаражатларини қоплаш, уй-жойларини таъмирлаш, соғломлаштириш, парвариш кўрсатиш каби тадбирлар ташкил этилди.
Бу каби тадбирлар республикамизнинг барча ҳудудларида, хусусан, Саховат ва Мурувват уйларида ҳам ташкил этилиб, кексалар, жисмоний имконияти чекланган ҳамда ёлғиз инсонлар моддий ва маънавий қўллаб-қувватланди. Корхона, ташкилот ва муассасалар бошланғич касаба уюшма қўмиталари томонидан эса ҳозирда нафақада бўлган уруш қатнашчилари ва меҳнат фахрийлари, 400 нафарга яқин кекса авлод вакиллари, жангчи-фахрийлар (байналмилалчилар) учун театр, концертларга ташрифлар ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Шунингдек, улар моддий ва маънавий рағбатлантирилди.
“Касаба уюшмалари – фахрийларга” акцияси давом этмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати