[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

19.02.2019. Бугун Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба   уюшмалари   Федерацияси   Кенгаши ҳамда Савдо-саноат  палатаси  ўртасида  ижтимоий-иқтисодий  масалаларга оид 2017-2019 йиллар учун тузилган Бош келишувнинг бажарилиши бўйича учтомонлама комиссия йиғилиши бўлиб ўтди. Уна Бош келишувнинг 2018 йилда бажарилиши якунлари муҳокама этилиб, 2019 йил учун унинг асосий параметрларини бажаришга оид вазифалар белгилаб олинди.

Йиғилишда аввало, бугун мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан инсон манфаатлари йўлида барча соҳаларда бирдек олиб борилаётган катта кўламдаги ислоҳотлар ва уларнинг ижобий натижалари халқимиз турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

Тадбирда қайд этилганидек, республикамизда иқтисодиётни, миллий ишлаб чиқаришни ва тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, инвестициявий муҳитни янада яхшилаш, эркин рақобат муҳитини шакллантириш, барча соҳаларда давлат аралашувини камайтириш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда. Ўтган 2018 йилда Ўзбекистон Республикасида Ялпи ички маҳсулот ҳажми жорий нархларда 407, 5 трлн. сўмни ташкил этди ва  2017  йил билан таққослаганда 5,1 фоизга ўсди. Аҳоли жон бошига ҳисобланган Ялпи ички маҳсулот 12,4 млн. сўмни ташкил этгани ҳолда бу  кўрсаткич 2017  йилнинг мос даврига нисбатан 3,3 фоизга юқоридир. Иқтисодиётнинг барча тармоқларида яратилган ялпи қўшилган қиймат ҳажми Ялпи ички маҳсулот умумий ҳажмининг 88,8 фоизини ташкил этди ва  5,1 фоизга ўсди.

Ялпи ички маҳсулот ўсиш суръатига саноат тармоғи энг катта таъсир кўрсатди ва ўтган йилга нисбатан 10,6 фоизга ўсди. (2017 йилда энг катта ўсиш хизмат кўрсатиш соҳасида кузатилган эди). Тадбиркорликни янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар кўрилиши натижасида тадбиркорлик субъектлари молиявий-хўжалик фаолиятини режали текшириш бекор қилинди, 138 та лицензия ва рухсат бериш билан боғлиқ талаблар соддалаштирилди ҳамда уларнинг 42 таси бутунлай тугатилди.

Шунингдек, тадбиркорлик фаолияти учун ер майдонларини электрон аукцион орқали ажратиш тартиби жорий этилди. Инвестор ва тадбиркорларга етказилган мулкий зарарни тўлиқ қоплаб бериш тартиби кафолатланди.

Учтомонлама комиссия йиғилишида таъкидланганидек, Бош келишув ижроси доирасида ижтимоий шериклар билан ҳамкорликда меъёр ижодкорлиги ва ходимларнинг ҳуқуқий ҳимоясига доир тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, Ҳалқаро меҳнат ташкилотининг «Халқаро меҳнат нормаларини татбиқ қилишга кўмаклашиш учун уч томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисида»ги 144-сонли, “Саноат ва савдода меҳнат инспекцияси тўғрисида”ги 81-сонли, “Қишлоқ хўжалигида меҳнат инспекцияси тўғрисида”ги 129-сонли конвенцияларини,  “Мажбурий меҳнат тўғрисида”ги 29-сонли Конвенцияга 2014 йилги қўшимча протоколни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунлар лойиҳалари ишлаб чиқилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига ўзгартириш киритилиб, фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида ходимни ишга қабул қилишда пропискани тасдиқловчи ҳужжатни талаб қилиш бекор қилинди. Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”, “Медиация тўғрисида”, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунлари қабул қилинди, бир қатор тармоқлар ходимларининг  касб байрамлари ўрнатилди. “Давлат хизмати тўғрисида”, “Миграция тўғрисида”, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”, “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонунлар, табиий-иқлим шароити оғир ва ноқулай жойларда меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича туман коэффицентларини, шунингдек, йиллик қўшимча таътилнинг энг кам муддатини белгилаш бўйича қарор лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Савдо-саноат палатаси томонидан ишбилармонлик муҳитига таъсир қилиши нуқтаи назаридан жами 759 та қонун ҳужжатлари ва бошқа меъёрий ҳужжатлар лойиҳалари кўриб чиқилди. Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ижтимоий-меҳнат соҳасига доир 300 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари кўриб чиқилиб, таклифлар берилди.

Республика вазирликлари, идоралари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг малака ошириш институтлари, марказлари ўқув дастурларига халқаро ва миллий меҳнат стандартлари бўйича таълим курслари киритилиб, мазкур курсларга 6900 нафардан ортиқ тингловчи қамраб олинди.

2018 йил мобайнида касаба уюшмаларига жисмоний ва юридик шахслардан жами 8 минг 551 та, шундан 4 минг 680 та ёзма, 1 минг 286 та оғзаки ва 1 минг 58 та интернет тармоғи орқали электрон шаклдаги мурожаатлар келиб тушган бўлса, “Ишонч телефонлари” орқали 1 минг 527 та мурожаат қабул қилинди. Мурожаатларнинг мазмунига кўра 6 минг 856 таси ариза, 1 минг 664 таси шикоят ва  31 таси таклифларни ташкил этади.

Меҳнат ҳуқуқлари бузилганлиги аниқланган ҳолатлар юзасидан иш берувчиларга киритилган 228 та тақдимноманинг 137 таси қаноатлантирилди. Барча мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра жами 2 минг 33 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланиб, ходимлар фойдасига 1 млрд. 77 млн. сўмга яқин зарар ундирилишига эришилди.

Йил давомида тадбиркорлик субъектлари ҳамда бошқа жисмоний ва  юридик шахслар томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ жами 34 минг 217 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг барчасига Савдо-саноат палатаси томонидан ваколат доирасида тегишли чоралар кўрилди. Республика ва ҳудудий миқёсда ташкил этилган 15 та Ҳакамлик судлари фаолият кўрсатди.

Ҳисобот даврида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида тарихий ҳужжатлар қабул қилиниб, амалий ишлар олиб борилгани йиғилиш иштирокчилари томонидан алоҳида таъкидланди. Хусусан, 2018 йил 10 май куни Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 349-сонли Қарори қабул қилинди. 2018 йилги пахта йиғим-терими ишларида болалар меҳнати мавжуд эмаслигини, мажбурий меҳнатни тугатиш борасида катта ютуқларга эришилганини халқаро ташкилотлар ҳам тан олишди.

Меҳнатга ҳақ тўлаш, аҳолининг реал даромадлари ва турмуш даражасини ошириш борасида ҳам муайян натижаларга эришилди.

Алоҳида таъкидлаш зарурки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари билан барча фуқароларнинг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдори икки марта оширилди. Шунингдек, давлат тиббиёт муассасалари ва фармацевтика, мактабгача таълим муассасалари, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, давлат маданият муассасалари ва давлат архивлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимлари жорий этилди.

2018 йил январь-декабрь oйларида Ўзбекистoн Республикасида ўртача oйлик нoминал ҳисoбланган иш ҳақи 1822,2 минг сўмни ташкил этди. Шу даврнинг ўзида аҳoли умумий дарoмадлари 286,3 трлн. сўмни, бир кишига ўртача ҳисoблаганда 8,7 млн. сўмни ташкил этди. Аҳoли умумий дарoмадларининг реал ўсиш суръатлари 2017 йилнинг мoс даврига нисбатан 110,3 фoизни ташкил этди.

Аҳoли умумий дарoмадлари ҳажмининг сезиларли даражада ўсиши асoсан умумий дарoмадлар таркибида 71,1 фoиз улушга эга бўлган меҳнат фаoлиятидан oлинган дарoмадлар (ёлланма ходимларнинг дарoмадлари ва  мустақил равишда банд бўлишдан oлинган дарoмадлар) ва 23,5 фoизни ташкил этувчи трансфертлардан oлинган дарoмадларнинг сезиларли ўзгариши ҳисoбига юзага келган. 2018 йилнинг январь-декабрь oйларида ёлланма ходимларнинг дарoмадлари 23,6 фoизга oшди ва аҳoли умумий дарoмадларидаги улуши 26,4  фoизни ташкил этди.

Истеъмол секторида инфляция даражаси 17,5 фоизни ташкил этгани ҳолда ўртача иш ҳақи шу даврда 25,0 фоизга ўсган, аҳоли умумий дарoмадларининг реал ўсиши 6,4 фоизни ташкил этган.

Ҳисобот даврида иш ҳақидан муддати ўтган қарздорликни ундириш мақсадида касаба уюшмалари томонидан иш берувчиларга, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, тижорат банкларига, прокуратура ва суд органларига 56 марта мурожаат қилиниб, 11 млрд. сўмдан ортиқ ўз вақтида тўланмаган иш ҳақи ундириб берилди.

Энг кам меҳнат ҳақи Меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича Ягона тариф сеткасининг 1-разряди ставкасидан кам бўлмаслиги лозимлигини ҳисобга олган ҳолда иш берувчиларнинг ушбу қоидага риоя этиши устидан давлат ва жамоатчилик назорати ўрнатилди. Жумладан, касаба уюшмалари томонидан энг кам меҳнат ҳақи стандартларига жавоб бермайдиган иш ўринлари рўйхатини шакллантириш амалиёти йўлга қўйилиб, жами 2 минг 28 та ташкилотда мониторинг ўтқазилди, улардан 178 тасида энг кам меҳнат ҳақи миқдори қонун ҳужжатларида кўрсатилганидан кам эканлиги аниқланиб, ушбу қонун бузилишини бартараф этиш чоралари кўрилди.

Меҳнат бозорини ривожлантириш, аҳоли бандлигига кўмаклашиш масалаларида асосий эътибор барқарор иш ҳақи ва меҳнат хавфсизлигини таъминловчи, айниқса, қишлоқ жойларидаги иш ўринларини ташкил этишга, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчилари ва аҳолининг бошқа ижтимоий заиф қатламларини ишга жойлаштирилишига қаратилди.

2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари ва  Қарорлари билан аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва  самарадорлигини ошириш, аҳолининг ижтимоий заиф қатлами бандлигини таъминлашни рағбатлантириш, ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш, умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш, давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тасдиқланди.

Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан “Аҳоли бандлигига  кўмаклашиш”, “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз”,  “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва  оила институтини мустаҳкамлаш” дастурлари қабул қилинди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қошида ягона Давлат меҳнат инспекцияси таъсис этилиб, унга меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш қонунчилиги ижросини назорат қилиш бўйича кенг ваколатлар берилди.

Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида 2018 йил 31 май куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2018-2020 йилларда Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенцияларини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 407-сонли Қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 февралдаги ПҚ-3506-сон Қарорига мувофиқ 2018 йилда жами 372 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.

Аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож тоифалари бандлигини таминлаш учун касаба уюшмалари ва маҳаллий ҳокимликлар ҳамкорлигида банд қилинган (квота) иш ўринларига 73,9 минг нафар фуқаро ишга жойлаштирилди. Касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш Дастурига мувофиқ Республика кесимида жами 25 минг 850 нафар ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини ўқитиш назарда тутилган бўлиб, йил якуни бўйича 20 минг 543 нафар ишсиз фуқаро бир қатор талаби юқори касбларга ўқитилди.

Ҳисобот даврида касаба уюшмалари фаоллари томонидан қарийб 154 мингта, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги 11,4 мингга яқин янги иш ўринлари ҳақиқатда яратилганлиги ўрганиб чиқилди.

Меҳнат хавфсизлиги ва муҳофазаси ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири эканлигини инобатга олган томонлар эътиборни ишлаб чиқаришдаги жароҳатланиш ва касб касалликларининг олдини олишга, шунингдек, уларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этишга қаратдилар. Меҳнат шароитлари ва муҳофазаси ҳолатларини ўрганиш борасида касаба уюшмаларининг давлат ва назорат органлари билан ҳамкорликдаги текшируви амалиётга татбиқ этилди.

Шунингдек, меҳнат шароитлари ва муҳофазаси, саноат ва экологик хавфсизлик ҳолати юзасидан давлат назорат органлари билан ҳамкорликда ўрганишлар ташкил этилиб, аниқланган камчиликлар юзасидан иш берувчиларга 759 та тақдимномалар киритилган. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 2018 йилда меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш юзасидан республика кўрик-танлови ўтказилиб, ғолиблар тақдирланди.

Кам таъминланган оилалар, ёш болали оилалар, пенсионерлар, уруш ва меҳнат фахрийларига жамоа шартномалари ва келишувлари орқали ижтимоий қўллаб-қувватлов чоралари кўрилди. Жумладан, 21 минг нафарга яқин пенсия ёшидаги шахсга пенсияга чиқишдан олдин бир йўла моддий ёрдам кўрсатилиб, қимматбаҳо совғалар топширилди,  20 минг нафардан кўп ходим юбилей саналари муносабати билан тақдирланди, 73 минг нафардан ортиқ ишламайдиган пенсионерларга моддий ёрдам кўрсатилди.

Ишловчи пенсионерлар ҳамда касаба уюшмалари аъзоларининг пенсиядаги ота-оналаридан жами 7 минг 927 нафари тизимдаги санаторийларда имтиёзли равишда, шундан ишлайдиган кексаларнинг 333 нафари бепул соғломлаштирилди.

Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан 36 минг нафардан ортиқ ёлғиз кексалар, фахрийлар ва эҳтиёжманд оилаларга турли кўринишдаги ижтимоий ёрдамлар кўрсатилди. «Саховат», «Мурувват» ва «Меҳрибонлик» уйларида яшовчилар ҳолидан хабар олиниб, уларга 55,2 млн. сўмлик ҳомийлик ёрдамлари берилди.

Республикадаги 5 минг нафардан зиёд уруш қатнашчилари ва меҳнат фахрийларига 469,1 млн. сўмлик, 995 нафар жангчи-фахрийларга 84,7 млн. сўмлик байрам совғалари топширилди, 152 нафар ёлғиз кекса ва ногироннинг 14,9 млн. сўмлик коммунал хизматлар учун тўловлари қисман қоплаб берилди.

Касаба уюшмалари томонидан иш берувчилар билан ҳамкорликда меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари учун маънавий-маърифий, маданий ва спорт тадбирлари ўтказилди, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун ҳар йили маданий дам олиш ҳамда туристик ва соғломлаштиришни ташкиллаштириш чоралари кўрилди.

Кам таъминланган ва кўп болали оила аъзолари, байналминалчи жангчи-фахрийлар, Чернобилдаги АЭС ҳалокатини бартараф этишда қатнашганлар, меҳнат фаҳрийлари ва ногиронлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси олдида хизмат кўрсатган шахсларга Санатор-курортларда даволаниш учун 1 минг 399 та бепул йўлланма тақдим этилди.

328 минг 275 нафар бола ёзги соғломлаштириш оромгоҳларида соғломлаштирилди, улардан 3 минг 691 нафари “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари, 4 минг 640 нафари эса республикамизнинг экологик носоғлом ҳудудларидаги болалардир.

Бош келишув асосида аёллар ва ёшларга жамоа шартномалари орқали қўшимча ижтимоий кафолатлар бериш амалиёти давом эттирилди.

Жумладан, ҳисобот даври мобайнида жамоа шартномалари орқали кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг қарийб 76 минг нафар фарзанди учун ўқув қуроллари харид қилинди, нодавлат мулки шаклидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган 6,6 минг нафар болали аёлларнинг ойлик маоши сақланган ҳолда иш вақти 35 соатгача қисқартирилди, 56 минг нафардан ортиқ кам таъминланган ёш оилалар вакилларига моддий ёрдам кўрсатилди, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 2,8 минг нафар иқтидорли, кам таъминланган ва чин етим талабаларга ўқув шартнома пуллари қисман тўлаб берилди. Шунингдек, 2,4 мингта ёш оилага уй-жой қуриш ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни харид қилиш учун фоизсиз cсудалар ажратилди. 2,5 минг  нафар ёш ходимга сафарбарлик заҳирасидаги ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати билан фоизсиз cсудалар берилди. Икки ёшдан уч ёшгача бола парвариши учун таътилда бўлган 10,7 минг  нафар ёш онага 3,8 млрд. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.

Бош келишув доирасида меҳнат соҳасида ижтимоий мулоқот ва  ижтимоий шерикликни ривожлантириш чоралари кўрилди.

Жумладан, Бош келишув асосида 105 та тармоқ, 14 та ҳудудий (минтақавий) келишувлар, корхона, ташкилот ва муассасаларда 171 мингдан зиёд жамоа шартномалари қабул қилинди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан барча шаҳар ва туманларда, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида “Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар” мавзусида жамоатчилик эшитувлари шаклидаги давра суҳбатлари уюштирилди ва уларда кўтарилган муаммоларнинг асосий қисми жойида ҳал этилди. Қолганлари эса вазирликлар, идоралар ва ННТлар вакиллари иштирокида ўтказилган республика давра суҳбатида кўриб чиқилди.

Бош келишувни амалиётга татбиқ этиш жараёнида қатор масалалар ва ечимини топмаган муаммолар ҳам аниқланди. Хусусан, Ҳукумат, иш берувчилар ташкилотлари ва касаба уюшмалари ўртасида энг кам иш ҳақи миқдорини белгилаш бўйича уч томонлама маслаҳатлашувлар ўтказиш чоралари кўрилмади.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Ялпи ички маҳсулот таркибида ёлланма ходимларнинг даромадлари улуши Бош келишувда белгиланган 30  фоиздан кам даражада қайд этилди.

Кам иш ҳақи олувчилар сони ҳам юқорилигича қолмоқда: Молия вазирлигининг маълумотларига кўра 2018 йилда республикада ходимларнинг 800 минг нафарга яқини 502 минг сўмлик, яна 370 минг нафари эса – 500  минг сўмдан 600   минг сўмгача бўлган иш ҳақи эвазига меҳнат қилишган.

“Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастуридан ўрин олган давлат хизматчиларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва ижтимоий таъминоти тизимини такомиллаштириш,  аҳолининг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур бўлган даромадларни аниқлаш бўйича “истеъмол саватчаси”га оид муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш бўйича топшириқлар ижроси ниҳоясига етказилмади.

Аҳолини иш билан таъминлаш масалаларида ҳам қатор муаммолар мавжудлиги оқибатида республика бўйича ишсизлик даражаси 9,3  фоиз даражасида қайд этилди.

Ходимларнинг иш ҳақларидан ноқонуний ушлаб қолишлар ҳам бартараф этилмади. Адлия вазирлигининг тезкор ўрганиши натижаларига кўра ўрганиб чиқилган 729 та ижтимоий соҳа муассасаларида 345 минг марта ходимлар иш ҳақларидан ноқонуний ушлаб қолишлар бўлгани аниқланди. Шундан 69 фоиз ҳолатларда ушлаб қолишлар ходимларнинг розилигисиз амалга оширилган. Мазкур холатларнинг аксарияти Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларига тўғри келади. Ўрганиш якунларига 277  нафар мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилган.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, фуқароларнинг 7  млн. нафардан зиёди норасмий секторда банд,  натижада республикада қонуний равишда солиқ тўловчи жисмоний шахслар сони атиги 4,6 млн. нафарни ташкил этади.

Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги соҳасида ҳам қатор камчиликлар мавжуд.

Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ходисалар оқибатида 280 нафар жабрланганларнинг 71 таси халок бўлган, 179 таси оғир, 30 таси енгил жароҳатланган бўлиб, 16 та гуруҳий ходисада 36 таси жароҳатланган. Ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодисаларни қўшган ҳолда бахтсиз ҳодисаларнинг моддий оқибатлари 2,9 млрд. сўмни ташкил қилган.

Давлат бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотларда ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва меҳнат муҳофазаси тадбирларини молиялаштириш масалалари тўлиқ ечимини топганича йўқ.

Учтомонлама комиссия йиғилишида муҳокама этилган масала бўйича қарор лойиҳаси маъқулланди ва тасдиқлаш учун ижтимоий шериклар раҳбариятига тақдим этилди.

Маҳмуджон Исаев

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши аппаратининг меҳнаткашлар ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири