[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

20.03.2019. Бугун жамиятимизда ишловчи аёлларга қандай шарт-шароитлар яратилмоқда, уларнинг муаммолари нималардан иборат?
Албатта, ишловчи аёллар манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи касаба уюшмаларининг доимий диққат марказида, бу борада бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга олдимизда ечимини кутаётган вазифалар ҳам турибди.

Хоразм вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси хотин-қизлар билан ишлаш комиссияси раиси Муяссар Раҳимованинг таъкидлашича, хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилишда жамоа шартномалари муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 2018 йилда нодав­лат мулк шаклидаги 237 та корхона ва ташкилотда меҳнат қилаётган 376 нафар болали аёлларга ойлик мао­­ши сақланган ҳолда иш вақтини ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланиши жорий этилди. 303 та корхонада ишлаётган 2 ёшдан 3 ёшгача бола парвариши учун таътилда бўлган 525 нафар ёш онага 103 миллион 553 минг сўмлик моддий ёрдам берилди. Эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандлари учун ўқув қуроллари, дарсликлар харид қилиш харажатларни қоплаш учун 938 та корхонада 2641 та оилага 139 миллион 710 минг сўм сарфланди. Кам таъминланган 2305 нафар ёш оилалар вакилларига 379 миллион 422 минг сўм моддий ёрдам берилди. Олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 86 нафар талабаларнинг контракт пуллари бир қисмини қоплашга корхоналар ҳисобидан 126 миллион 473 минг сўм сарфланди. Уй-жой қуриш ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни харид қилиш учун 75 нафар оилага 281 миллион 450 минг сўмлик фоизсиз ссудалар, сафарбарлик захирасидаги ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати билан 31 та корхона ва ташкилотда 38 нафар ходимга 79 млн. 900 минг сўмлик фоизсиз ссудалар берилди. Қолаверса, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарларга ҳамда ҳудуддаги диққатга сазовор қадамжоларга 20522 нафар касаба уюшма аъзолари ва улар оилаларининг саёҳатлари уюштирилди.
– Бироқ ҳамма ишловчи аёллар ҳам ушбу имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга эмас. Айрим корхона ва ташкилотларда жамоа шартномалари бандлари ижроси тўлиқ таъминланмаётганини ҳам кўриш мумкин, – дей­ди Муяссар Раҳимова. – Хўш, зарарли ишларда ишловчи аёлларнинг иш ўрни шаҳодатланганми? Тунги ишларга жалб қилинган аёлларга тегишли тартибда ҳақ тўланяптими? Афсуски, ҳамма жамоаларда ҳам эмас. Ободонлаштириш бошқармасида, қишлоқ хўжалигида ишлаётган аёллар ҳақида гапирмай турайлик. Биргина банк-молия тизимини олайлик. Тижорат банклари кассаларида асосан аёллар меҳнат қилади. Зарарли ишда ишловчи бу аёллар саломатлиги тўғрисида ғамхўрлик кўрсатиляптими? Улар ўз вақтида тиббий кўрикларга жалб этил­яптими? Кассалар ҳавонинг тозалигини сақловчи ускуналар билан жиҳозланганми? Ишловчи аёллар ҳимоя воситалари билан таъминланганми? Бу саволларнинг жавоби, афсуски, йўқ.
– Ҳамма корхона ва ташкилотлар, хусусан, хусусий тадбиркорлик субъектлари касаба уюшмасига жалб қилинмаганлиги туфайли айрим ишловчи аёллар меҳнатини муҳофаза қилиш, ижтимоий ҳимоясини таъминлашда муаммолар юзага келмоқда, – дейди Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Гулсара Қурбонбоева. – Ҳали ўз уйида ҳунармандчилик, томорқа, паррандачилик ва фаолиятнинг бошқа турлари билан шуғулланаётган аёлларнинг ҳаммасига ҳам меҳнат дафтарчалари очилмаган. Бунинг оқибатида аёлларимизнинг ижтимоий ҳимояси таъминланмаган, улар пенсия ёшига етганда тегишли тартибда пенсия олиш имконидан маҳрум бўлиб қолмоқда. Бугун хотин-қизлар қўмитаси ва касаба уюшмаси тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда касаба уюшмасига жалб қилинмаган аёлларни инвентаризациядан ўтказиш, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган йўл харитаси ишлаб чиқиш ва таъсирчан чоралар кўриши зарур, деб ҳисоблайман.
Шу билан бирга, ишловчи аёллар ўртасида белгиланган тартибда ходимлар гимнастикаси йўлга қўйилмаяпти. Тадбиркор аёллар меҳнат қонунчилигидан яхши хабардор бўлмаганлиги туфайли фаолиятларида муаммоларга дуч келишмоқда. Хўш, бу борада мақбул ечим борми?
– Жиноятга қўл урган, ўз жонига қасд ва суқасд қилган, нотинч турмуш кечираётган аёлларимиз орасида турли жамоа­ларда фаолият кўрсатаётган опа-сингилларимиз бор, – дейди Гулсара Қурбонбоева. – Касаба уюшмалари билан ҳамкорликда улар учун маънавий-маърифий тадбирлар уюштириб борсак, маънавият соатларида миллий анъана ва қадриятларимиз, меҳр-оқибат хусусида суҳбатлар уюштирсак, қолаверса, индивидуал мулоқотлар ўтказиб, муаммоларини ўргансак ва уларни ҳал қилишга кўмаклашсак, кўплаб салбий ҳолатларнинг олдини олган бўламиз.
Афсуски, ҳамма салоҳиятли аёллар ҳам оилавий, маиший, ижтимоий муаммолари туфайли ўз иқтидорини тўлиқ намоён қилиш имконига эга эмас. Шу боис, хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш мақсадида ишловчи аёлларга яратилган маиший шароитларни янада ошириш мақсадга мувофиқ. Бу борада эса ҳали ечимини кутаётган муаммоларимиз кўп. Демак, изланишимиз, ҳамкорликни кучайтиришимиз керак.

Муҳаббат Тўрабоева