09.08.2013. “Тошкент иссиқлик электр станцияси”да 1450 нафар ходим меҳнат қилмоқда. Улардан 395 нафари аёллар, 427 нафари 30 ёшгача бўлган йигит-қизлардир. Барча ходимларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатлари маъмурият ҳамда касаба уюшма қўмитаси ўртасида имзоланган жамоа шартномаси орқали мустаҳкамланган.
Бошланғич касаба уюшма қўмитаси фаолиятида меҳнат муҳофазаси масаласига алоҳида эътибор қаратилади. Чунки, ходимларнинг қулай ва хавфсиз шароитида меҳнат қилиши ҳар томонлама ютуқ ва муваффақиятларнинг асосий омилларидан биридир. Мазкур йўналишдаги ишларнинг намунали йўлга қўйилишида касаба уюшмаси ташаббуси билан ишга янги жойлашган ҳар бир ходим, ёш мутахасссислар ва амалиёт ўташ учун келган колеж талабалари учун ташкил этилаётган семинарларнинг аҳамияти катта бўлмоқда. Шунингдек, улар албатта меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқдан ўтказилиб, хавфсизлик техникаси, иш жойида хавф-хатарнинг олдини олиш бўйича йўриқномалар чуқур тушунтирилмоқда.
– Меҳнат муҳофазаси комиссияси аъзолари ҳар хафтада бир маротаба жадвал асосида иш жойлари, маиший бинолар, хусусан, кийиниш жойлари, ювиниш хоналари, ишчиларнинг махсус кийим-бошларини назоратдан ўтказадилар, – дейди корхона касаба уюшма қўмитаси раиси Мунира Қосимова. – Бизда ҳар ойнинг иккинчи сешанбаси хавфсизлик техникаси куни деб эълон қилинган. Шунингдек, ходимларнинг бу борадаги билимлари доимий комиссия томонидан текшириб борилади. Мазкур йўналишлардаги саъй-ҳаракатлар натижасида 2012-2013 йилларда касб билан боғлиқ ноҳуш холатлар қайд этилмади.
Корхона касаба уюшма қўмитаси жорий йилда Тошкент вилоятидаги бошланғич ташкилотлар ўртасида ўтказилган “Меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини ташкил этиш бўйича энг яхши корхона” кўрик-танловда 2-ўринни эгаллади.
– Корхонага ишга келганимга 29 йил бўлди, – дейди марказлашган таъмирлаш цехи устаси Абдуғаффор Абдураҳмонов. – Юртимиз Мустақилликка эришгач ишчи-ходимларга эътибор бениҳоят кучайди. Давлатимиз раҳбари томонидан меҳнатимиз қадрланиб, “Шуҳрат” медали билан тақдирландим. Бугунги кунда касаба уюшма ташкилотимиз ҳам бизнинг энг яқин кўмакчимизга айланган. Фаровон ҳаётимизга шукроналик боис шогирдларимга ҳам яратиб берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, эл-юртга хизмат қилган инсон кам бўлмаслигини сингдириб келмоқдаман.
Корхонада касаначилик асосида янги иш ўринларини яратиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, бугунги кунда бу ерда 10 нафар касаначи меҳнат қилмоқда. Улар асосан, махсус қўлқоп, техник салфеткалар, махсус кийим-бош, лаборант ва фаррошлар учун хлатлар тикадилар. Аҳамиятли томони шундаки, Жамоа шартномаси касаначиларнинг ҳам ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялайди.