02.04.2019. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 февралдаги “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги”ги ПҚ-3514-сонли Қарори ижросини таъминлашга кўмаклашиш, “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида ички туризмни янада ривожлантиришда касаба уюшмаларининг фаол иштирокини таъминлаш ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 19 март куни бўлиб ўтган “Ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича муҳим вазифалар” мавзусида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан Тошкент шаҳридаги диққатга сазовар жойларга саёҳат ташкил этилди.
Ушбу саёҳат мазмун-моҳиятига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан юртимизда амалга оширилаётган кенг ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари ва тарихий ёдгорликлар билан ёшларни яқиндан таништириш орқали уларни маданий-маърифий қўллаб-қувватлаган ҳолда улар маънавиятини юксалтириш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва энг муҳими улар қалбида ватанпарварлик туйғуларини уйғотишдан иборатдир. Ташкил этилган саёҳатда тармоқ тизимида фаолият юритаётган 50 га яқин ёш ишчи-ходимлар ва фаол талабалардан иборат саёҳатчилар “Тashkent city” мажмуи, Ислом цивилизацияси марказига ҳамда Ҳазрати Имом мажмуаларига олиб борилдилар.
Жумладан, кўз ўнгимизда кун сайин қад ростлаётган “Tashkent City” халқаро бизнес марказининг қурилиши Ўзбекистоннинг иқтисодий-ижтимоий ҳаётида янги бурилиш ясайди. Мутахассисларнинг берган маълумотларига кўра Тошкент шаҳрининг Алишер Навоий, Олмазор, Ислом Каримов ва Фурқат кўчалари оралиғидаги 80 гектарли ҳудудда барпо этилаётган ушбу замонавий комплекс лойиҳасига мувофиқ “Tashkent City”да бизнес марказлар, савдо мажмуалари, меҳмонхоналар, офислар, конгресс-хол, кўргазма заллари, кўп қаватли замонавий турар жойлар, ресторанлар, сунъий кўл, фавворалар, ижтимоий ва бошқа объектларни ўзида мужассам этадиган шаҳар ичра янги шаҳар бунёд топмоқда. Саёҳатчи ёшлар мутахассислар бошчилигида объектларда олиб борилаётган ишлар билан танишдилар. Йўл-йўлакай ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Шундан сўнг пойтахтимизда тобора бўй кўрсатаётган Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрдилар ва марказ қурилишида иштирок этаётган мутахассислар томонидан ташкиллаштирилган тақдимотда иштирок этиб, иншоотнинг умумий тузилиши ва бунёд этишдан мақсад ҳамда унинг мазмун-моҳияти ҳақида маълумотга эга бўлдилар.
Бизга маълумки, Ҳазрати Имом (Хастимом) мажмуасида бунёд этилаётган тарихий Ислом цивилизацияси маркази қурилишига 2017 йил 23 июнда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган бўлиб, 2017 йил 1 сентябрь куни давлатимиз раҳбари Ҳазрати Имом мажмуасида ташкил этилаётган Ислом маданияти маркази номини Ислом цивилизацияси маркази деб ўзгартиришни таклиф этди.
Қурилиш ишлари олиб борилаётган ҳудудга кирар эканмиз “Бу ерда тарих яратилмоқда” деган ёзувга кўзимиз тушади. Дарҳақиқат, иншоот бунёд бўляпти ва биз замондошлар ушбу воқеликни гувоҳи бўлиб турганимиздан бениҳоят фахрланамамиз.
Маълумотларга кўра қурилиш лойиҳаси тузилишига кўра ўз доирасида академия, кутубхона, архив ва қўлёзмалар фонди ташкил этилиб, уларни бугунги Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк мутафаккирлар ва уламолар томонидан асос солинган илмий ва диний мактабларга доир юртимизда ва чет элларда сақланаётган қадимий қўлёзма ва тошбосма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар, археологик топилмалар, осори-атиқалар, шу йўналишдаги замонавий илмий-тадқиқот ишлари, видео ва фото ҳужжатлар билан бойитиш, 300 ўринли конференция зали барпо этиш кўзда тутилган.
Ёшлар олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишар эканлар уларда ватанпарварлик туйғулари жўш урди. Буни уларнинг ҳар бирларининг гап-сўзлари ва кўзларидан англаш мумкин эди. Дарҳақиқат, бугун ҳар биримизнинг олий мақсадимиз ҳам Она ватаннинг порлоқ ва буюк келажаги йўлида ўз хиссамизни қўшишдан иборат.
Шавкат Тоиров
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси.