[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

19.04.2013. 2013 йилнинг 19 апрель куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши томонидан Матбуот конференцияси ўтказилди. “Жамоа шартномалари ва келишувлари ходимлар турмуш даражасини оширишнинг асосий омилларидан бири” мавзуида ўтказилган мазкур анжуманда мамлакатимизда инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишда муносиб ҳисса қўшиш мақсадида касаба уюшмалари томонидан олиб борилаётган ишлар, жамоа шартномалари орқали ижтимоий шериклик асосида ходимлар турмуш даражасини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар тўғрисида таҳлилий маълумот берилди.

Хусусан, Мустақиллик йилларида мамлакатимизда иқтисодиёти барқарор ривожланаётган очиқ демократик ҳуқуқий давлатни, инсон ва унинг манфаатлари амалда олий қадрият деб тан олинган фуқаролик жамиятини барпо этиш борасида кенг қамровли  ишлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди. Бу жараён жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилмоқда.

Ўзбекистонда “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” принципининг босқичма босқич амалга оширилиши натижасида фуқаролик жамиятининг турли институтлари тўхтовсиз шаклланиш билан бирга ривожланиб бориши учун қулай шароит яратилди. Мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларининг фаолият соҳасига тааллуқли икки юздан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинганлигининг ўзиёқ фикримиз далилидир.

Истиқлол йилларининг кейинги ўн йиллик даври аҳолининг кенг қатлами томонидан қўллаб-қувватланаётган фуқаролик жамияти институтлари учун барқарор ўсиш ва ривожланиш даври бўлди. Давлатимиз раҳбари томонидан инсон манфаатларини кўзлаган ҳолда амалга оширилаётган сиёсат, олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида йилдан йилга халқимиз турмуши даражаси ва сифати ортиб бормоқда.

Бунда давлат, нодавлат ва нотижорат ташкилотларининг ижтимоий шериклик асосидаги фаолияти ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чунки, ижтимоий шериклик жамиятнинг барқарорлиги, ривожланиши, унумли ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлаш имконини беради.

Ижтимоий-иқтисодий манфаатлар ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлар ҳимояси

Мамлакатимизда ижтимоий шерикликнинг турли шакллари ривожланиши ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик қилиши учун тегишли шарт-шароитлар яратилган. Жамоа шартномалари иш берувчилар ва ходимлар вакили бўлмиш касаба уюшма қўмиталари ўртасида имзоланган муҳим локал ҳужжат бўлиб, ижтимоий шериклик асосида амалга оширилади. Касаба уюшмалари фаолиятининг асосини ҳам айнан ижтимоий шериклик тамойиллари ташкил этади.

Бугун жамоа шартномалари орқали ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш, меҳнатини муҳофаза қилиш, бандликка кўмаклашиш, меҳнатга ҳақ тўлаш, даромадлар ва турмуш даражаси, ижтимоий кафолатлар, меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари маънавиятини юксалтириш, соғломлаштириш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш каби йўналишлардаги ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид 2011-2013 йиллар учун имзоланган Бош келишувнинг ҳаётга татбиқ этилиши муҳим аҳамият касб этмоқда. Чунки, Бош келишув асосида республикамизда 86 та тармоқ келишувлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида 14 та ҳудудий келишувлар, бевосита корхона ва ташкилотларда эса 93805 та жамоа шартномаларининг мазмун-моҳияти бойитилди. Хусусан, жамоа шартномаларига хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга оид янги бўлимлар киритилди.

Бунинг натижасида нафақат меҳнаткашлар, балки касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимояси таъминланмоқда. Корхона, ташкилот ва муассасаларда амалиёт ўтаётган касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ва ишга янги қабул қилинган битирувчилар касаба уюшмалари томонидан моддий ва маънавий рағбатлантирилмоқда. Уларнинг меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномадан ўтказилиши, жамоа шартномасида кўзда тутилган имтиёз ва қулайликлардан фойдаланиши  таъминланмоқда. Шунингдек, уларга касб маҳоратини ўргатиш учун бириктирилган устозларни рағбатлантириш тизими жорий этилиб, касбий танловлар ўтказилмоқда.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш зарурки, тармоқ ва ҳудудий касаба уюшмалари томонидан олий ва ўрта-махсус таълим масканларининг иқтидорли  талабалари учун касаба уюшма стипендиялари жорий этилмоқда.

Касаба уюшмаларига аъзолик афзалликларининг оширилиши, тизимни такомиллаштириш натижасида бугунги кунда касаба уюшмалари аъзолари меҳнатидан фойдаланувчи юридик шахсларнинг 95,8 фоизи жамоа-шартномавий муносабатлар билан қамраб олинишига эришилди. Тузилаётган жамоа келишувларида меҳнат бозорини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари аниқ ифода этилган. Ходимларнинг иш вақти ва дам олиш вақти масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, узайтирилган асосий ва қўшимча таътиллар ўрнатилган.

Тармоқ келишувларида ижтимоий кафолатлар, соғлиқни муҳофаза қилиш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини, шу жумладан, болаларни, соғломлаштиришни ташкил этиш масалалари акс эттирилган. Тармоқ хусусиятларидан келиб чиқадиган бошқа масалаларга оид аниқ ва батафсил меъёрлар келтирилган.

Ижтимоий йўналтирилган Давлат дастурларини бажариш доирасида охирги йилларда келишувлар орқали уруш ва меҳнат фахрийларига, жисмоний имконияти чекланган инсонларга, кўп болали, кам таъминланган ва ёш оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш, уларни маданий дам олдириш ва соғломлаштиришни ташкил этиш ишлари амалга оширилмоқда.

Тузилаётган жамоа шартномалари орқали, жумладан, ходимларнинг касби, малакаси ва меҳнат шартномасига биноан тўла бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини барпо этиш, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилиш чоғида қонун меъёрларига риоя этиш масалалари ҳал этилмоқда.

Натижада кейинги 2 йилда жамоа шартномалари ва келишувлари ходимлар турмуш даражасини оширишнинг асосий омилларидан бирига айланди. Қатор тармоқларда жамоа шартномаси ходимларнинг бевосита ва билвосита даромадларини юксалтиришнинг амалий воситасига айланмоқда.

Жамоа шартномаси тадбирларини бажариш учун Республика бўйича ўрта ҳисобда бир ходимга йил давомида сарфланган маблағ ўтган йили қарийб 700 минг сўмни ташкил этди. Ёқилғи-энергетика комплекси, кимё саноати ва геология тармоғида бу кўрсаткич 3,5 млн. сўмгача бўлган миқдорни ташкил этди.

Бугунги кунда 45 минг 73 та корхонада жамоа шартномалари орқали ходимларга асосий узайтирилган таътиллар (15 иш кунидан кўп миқдорида) ўрнатилган бўлиб, ушбу имтиёздан 1 млн. 731 минг 224 нафар ходим фойдаланмокда. Қарийб 49,5 минг корхонада жамоа шартномалари асосида қўшимча таътиллар ўрнатилган бўлиб, ушбу имтиёздан 2 млн. 50 минг нафарга яқин ходим фойдаланмоқда. 60 минг 543 нафар ходим ва уларнинг оила аъзолари жамоа шартномалари асосида корхона ва ташкилотлар маблағлари ҳисобидан санаторий ва санаторий-профилакторийларда соғломлаштирилди, ушбу мақсадлар учун 15 млрд. 600 млн. сўмга яқин маблағ сарфланди.

Аёллар учун қўшимча таътиллар олиш, иш берувчилар ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари кунини узайтири, 2 ёшдан 3 ёшгача бола парвариши таътилида бўлган оналарга моддий ёрдам олиш каби имкониятлар яратилмоқда. Айниқса, нодавлат секторидаги корхона ва ташкилотларда жамоа шартномалари тузилишига эришиш масаласи Федерация Кенгашининг доимий диққат марказида бўлмоқда.

Натижада юқорида келтириб ўтилган имтиёзлардан жамоа шартномалари ва келишувлари орқали нодавлат секторида фаолият кўрсатаётган ходимлар ҳам баҳраманд бўлмоқдалар.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки амалдаги жамоа шартномаларининг деярли 95 фоизига иш берувчи ташаббусига кўра ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишдан олдин касаба уюшма қўмитасининг розилигини албатта олиш лозимлиги тўғрисида банд киритилган.

Кўплаб корхоналарда меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича тариф сеткаларининг разряд коэффициентларини кўтариш кўзда тутилган бўлиб, бу орқали жамоа-шартномавий муносабатлар билан қамраб олинган жами ходимларнинг  тўртдан  бир қисмининг иш ҳақлари  оширилган базавий ставкалар асосида ҳисоблаб тўланмоқда.

Республика бўйича 2012 йил давомида жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 21 минг 723 нафар фуқарога ва 179 минг 566 та оилага 39 млрд. 275 млн. сўмликдан зиёд ижтимоий кўмак кўрсатилди. Жумладан, кам таъминланган оилалар вакилларининг 102 минг 460 нафарига 2080 та корхонада 6 млрд. 760 млн. сўмликдан зиёд моддий ёрдам кўрсатилди. Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар, шунингдек, уй жой қурилиши учун янги оила қурган 2532 нафар ёшларга 328 та корхонада 17 млрд. 68 млн. сўмликка яқин фоизсиз ссудалар берилди. Олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 2736 нафар талаба учун 789 та корхонада қарийб 4 млрд. 735 млн. сўм контракт пуллари қопланди. Тармоқ корхоналарига алоқадор кам таъминланган, боқувчисини йўқотган  оилаларнинг 41 минг 581 нафар фарзанди учун 7540 та корхонада ўқув қуроллари, дарсликлар харид қилинди. 2 ёшдан 3 ёшга тўлгунга қадар фарзандлари бўлган 9831 нафар ёш онага 3974 та корхонада 2 млрд. 206 млн. сўмликка яқин моддий ёрдам кўрсатилди. Нодавлат мулк шаклидаги 2567 та корхона ва ташкилотда меҳнат қилаётган 9156 нафар болали аёлнинг ойлик маоши сақланган ҳолда иш ҳафтаси 1 соатга қисқартирилди. 9338 та корхонада 32993 та кам таъминланган оила фарзандлари учун болалар соғломлаштириш оромгоҳларига йўлланмалар қийматини қоплашга 4 млрд. 862 млн. сўмга яқин мақблағ сарфланди.

Бу борадаги ишлар “Обод турмуш йили”да ҳам давом эттирилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг I-чорагида жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 2449 нафар фуқаро ва 12 минг 960 та оилага 6 млрд. 325 млн. сўмликдан зиёд ижтимоий кўмак берилди.

Меҳнат муҳофазаси

 

Жамоа шартномаларида меҳнат хавфсизлиги даражасини юксалтириш, иш жойларининг санитар-гигиена ҳолатини яхшилаш, маиший хоналар билан таъминлаш, иш ўринларини шаҳодатлаш, меҳнат муҳофазаси қоидаларига ўқитиш, зарарли меҳнат шароитлари учун имтиёз ва компенсациялар ўрнатиш масалаларига асосий эътибор қаратилмоқда. Ушбу масалаларни тўлиқ жамоа шартномаларига киритиш борасида “Когон олтин тола”, “Қувасойцемент”, “Олмалиқ тоғ металлургия комбинати”, “Шахрисабз пахта тозалаш”, “Ўзметкомбинат”, “Сирдарё Иссиқлик электр станцияси”, “Қизилқумцемент”, “Косонсой пахта толаси”, “Тошкент трактор заводи”, “Жарқўрғоннефть” Очиқ акциядорлик жамиятлари, “Тошкент халқаро аэропорти” ва “Сувсоз” Давлат унитар корхоналари, “Тошкент шаҳар телефон тармоғи” филиали, Зомин туман йўл хўжалигидан фойдаланиш, таъмирлаш пудрат корхонаси, Нукус шаҳридаги 6-умумтаълим мактаби, Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг Фарғона вилоят филиали, “Бурчмулла ўрмон хўжалиги” каби кўплаб корхона ва ташкилотларда самарали иш олиб борилмоқда.

Масалан, Бухоро вилояти, Когон тумани, “Олтин тола” ОАЖнинг 2011-2013 йиллар учун тузилган жамоа шартномасига жисмоний имконияти чекланган инсонлар ҳамда кам таъминланган оилаларнинг вакиллари учун санаторийларга йўланмалар ажратиш, тарихий жойларга туристик сафарлар уюштириш, ходим меҳнат таътилига чиқиётганида бир ойлик маошгача бўлган миқдорда моддий ёрдам кўрсатиш, сурункали кассаликларни стационар даволаш ҳамда жарроҳлик операцияларини қисман қоплаш каби имтиёзлар киритилган.

Ходимлар меҳнатини муҳофаза қилиш сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида жамоа шартномаларини тузишга оид тавсиялар макетидаги “Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлимининг кенгайтирилган намунаси” ва “Меҳнатни муҳофаза қилиш тадбирларини режалаштириш бўйича тавсиялар” ишлаб чиқилиб, бошланғич ташкилотларга етказилди.

Республикамизда хўжалик бошқарув тизими ўзгариши, кўпчилик корхоналар бозор иқтисодиётига ўтиши билан уларда мулкчилик шаклининг ўзгариши ҳамда  корхона, ташкилот ва муассасаларни молиялаштириш манбалари ўзгариши муносабати билан давлат ташкилотлари, соғлиқни сақлаш ва мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари ҳамда олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежлари учун ўз йўналишлари, хусусиятлари, имкониятлари ва норматив ҳужжатлар базаларидан келиб чиқиб Жамоа шартномалари макетлари намуналари алоҳида-алоҳида ишлаб чиқилиб, бошланғич касаба уюшма ташкилотларига тавсия этилди. “Бюджет ҳисобидан молиявий жихатдан таъминланадиган муассаса ва ташкилотлар  учун жамоа шартномаси макети”, “Соғлиқни сақлаш тизимида бюджет ҳисобидан молиявий жихатдан таъминланадиган муассаса ва ташкилотлар  учун жамоа шартномаси макети” ҳамда “Мактабгача таълим муассасалари учун жамоа шартномаси макети”, “Умумтаълим мактаблари учун жамоа шартномаси макети”, “Олий ўқув юртлари ва коллежлар учун жамоа шартномаси макети” намуналари шулар жумласидандир.

Ушбу Тавсиялар ва жамоа шартномаси макетига киритилган тадбирларнинг  жамоа шартномаларида акс эттирилиши ҳамда уларнинг бажарилишига эришиш мақсадида Федерация Кенгашининг экспертиза комиссияси фаолият кўрсатмоқда.

Бугунги кунда касаба уюшмалари вакиллари тиббий меҳнат эксперт комиссиялари ишида ҳам иштирок этмоқдалар. Меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш ва унинг самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари амалга оширилди.

Мазкур йўналишлардаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни энг яхши ташкил этган корхоналар ҳамда жамоат назоратини намунали йўлга қўйган касаба уюшма ташкилотлари, меҳнат муҳофазаси бўйича вакиллар ўртасида республика кўрик-танлови ўтказилмоқда.

Жорий йилнинг 1-чораги давомида жамоа шартномаларида меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича 2013 йилга режалаштирилган 328 минг 457 тадбирдан қарийб 113 мингтаси бажарилишига эришилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1763 тага, яъни 1,5 фоизга кўпдир. Ушбу тадбирларни амалга ошириш учун 29 млрд. сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан меҳнат муҳофазасига сарфланган маблағларнинг 6,8 фоизга кўпайганини кўрсатмоқда.

Шунингдек, корхоналарда иш ўринларининг аттестациядан ўтказилиши, ишловчиларнинг санитар-маиший хоналар ва ускуналар билан тўлиқ таъминланиши, ходимларнинг зарур махсус кийим, пойабзал ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланиши, аёллар ва 18 ёшга тўлмаган шахсларга Меҳнат кодексида белгиланган қўшимча кафолат ва имтиёзларнинг бажарилиши касаба уюшма ташкилотларининг доимий назоратидадир.

 

Маданий-маърифий ва спорт ишлари, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш

 

Маданий-маърифий, спорт-соғломлаштириш масаласини жамоа шартномаларига киритиш орқали меҳнаткашлар манфаатларини ҳимоялаш йўналишидаги ишлар ҳам янги босқичга кўтарилди. Хусусан, жамоа шартномаларига асосан иш берувчи ҳар ойда Меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасининг маълум фоизи миқдоридаги маблағни маданий-маърифий, жисмоний тарбия ва соғломлаштириш ишлари учун касаба уюшма қўмитаси ҳисоб рақамига ўтказиш мажбуриятини олган. Бу ходимлар ўртасида маданий-маърифий, спорт-соғломлаштириш тадбирларининг кўламини ошириш имконини бермоқда.

Шунингдек, жамоа шартномалари орқали иш берувчи ўз балансида турган маданият масканлари, болалар соғломлаштириш оромгоҳларини касаба уюшма қўмитасига бепул фойдаланиш учун беради. Касаба уюшмаси эса меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари дам олишини ташкил этади, улар ўртасида маданий-маърифий, жисмоний тарбия ва соғломлаштириш ишларини олиб боради.

Бугунги кунда касаба уюшмалари ташкилотчилигида меҳнаткашлар ўртасида маданий-маърифий ишларни йўлга қўйиш, ёшлар онгига миллий истиқлол ғояларини сингдириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Ходимлар ва уларнинг фарзандлари Маданият муассасаларидаги тўгарак ва бадиий жамоаларга жалб этилиб, бўш вақтларининг мазмунли ўтказилиши таъминланмоқда.

Меҳнат жамоаларида ташкил этилган бадиий ҳаваскорлик жамоалари корхона, ташкилотларда, туман, шаҳар, вилоятлардаги байрам тадбирларида, болалар соғломлаштириш оромгоҳларида ўз дастурлари билан қатнашиб келмоқдалар. Улар касаба уюшмалари томонидан ўтказилаётган бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг кўрик-танловлари ва фестивалларида, шунингдек, вилоят, Республика, Халқаро кўрик-танловларда иштирок этиб, юқори натижаларни қўлга киритмоқдалар.

Бугунги кунда амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, кенг кўламдаги ислоҳотлар моҳияти, қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг аҳамиятини меҳнаткашларга атрофлича тушунтириш мақсадида ҳар ойда «Маънавият соатлари»ни ўтказиб бориш масаласи ҳам бевосита жамоа шартномалари орқали амалга оширилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 1-чораги давомида ҳар бир ҳудудда 26 мингга яқин бошланғич касаба уюшма ташкилотларида “Маънавият соатлари” ўтказилди. Уларда 3 млн.га яқин ишчи-ходимлар иштирок этдилар.

Меҳнаткашлар ва улар оила аъзолари ўртасида жисмоний тарбия ва спорт-соғломлаштириш тадбирлари ўтказиш орқали соғлом турмуш тарзи тарғиботи, саломатликларини мустаҳкамлаш ишлари амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йилда бошланғич касаба уюшма ташкилотлари ўртасида Обод турмуш йилига бағишланган “Спорт-саломатлик гарови” спорт тадбирлари ўтказилди. Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан меҳнат фахрийлари ўртасида спорт мусобақалари ўтказилиши режалаштирилган. “Обод турмуш йили” Давлат дастури доирасида ёшларнинг жисмоний тайёргарлик даражасини белгиловчи “Алпомиш” ва “Барчиной” тестлари ҳамда меҳнаткашларнинг “Саломатлик” спартакиадаси босқичма-босқич ўтказилади.

Жамоа шартномалари орқали болалар соғломлаштириш оромгоҳларини сақлаш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, меҳнаткашлар фарзандларини имтиёзли соғломлаштириш ишлари ҳам амалга оширилмоқда. Хусусан, 2013 йилги ёз мавсумида Республика бўйича жами 900 дан ортиқ болалар оромгоҳларида 270 минг нафардан зиёд болажонларни соғломлаштирилиш белгиланган.           Жамоа шартномалари орқали улардан 30 минг нафарини бепул соғломлаштириш режалаштирилган.

Жамоавий ва оилавий саёҳатлар

Жамоа шартномалари ва тармоқ келишувларига киритиш орқали 40 минг нафар ижтимоий ҳимояталаб оилалар аъзоларининг Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон, Марғилон, Термиз, Шаҳрисабз, Қарши каби тарихий шаҳарларга жамоавий саёҳатларини уюштириш режалаштирилган. Жорий йилнинг 1-чораги давомида 3,5 минг нафарга яқин кам таъминланган оилалар учун саёҳатлар ташкил этилиб, ушбу мақсадлар учун иш берувчилар ва касаба уюшма қўмиталари ижтимоий шериклигида 134 миллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди.

Кейинги йилларда корхона, ташкилот ва муассасаларда жамоа шартномалари бажарилиши бўйича мониторингнинг йўлга қўйилиши ва ижтимоий шерик ҳисобланган иш берувчи ҳамда касаба уюшма қўмиталарининг ходимлар олдида ҳисобот бериш тизимининг жорий этилиши Жамоа шартномалари самарасини кучайтиришда муҳим омил бўлди. Жамоа шартномалари ижросига бағишланган муҳокамалар жараёнида бевосита ижтимоий шерик ҳисобланган иккала томон ходимлар олдида ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳамда меҳнат ҳуқуқлари ҳимояси, меҳнат муҳофазаси, соғломлаштириш, маданий-маърифий ишлар ва оммавий спорт йўналишларида акс эттирилган имтиёз ва қулайликларнинг амалдаги ижроси тўғрисида очиқ ҳисобот бермоқдалар. Бу орқали корхона ва ташкилотлар, улардаги касаба уюшма қўмиталари фаолиятининг очиқ-ошкоралиги ҳам таъминланмоқда.

Ўтган йили “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган Ижтимоий сўров натижалари ҳам  жамоа шартномаси тузилиши устидан назоратни таъминлаш масалаларида касаба уюшмаларининг тутган ўрни ва аҳамияти ортганини кўрсатмоқда. Сўровда иштирок этган респондентларнинг қарийб 80 фоизи ўзлари меҳнат қилаётган корхона ва ташкилотларда жамоа шартномаси тузилганидан хабардор эканликларини билдирганлар.

Сўров натижалари ўтган давр мобайнида жамоа шартномаси шартларини муҳокама қилишда касаба уюшма аъзоларининг иштироки ортганини кўрсатди. Респондентларнинг аксарият қисми корхона ва ташкилотларда жамоа шартномаларининг барча касаба уюшма аъзолари иштирокида муҳокама қилинишини тасдиқлаганлар.

Ўтказилган сўров натижалари жамоа шартномасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида меҳнат жамоаларининг тутган ўрни ва таъсири йилдан-йилга ортиб бораётганини ҳам кўрсатди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати