[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

25.04.2019. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 28 апрель – Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни муносабати билан жорий йилнинг 22 апрелидан 29 апрелигача меҳнат муҳофазаси Хафталиги эълон қилиниб, ушбу хафталик доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида “Хавфсизлик, саломатлик ва келажакдаги меҳнат” шиори остида қатор тадбирлар туркуми ўтказилди. Хусусан, илк маротаба ўтказилаётган мазкур Хафталик давомидаги тадбирлар меҳнат муҳофазаси соҳасининг долзарб масалаларига бағишланган Давра суҳбатлари, семинар-тренинглар, “Энг яхши меҳнат шароитлари” фотокўргазмаси, соҳага оид турли кўргазмалар, соғлом ва хавфсиз меҳнат тарғиботи кампанияси, Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этишга оид ўтказилган кўрик-танлов ғолибларини тақдирлаш тадбири, “Меҳнатга оид ҳуқуқингизни биласизми?” мавзуидаги зукко ёшлар танлови, баҳс-мунозаралар шаклида ўтказилди.

Меҳнат муҳофазаси хафталигини ташкил этишдан кўзланган мақсад – меҳнат фаолияти билан боғлиқ ҳолда юз бериши мумкин бўлган нохуш ҳодисалар ҳамда ходимлар саломатлигининг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ бошқа хил зарарланишининг олдини олишга иш берувчилар ва ходимлар эътиборини кучайтириш, шунингдек, меҳнатга оид норматив ҳужжатларга амал қилиниши устидан жамоат назорати олиб борилишида ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаб, муаммоларни ўрганган ҳолда, ҳамкорликда ечимини топишдир.

Хафталик доирасидаги ана шундай тадбирлардан бири Тошкент шаҳрида ўтказилди. Унда корхона, ташкилот ва муассасалардаги бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раислари, касаба уюшмаларининг меҳнат муҳофазаси хизмати мутахассислари, иш берувчилар, ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда таъкидланганидек, Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни Халқаро меҳнат ташкилоти ташаббуси билан 2003 йил 28 апрелдан буён ҳар йили дунёнинг 100 дан ортиқ давлатларида нишонлаб келинмоқда. Ушбу кун  муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббусига кўра ўтказилаётган тадбирлар туркуми иш жойларида меҳнатда жароҳатланиш, бахтсиз ходисалар ва касб касалликларига чалинишнинг олдини олиш ҳамда меҳнат муҳофазаси масалаларига эътиборни кучайтиришга қаратилганлиги билан янада аҳамиятлидир.

Хафталик доирасида ўтказилган тадбирларда мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан турли соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида ходимларнинг меҳнатини муҳофаза қилиш, уларга хавфсиз, қулай ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди. Тадбирлар давомида меҳнат муҳофазаси маданиятини ривожлантириш, хавфсизлик маданияти ва меҳнат гигиенасига амал қилиш, корхона ва ташкилотларда меҳнат муҳофазаси йўналишида олиб борилаётган ишлар сифати ва самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланиш ва касб касалликларининг олдини олиш борасида ижтимоий шерикликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, бугунги кунда ходимлар меҳнатини муҳофаза қилиш ва бунда албатта асосий эътиборни профилактика ишларига қаратиш масаласи Ўзбекистон касаба уюшмалари  фаолиятининг устувор йўналишларидан бири қаторидан ўрин олган. Шу боис Касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда ҳудудий ва тармоқ касаба уюшмалари томонидан меҳнатда жароҳатланиш ва касб касалликларининг олдини олиш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш, иш берувчилар масъулиятини янада ошириш йўналишларида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жамоа шартномалари орқали корхона, ташкилот ва муассасаларда ижтимоий-маиший объектларнинг узлуксиз фаолияти йўлга қўйилиб, ходимлар тегишли тартибда махсус кийим-бош, шахсий ҳимоя воситалари, профилактика озиқ-овқатлари билан таъминланмоқда. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ишларни янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Савдо-саноат палатаси ўртасида имзоланган Бош келишув асосида корхона ва ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш йўналишидаги ишларнинг қай даражада йўлга қўйилганлиги ўрганилиб, амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда меҳнатни муҳофаза қилишга қўйилаётган юқори талаб – узоқни ўйлаб амалга оширилаётган сиёсат натижасидир. Республикамизда меҳнат шароитлари ўрганилган ҳолда ноқулай меҳнат шароитларида ишлаётган ходимларга қонунчиликда белгиланган тартибда имтиёз ва кафолатлар белгилаб берилмоқда. Хусусан, юқори тариф ставкаларда белгиланган меҳнат ҳақи, қисқартирилган иш вақти, қўшимча меҳнат таътили, бепул даволаш-профилактика озиқ-овқатлари, имтиёзли пенсиялар берилмоқда. Бугунги кунда 300 мингга яқин ходимларга мунтазам равишда ушбу имтиёз ва кафолатлар белгиланиб борилмоқда.

Ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш мақсадида эса касаба уюшмалари томонидан ходимларга меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги йўналишида амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Меҳнат муҳофазаси хафталиги доирасида ўтказилган тадбирлар давомида меҳнатни муҳофаза қилиш тизими, меҳнат шароитлари яхшиланишига оид ишлар,  меҳнат шароитлари ноқулай ишларда банд бўлган ходимлар белгиланган нормалар бўйича сут (шунга тенг бўлган бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари), даволаш-профилактика озиқ-овқати, газланган тузли сув (иссиқ цехларда ишловчилар учун), махсус кийим-бош, махсус пойабзал ҳамда бошқа шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан бепул таъминланиши, ходимлар учун меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқлар бериш, ишларни бажаришнинг хавфсиз услублари ва усулларини ҳамда бахтсиз ҳодисалардан жабрланганларга ёрдам кўрсатишга ўқитишни ташкил этиш, меҳнат шароити оғир, зарарли ва хавфли ишларда банд бўлган ходимлар, шунингдек, ходимларнинг айрим тоифалари (аёллар, ўн саккиз ёшдан кичик бўлган шахслар, меҳнат қобилияти чекланган шахслар) учун меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари таҳлил этилиб, фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, ушбу мавзуларга оид кўргазмали материаллар ҳамда видеороликлар намойиш этилди.

Шунингдек, фуқароларни тиббий-меҳнат эксперт комиссияларида тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби, меҳнатда майиб бўлган ёки касб касаллигига чалинган шахсларнинг касбий меҳнатга лаёқати йўқотилиши даражаси, ногиронликка олиб келадиган асосий касалликлар ва ушбу касалликларда ногиронликни белгилаш мезонлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди. Ходимлар меҳнатини муҳофаза қилишни ташкил этишга доир амалга оширилаётган чора-тадбирларни янада такомиллаштириш, уларнинг манзиллиги ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, халқарор тажрибалар ҳам ўрганилди.

Меҳнат муҳофазаси Хафталиги доирасида ўтказилган мазкур тадбир давомида “Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш юзасидан ўтказилган республика кўрик-танловининг Тошкент шаҳар босқичи ғолиблари ҳам муносиб рағбатлантирилдилар. Хусусан, “Меҳнатни муҳофаза қилишда энг яхши натижаларга эришган корхона” номинацияси бўйича Металлургия ва машинасозлик ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги ташкилотлардан “O’zelektroapparat – Elektroshield” aksiyadorlik jamiyati I-даражали, Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги ташкилотлардан Олмазор туманидаги “Камол авлод” номли 269-мактабгача таълим муассасаси II-даражали, Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги ташкилотлардан Ўзбектелеком Акциядорлик компанияси “Тошкент шаҳар телефон тармоғи филиали III-даражали диплом ва совғалар билан тақдирландилар.

“Ходимларга соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратиш, ходимларнинг меҳнат муҳофазасига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда энг яхши касаба уюшма ташкилоти” номинацияси бўйича Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети, “Меҳнат муҳофазаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда меҳнат муҳофазаси бўйича энг яхши вакил” номинациясида Ўзбекистон Фанлар Академияси Ботаника институти, “Ходимларга соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратиш, ходимларнинг меҳнат муҳофазасига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда энг фаол иштирок этган меҳнат муҳофазаси бўйича ёш мутахассис” номинациясида “Картография” Давлат илмий ишлаб чиқариш корхонаси энг яхши деб топилиб, касаба уюшмалари дипломи ва совғалар билан тақдирландилар.

Меҳнат муҳофазаси хафталиги доирасида ташкил этилган тадбирлар иштирокчилари меҳнат муҳофазаси профилактикаси маданиятини янада юқори даражага кўтариб, иш жойларидаги хавфсизлик, меҳнат қилаётган инсонларнинг саломатлиги сақланиши ва келажакдаги меҳнат учун ҳамжиҳатликда иш олиб бориш ва бу борадаги ижтимоий ҳамкорикни янада кучайтиришга келишиб олдилар.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси матбуот хизмати