[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

25.04.2019. Бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш билан бирга улар ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш, бу орқали соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлаш борасида ҳам тизимли ишларни амалга оширмоқда. Шу мақсадда мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудидаги меҳнат жамоаларида, айниқса, қишлоқ жойларида турли соҳа ходимлари ўртасида қатор спорт мусобақалари, тармоқлараро спартакиадалар, оилавий спорт тадбирлари ташкил этилмоқда. Шунингдек, меҳнат жамоаларида “Ходимлар гимнастикаси” йўлга қўйилган бўлиб, ишчи-хизматчилар саломатлигини мустаҳкамлаш билан бирга, касб касалликларининг олдини олиш йўналишида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Мазкур йўналишлардаги ишларни янада такомиллаштириш, хусусан, меҳнаткашлар ўртасида соғлом турмуш тарзи тарғиботини кучайтириш, айниқса, ходимлар ва улар оила аъзоларининг бўш вақтларидан самарали фойдаланишларини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Наманган шаҳрида жаҳон стандартларига мос келувчи янги спорт иншооти – “Океан” номли Сув спорти саройи барпо этилди.

Жорий йилнинг 25 апрель куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан мазкур Сув спорти саройининг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Унда нуфузли меҳмонлар, вилоят меҳнаткашлари, касаба уюшма фаоллари иштирок этдилар.

Тадбирда бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан барча соҳаларда бўлганидек, мамлакатимизда спортни ривожлантириш, спортчилар учун барча зарур шарт-шароит ва имкониятларни яратиш соҳасида ҳам тизимли ислоҳотлар ва кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди. Бунинг натижасида соғлом авлод камолоти учун мустаҳкам замин яратилаётгани эътироф этилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан барпо этилган “Океан” замонавий ёпиқ сузиш ҳавзаси жаҳон стандартларига мос равишда қурилган бўлиб, унинг ҳажми 50х25 метрни, чуқурлиги 1,9-2,1 метрни ташкил этгани ҳолда халқаро стандартлар талабларига тўлиқ жавоб беради. Сузиш ҳавзасидаги сув ҳажми 2435 м3 ни, ундаги йўлаклар сони 8 тани, сув айланиш вақти 8 соатни, сувнинг ўртача ҳарорати 26-29 градусни ташкил этади. Сув тозалиги назорати эса автоматик назорат станцияси орқали амалга оширилади. Сузиш ҳавзаси сувини иситиш ва тозалаш тизимлари охирги технологиялар асосида яратилганлигини ҳам алоҳида таъкидлаш зарур.

Сув спорти саройида спортчи ва мураббийларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун ҳам барча шарт-шароитлар яратилган. Хусусан, кийим алмаштириш хоналари, душ, ҳамширалар хонаси бугунги кун талаблари асосида жиҳозланган.

Сув спорти саройи маъмурий биносининг 1-қаватида барча зарур жиҳозлар билан таъминланган мураббийлар хоналари, ювиниш ва ечиниш хоналари, тиббиёт хонаси, ҳакамлар хоналари жойлашган. 2-қаватда бош шифокор хонаси, замонавий тренажёр зали, Маънавият ва маърифат хонаси, оператор хонаси, ювиниш хоналари ва махсус йиғинлар ўтказиш зали жойлашган бўлиб, улар барча зарур жиҳоз ва воситалар билан таъминланган. Ота-оналар кутиш жойида эса кутубхона, ресепшн хизмати, дам олиш бурчаклари, Wi-fi ҳудуди ва буфет хизмат кўрсатиши йўлга қўйилган.

Иншоотнинг Сузиш ҳавзаси жойлашган ҳудудида ҳам мазкур саройга ташриф буюрганлар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган бўлиб, бирваракайига 525 нафарга яқин кишини сиғдириш қувватига эга.

Мазкур иншоот барпо этилиши натижасида 89 та янги иш ўрни яратилиб, шунча киши иш билан таъминланиши учун имкониятлар яратилди.

Сув спорти саройини барпо этишдан кўзланган мақсад – Наманган шаҳри аҳолиси, айниқса, ёшларни энг фойдали бўлган сузиш спорт турига кенг жалб этиш, бу орқали улар саломатликларини мустаҳкамлашдир.

Айни кунда мазкур сузиш ҳавзасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги Жисмоний-тарбия ва спорт-соғломлаштириш ишлари бошқармаси томонидан сузиш ҳамда сув полоси спорт тўгараклари фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда уларни малакали мураббийлар билан таъминлаш борасидаги ишлар амалга оширилмоқда.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш зарурки, Касаба уюшмалари Федерациясининг “Океан” сув спорти саройида республика ва халқаро даражадаги мусобақаларни ўтказиш имкониятлари ҳам мавжуд бўлиб, бунинг учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати