08.05.2019. Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан белгилаб берилган жамиятда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлашга қаратилган бешта муҳим ташаббус ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 декабрдаги ПҚ-4063-сон қарори билан тасдиқланган “2019-2022 йилларда юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш Концепцияси” ва чора- тадбирлар Дастури, шунингдек, ижтимоий шерик идораларнинг тармоқ келишувлари ижросини таъминлаш ҳамда таълим, фан, маданият ҳамда спорт йўналишларида фаолият кўрсатаётган ходимларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш, уларни жисмонан чиниқтириш, саломатликларини мустаҳкамлаш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини, яъни ақлий меҳнат билан спортни уйғунликда олиб бориш ҳамда оммавий, корпоротив спортни ривожлантириш мақсадида, Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Касб-ҳунар таълими маркази, Маданият вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг қўшма қарори асосида ушбу вазирлик ва идораларнинг марказий аппарати ходимлари иштирокида жорий йилнинг 4-5 май кунлари “Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик” шиори остида эркаклар ўртасида спортнинг мини футбол ва стол тенниси, аёллар ўртасида бадминтон турлари бўйича мусобақалар ўтказилди.
Олий ўқув юртлариаро спорт мажмуасида ўтказилган мусобақаларни Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Р.Бедилов ҳамкор вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида очиб берди.
Мусобақанинг биринчи куни спортнинг мини футбол тури бўйича саралаш ўйинлари ўтказилди. Қуръа ташлаш натижаларига кўра, жамоалар икки гуруҳга бўлинган ҳолда ўзаро баҳслашишди. Саралаш ўйинлари якунида мусобақанинг “А” гуруҳида 1-ўринни Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, 2-ўринни Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, “B” гуруҳда 1-ўринни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, 2-ўринни Ўзбекистон Республикаси Касб-ҳунар таълими марказининг жамоалари эгаллашиб, ярим финал йўлланмасини қўлга киритишди.
Мусобақанинг иккинчи куни мини футбол бўйича мусобақалар давом эттирилди. Муросасиз ўйинлар натижасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги жамоалари финалга йўлланма олиб, мусобақанинг 3-ўрини учун Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Касб-ҳунар таълими маркази жамоалари майдонда тўп суришди.
Вазирлик ва идораларнинг марказий аппаратида фаолият кўрсатаётган ходимлар ўртасида спортнинг мини футбол тури бўйича ўтказилган ўйинлар натижасига кўра 3-ўринни Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги жамоаси, финал ўйинида қўшимча таймлардаги муваффақиятли ўйини эвазига Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги жамоаси 1-ўринни, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги жамоаси 2-ўринни эгаллашди.
Шунингдек, мусобақаларнинг иккинчи кунида ўтказилган спортнинг стол тенниси ва бадминтон тури бўйича ўтказилган ўйинларда ҳам ғолиблар аниқланди.
Жумладан, спортнинг бадминтон тури бўйича аёллар ўртасида якка тартибда ўтказилган мусобақада Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг уч нафар иштирокчилари – Л.А.Бердиева, Н.Ш.Джуманиязова ва В.А.Анарбаевалар тегишлича 3, 2, ва 1-ўринларни қўлга киритишди.
Эркаклар ўртасида спортнинг стол тенниси бўйича якка тартибда ўтказилган мусобақалар натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи, мусобақанинг энг ёши улуғ иштирокчиси Б.М.Исмаилов 3-ўринни, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги мутахассислари Ғ.А.Қурбонов ва С.Қ.Омановлар тегишлича 2 ва 1-ўринларни қўлга киритишди.
Мусобақа якунида барча ғолибларга, шунингдек мини футбол бўйича энг яхши дарвозабон ва тўпурар номинацияси эгаларига, ўйинларни адолатли ва шаффоф ўтказишда хизмат кўрсатган Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси, Ўзбекистон Бадминтон Федерацияси, Ўзбекистон Стол тенниси Федерациясининг ҳакамларига Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг эсдалик совғалари ва дипломлари топширилди.
Шунингдек, спортнинг мини футбол тури бўйича мусобақа ғолиби Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги жамоасига тантанали равишда кўчма Кубок топширилди.
Иштирокчиларни тақдирлаш жараёнида бу каби спорт тадбирларини тизимли ўтказиб бориш, аҳоли, айниқса ёшлар ва аёллар ўртасида спортни янада оммалаштириш, меҳнат жамоаларида корпоротив спортни ривожлантириш борасида келишиб олинди.
Ходимларини жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш, уларни жисмонан чиниқтириш, саломатликларини мустаҳкамлаш, улар ўртасида соғлом яшаш тарзини, яъни ақлий меҳнат билан спортни уйғунликда олиб бориш ҳамда оммавий, корпоротив спортни ривожлантиришдаги ҳамкорлиги учун Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Касб-ҳунар таълими маркази, Маданият вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.