16.05.2019. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Самарқанд шаҳрида “Хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи ва гендер тенгликни амалга оширишда касаба уюшмаларининг иштироки” мавзуидаги Халқаро семинар ўтказилди. Унда Халқаро меҳнат ташкилоти (МОТ), Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси (МКП), Касаба уюшмалари умумконфедерацияси (ВКП) ҳамда Беларусь, Озарбайжон, Россия, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон касаба уюшма марказлари вакиллари, ҳамкор ташкилотлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Хотин-қизлар кенгаши аъзолари, тармоқлар касаба уюшмалари Республика Кенгашлари ва ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаларининг ҳамда Самарқанд вилоятидаги бошланғич касаба уюшма ташкилотларининг Хотин-қизлар комиссиялари раислари иштирок этдилар.
Мазкур анжумандан кўзланган мақсад – меҳнат соҳасида гендер тенгликни амалга оширишда касаба уюшмаларининг иштироки бўйича Ўзбекистон тажрибасини тақдим этиш, шунингдек, келгусида ХМТнинг меҳнат ва бандлик соҳасида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминловчи асосий стандартларини, мос техник конвенциялари ва тавсияларини тўлиқ амалга ошириш мақсадида ижтимоий музокараларни такомиллаштириш ҳамда ушбу йўналишда халқаро тажрибани ўрганишдир. Семинар иштирокчилари ўз маърузаларида ушбу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиб, мамлакатимизда бу борада тўпланган тажриба ва айни пайтда олиб борилаётган ишларни алоҳида қайд этдилар. Шунингдек, бу борада ўз таклиф ва тавсияларини билдирди.
Хусусан, халқаро семинарда мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан барча соҳаларда бирдек изчил олиб борилаётган ислоҳотларнинг инсон манфаатларини таъминлашга, халқимиз, шу жумладан хотин-қизлар турмуш фаровонлигини оширишга қаратилганлиги, қарийб 3 йил давомидаги ўзгариш ва янгиланишларнинг ижобий натижаси бугун аҳоли ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди. Бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизлар манфаатлари ҳимоясига алоҳида эътибор қаратилиб, уларга оилавий ишлар билан бирга ўзлари танлаган соҳаларда меҳнат қилишлари учун кенг имкониятлар очиб берилганлиги қайд этилди. Мазкур жараёнларда республикадаги энг йирик жамоат ташкилоти бўлмиш касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этаётгани таъкидланди.
Тадбирда эътироф этилганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда меҳнат муносабатлари соҳасида халқаро талаблардан келиб чиққан ҳолда кўплаб янгиликлар жорий этилди. Меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жумладан, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини тўла кафолатлаш борасида Ўзбекистонда тўпланган илғор тажриба бугун халқаро ташкилотлар экспертлари томонидан ҳам алоҳида эътироф этилмоқда. Анжуман давомида мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги қонунчиликнинг такомиллаштирилиши, гендер тенгликни таъминлашда юртимиз тажрибаси ҳақида таҳлилий маълумотлар берилди.
Маълумки, гендер тенглик масаласи бутун дунё учун долзарб бўлиб, Бирлашган миллатлар ташкилотининг барча ҳужжатларида, жумладан, хотин-қизлар камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция ҳамда қатор халқаро ҳужжатларда бу тушунчага батфсил таъриф берилган. Шу маънода Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, хусусан, уларга тиббий ёрдам кўрсатиш, таълим олиш, меҳнат қилиш ҳуқуқлари кафолатланиши билан бирга, ўз салоҳиятларини намоён этишлари, иқтидор ва қобилиятларини юзага чиқаришлари, ўзлари танлаган касб ва соҳаларда эркин фаолият кўрсатишлари учун кенг имкониятлар яратилган. Ўзбекистонда сўнгги йилларда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга, уларнинг мамлакат сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётида тенг ҳуқуқли иштирокини таъминлашга оид бир қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, шунингдек, 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғриси”ги Қарори хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада ошириш билан бирга, улар учун қатор қўшимча имкониятлар ҳам яратди. Натижада, бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ва оила институтини мустаҳкамлаш, улар бандлигини таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасидаги иштирокини янада кучайтириш, оилавий қадриятларни сақлаш ва ривожлантириш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг тиббий маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзи тарғиботини, оналик ва болалик муҳофазасини кучайтиришга қаратилган аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимояси Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ушбу йўналишдаги ишларда касаба уюшмалари ташкилотлари фаолиятининг сифат ва самарадорлигини ошириш мақсадида касаба уюшмалари Федерациясида Хотин-қизлар кенгаши, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари ва ҳудудий бирлашмаларда Хотин-қизлар комиссиялари фаолияти йўлга қўйилган. Улар томонидан, мулкчилик шаклидан қатъий назар барча корхона, ташкилот ва муассасаларда ишловчи хотин-қизларнинг ижтимоий-итқтисодий манфаатлари ва меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш ишлари билан бирга, хотин-қизларга муносиб ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратиб берилиши устидан жамоатчилик назорати олиб борилмоқда.
Таъкидлаш зарурки, Ўзбекистонда Ҳукумат, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Савдо саноат палатаси ўртасида имзоланган Бош Келишув, шунингдек, тармоқ ва ҳудудий келишувлар, корхона, ташкилотларда имзоланган жамоа шартномаларида аёллар учун қатор имтиёз ва кафолатлар киритилган бўлиб, бу ўз ўрнида уларнинг муносиб меҳнат шароитларида ишлаши, ижтимоий имтиёз ва кафолотлардан фойдаланишларини таъминламоқда. Бугунги кунда ушбу локал ҳужжатларни касаба уюшма ташкилотларининг Хотин-қизлар комиссиялари томонидан гендер экспертизадан ўтказилиши йўлга қўйилган.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Хотин-қизлар кенгаши ҳамда ҳудудий ва тармоқ касаба уюшмаларининг Хотин-қизлар комиссиялари томонидан ўтган 2018 йил давомида ишловчи хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатлари ҳимоясини кучайтириш, улар ўртасида соғлом маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, иш билан таъминлашга кўмаклашиш борасида тизимли ишлар амалга оширилди. Хусусан, Касаба уюшмалари Федерациясининг Хотин-қизлар кенгаши томонидан Жамоа шартномаларига ишловчи хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилишга оид янги меъёрлар киритилди. Касаба уюшмалари Федерациясининг Хотин-қизлар кенгаши, ҳудудий бирлашмалар ва Республика кенгашларининг Хотин-қизлар комиссиялари томонидан 1 минг 100 та жамоа шартномаси ва келишуви экспертизадан ўтказилди. Нодавлат секторидаги 389 та корхона ва ташкилотда меҳнат қилаётган, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик билан шуғулланаётган хотин-қизлар учун иш жойларида санитария-гигиена ҳолатларининг таъминланганлиги, жамоа шартномалари орқали уларга белгиланган имтиёзларнинг бажарилиши аҳволи ўрганилди. Ўрганиш натижаларига кўра иш берувчиларга тақдимотлар киритилиб, аниқланган муаммолар бартараф этилди.
Амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида 2018 йил давомида Жамоа шартномалари ва келишувлари орқали икки ёшдан уч ёшгача бола парвариши учун таътилда бўлган 10 минг 702 нафар ёш онага моддий ёрдам кўрсатилди. Қарийб 76 минг нафар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандлари учун ўқув қуроллари, дарсликлар ҳарид қилиш харажатлари қисман қопланди. 7 минг нафарга яқин ходимнинг фарзандларига чет тилларни ўрганишлари учун моддий ёрдам кўрсатилди. 3 447 та нодавлат мулк шаклидаги корхона ва ташкилотда меҳнат қилаётган 6 633 нафар болали аёлнинг ойлик маоши сақланган ҳолда иш вақти ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланди.
Шунингдек, аёлларнинг меҳнат қилиш соҳасидаги ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан доимий жамоатчилик назорати олиб борилмоқда. Хусусан, 2018 йил давомида касаба уюшмаларига аёллардан келиб тушган 4 472 та мурожаатнинг 990 таси қаноатлантирилди, 2 128 тасига тушунтириш берилди, 31 та мурожаат тегишлилиги бўйича ваколатли органларга юборилди. Касаба уюшмаларининг аралашуви натижасида йил бошидан буён 638 нафар аёлнинг меҳнат соҳасига оид ҳуқуқлари тикланди. Бундан ташқари аёлларга меҳнат соҳасида етказилган зарар учун 407 млн. сўмдан ортиқ маблағ ундириб берилди. Касаба уюшмалари томонидан аёл ходимларнинг манфаатларини кўзлаб иш берувчиларга 122 та тақдимнома ва судларга 35 та даъво аризалари киритилиб, уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди.
Корхона, ташкилот ва муассасаларда ишлаётган хотин-қизларнинг махсус кийим-бош, пойабзал ва шахсий ҳимоя воситалари, даволаш-профилактика озиқ-овқати билан таъминланганлиги, ташкилотларда маиший-санитария хоналарининг, хусусан, кийим алмаштириш, ювиниш, аёлларнинг шахсий гигиена хоналари мавжудлиги, уларнинг ўрнатилган меъёрларга асосан жиҳозланганлиги ўрганилди. Шу билан бирга, кам таъминланган, кўп болали, олис ва чекка ҳудудларда яшовчи оилалардан бўлган 413 нафар хотин-қиз, фарзанд кўрмаган ёш оилаларнинг 203 нафар ишлайдиган аъзоси бепул соғломлаштирилди. 2600 нафардан ортиқ эҳтиёжманд оила аёллари республикамизнинг тарихий шаҳарларига ҳамда ўз ҳудудларидаги диққатга сазовор жойларга бепул саёҳатга олиб чиқилди.
Ижтимоий ҳимояга ва уй-жойга муҳтож, ногиронлиги бўлган хотин-қизларга кўмак бериш ва уларни касаначилик асосида иш билан таъминлаш борасидаги ишлар кўламини янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ишлаб чиқилган режа-тақсимотга асосан 2018 йил давомида республика бўйича 268 нафар ногиронлиги бўлган фуқароларни касаначилик асосида иш билан таъминлашга кўмаклашилди.
Ўз навбатида, анжуманда Халқаро меҳнат ташкилотининг ижтимоий масалалар бўйича мутахассиси Жасмина Папа, Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси эксперти Года Невераускайте дунёда ва минтақада гендер тенгликни таъминлашда Халқаро меҳнат ташкилоти ва Халқаро касаба уюшмалари конфедерациясининг позицияси, ижтимоий ҳимоя сиёсати, гендер аспектлари бўйича фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар. Хусусан, Жасмина Папанинг қайд этишича, айни пайтда дунё миқёсида эркаклар ва аёллар ойлик маоши ўртасидаги фарқ 20 фоизни ташкил қилади. Бунинг асосий сабаби дунё аҳолисининг заиф қатлами етарлича ижтимоий ҳимояга олинмагани билан боғлиқ. Дунё миқёсида ноформал ишда фаолият юритаётганлар ҳам кўпроқ хотин-қизлардир. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун норасмий ишга жалб қилинганларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, гендер тенгликни таъминлаш механизмларини такомиллаштириш масалаларини рағбатлантириш лозим.
Халқаро меҳнат ташкилотининг ижтимоий масалалар бўйича мутахассиси Жасмина Папа шунингдек, ўз сўзида Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш, инсонларнинг фаровон яшашлари ва меҳнат қилишлари борасида олиб борилаётган ишларни юқори баҳолади.
Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси эксперти Года Невераускайте эса ўз маърузаси давомида Ўзбекистонда хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида ҳукумат, иш берувчилар ва касаба уюшмалари томонидан ижтимоий шериклик асосида олиб борилаётган ишларни ижобий баҳолар экан, бу борада эришилаётган ютуқларни алоҳида эътироф этди.
Касаба уюшмалари Умумконфедерациясининг меҳнат муҳофазаси масалалари, саломатлик ва инсонпарварлик муамммолари бўйича департаменти бошлиғи ўринбосари Ольга Крикунова минтақадаги мустақил давлатларда хотин-қизлар аҳволининг айрим масалалари, гендер тенгликни таъминлашда касаба уюшмаларининг иштироки ҳақида сўзлар экан, Ўзбекистон Президенти томонидан охирги йилларда барча соҳаларда бирдек олиб борилаётган ўзгариш қа ислоҳотларни ижобий баҳолади. Шунингдек, мамлакатда инсон манфаатларини таъминлаш масаласи асосий ўринга чиққани, натижада аҳоли турмуш даражасини ошириш борасида катта кўламдаги ишлар амалга оширилаётганини эътироф этди.
Анжуман давомида шунингдек, Беларусь, Озарбайжон, Россия, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон касаба уюшмалари вакиллари ўз мамлакатларида мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар, бу борада Ўзбекистонда тўпланган илғор тажрибани оммалаштириш зарурлигини алоҳида таъкидладилар.
Семинар якунида билдирилган фикр ва мулоҳазалар асосида тегишли тавсиялар қабул қилинди.
Анжуман доирасида меҳмонлар ва семинар иштирокчиларининг Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар ва диққатга сазовор масканлар бўйлаб саёҳати ташкил этилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати