03.06.2019. Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатлар кўп асрлик тарихга эга. Ўзбек ва тожик халқларини умумий тарих, яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва ишонч, ўхшаш анъаналар бирлаштириб туради. Икки қўшни давлат ўртасидаги муносабатларнинг илиқлашиши, чегара назорат пунктларининг очилиши, давлатларимиз ўртасидаги темир йўл ва авиақатновларнинг тикланиши халқларимизни янги марраларга ундамоқда.
Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги муносабатлар ўзаро ҳурмат, ишонч, конструктив мулоқот, мавжуд муаммоларни ҳал қилишда ҳамфикрликка асосланган бўлиб, бу кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга янги туртки бермоқда.
Ана шундай самарали ҳамкорлик бугун касаба уюшмалари тизимида ҳам тобора мустаҳкамланмоқда.
Жорий йилнинг 27-30 май кунлари Тожикистон Республикаси пойтахти Душанбе шаҳрида Халқаро давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмалари Федерацияси кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Анжуман якунида Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамда Тожикистон давлат, жамоат ва банк муассасалари ходимлари касаба уюшмаси Республика қўмитаси ўртасида англашув ва ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.
Томонлар ўзаро тенглик ва ҳурмат принциплари асосида касаба уюшмалари аъзоларининг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини муносиб ҳимоя қилиш борасидаги алоқаларни мустаҳкамлашни ҳамкорликнинг асосий йўналиши сифатида қайд этдилар.
Шунингдек, Меморандум доирасида ҳар иккала томон ишчи делегацияларининг мунтазам ташрифларини, ҳамкорликда долзарб мавзуларда конференция, форум, семинар, симпозиумлар, давра суҳбатларини, касаба уюшмалари аъзоларининг Ўзбекистон ва Тожикистоннинг диққатга сазовор ва тарихий масканларига туристик саёҳатларини ташкил этиш, МДҲ ва бутун дунёда касаба уюшмалари ҳаракатини ҳамда нуфузли халқаро касаба уюшмалари ташкилотларида ҳар иккала томон манфаатларини ўзаро қўллаб-қувватлашга келишиб олдилар.
Мансуржон Маҳбуров
Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг ташкилий ишлар бўйича бош мутахассиси