12.06.2019. 2019 йил 11 июнь куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан барпо этилган “Анор” болалар соғломлаштириш оромгоҳининг тантанали очилиш маросими ўтказилди.
Тантанали очилиш маросимда Ўзбекистон касаба уюшма Федерацияси мутасаддилари, фахрийлар ва ота-оналар иштирок этдилар.
Тадбирда ташкилотчилар томонидан бугунги кунда мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан жамият ҳаётининг ҳар бир соҳасида амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишларнинг энг аввало инсон манфаатларини таъминлашга қаратилганлиги алоҳида таъкидланди. Президентимиз ташаббуслари билан ишлаб чиқилиб, амалга оширилаётган Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Бешта ташаббусда ижтимоий соҳани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилгани, айниқса ёш авлод камолоти йўналишида улкан эзгу мақсад ва вазифалар мужассам эканлиги қайд этилди. Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Анор” болалар соғломлаштириш оромгоҳининг барпо этилиши ҳам мазкур Беш ташаббус ижросини таъминлаш мақсадига қаратилганлигини таъкидлаш зарур.
Мазкур болалар соғломлаштириш оромгоҳи 200 ўринга мўлжалланган бўлиб, турли соҳаларда фаолият кўрсатаётган меҳнаткашлар фарзандларини ўз қучоғига олди. 10 гектардан зёд майдонда қурилиб, фойдаланишга топширилган ушбу масканда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари учун 25 млрд. сўмдан ортиқ маблағ сарфланганлигининг ўзиёқ мамлакатимизда ёш авлод вакилларини ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири даражасига кўтарилганлигининг ёрқин далилидир.
Шу ўринда таъкидлаш зарурки, бугунги кунда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан маънан ва жисмонан соғлом авлод тарбияси борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ва уларнинг натижалари нафақат мамлакатимиз миқёсида, балки нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Шу маънода жаҳон андозалари талабларига мос равишда барпо этилган “Анор” болалар соғломлаштириш мажмуи ўзининг бетакрорлиги ва муқобили йўқлиги билан ажралиб туради десак муболаға бўлмайди. Хусусан, “Анор” оромгоҳи том маънода ўғил-қизларни нафақат мароқли дам олдириш ва жисмонан чиниқтириш, балки уларнинг интеллектуал салоҳиятларини ривожлантириш, ўзлари қизиққан йўналишлар бўйича билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи марказ сифатида иш бошлади. Бунинг учун ушбу масканда барча шарт-шароитлар яратилган. Жумладан, меҳнаткашлар фарзандлари учун ажойиб туҳфа бўлган ушбу оромгоҳда барча қулайликларга эга Маданият ва маърифат маркази, ўзбек мутафаккирлари ва адабиёт намоёндалари билан бир қаторда жаҳон адабиёти дурдоналари сирасига кирувчи бой китоблар заҳирасига эга замонавий Ахборот-ресурс маркази, энг сўнгги русумдаги кўргазмали воситалар ва жиҳозлар билан таъминланган тўгарак хоналари, маънавий-маърифий ва маданий тадбирларни ўтказиш учун мўлжалланган салобатли тантаналар майдони, жаҳон стандартлари талабларига жавоб берувчи ва махсус иситиш тизимига эга бўлган сузиш ҳавзаси, болалар майдончалари, замонавий лойиҳалар асосидаги ётоқ бинолари, барча шарт-шароитлар ва қулайликларга эга бўлган ошхона, ювиниш хоналари барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Оромгоҳда ота-оналар учун шинам суҳбат айвончалари ҳам барпо этилган. Ушбу иншоотларнинг барчаси бугун болажонлар камолотига хизмат қилмоқда.
Оромгоҳ тиббиёт мажмуида ўғил-қизларнинг саломатлиги доимий назорат қилиб борилмоқда. Болажонлар саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида жаннатмакон диёримиз бағрида етиштирилган табиий неъматлар ва гиёҳлардан фойдаланган ҳолда дамламалар тайёрланиб, овқатланиш рациони дармондориларга бой таомлар билан бойитилди.
Жорий йилда 5 навбатда фаолият юритиши кўзда тутилган янги оромгоҳда 1000 нафардан зиёд ўғил-қиз мароқли дам олиб, саломатлигини мустаҳкамлайди.
Дам олаётган болажонларнинг ҳорижий тиллар ва компьютер бўйича билимлари оширилмоқда. Шунингдек, “Ёш китобхонлар”, “Тасвирий санъат”, “Моҳир қўллар”, “Хореография”, “Жисмоний тарбия ва спорт”, “Рассомчилик”, “Бисер тикиш” каби 10 га яқин тўгарак машғулотларида эса болажонлар ўзлари қизиққан йўналишларда машғулотлар ўтмоқдалар. Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳамкор вазирликлар иштирокида болалар учун махсус саралаб олинган шеърлар, куй ва қўшиқлар тўпламлари, бадиий ва анимацион фильмлар ўғил-қизлар билан ўтказилаётган таълим-тарбиявий жараёнларнинг янада қизиқарли бўлишини таъминламоқда. Болажонлар учун мўлжалланган бадиий адабиётлар билан таъминланган кутубхона ҳам доимо гавжум бўлиб, ўғил-қизларнинг китобхонлик маданиятини оширишга хизмат қилмоқда.
Оромгоҳдаги барча хоналар алоҳида дид асосида энг замонавий мебель, маиший техника жиҳозлари, ошхона анжомлари билан таъминланган. Кенг кўламдаги ободонлаштириш ишлари билан бирга болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун кўргазмали бурчаклар ташкил этилгани янада аҳамиятлидир. Ушбу масканда болажонларни дармондориларга бой таомнома асосида тўғри овқатлантириш тизими йўлга қўйилган.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан ёш авлодни ҳар томонлама баркамол инсонлар бўлиб вояга етишларини таъминлаш йўналишида олиб борилаётган тизимли ишларга муносиб ҳисса қўшиш, шунингдек, болажонларни соғломлаштириш билан қамраб олиш кўламини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан жорий йилда Жиззах, Қашқадарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида жами 3 та янги оромгоҳ барпо этилди. Ушбу мақсадларга қарийб 75 миллион сўм маблағ йўналтирилди.
“Анор” оромгоҳнинг тантанали очилиш маросими “Ўзбекистон – бахтиёр болалар мамлакати” мавзусидаги маданий-маърифий тадбир ҳамда “Касаба уюшмалари – болаларга” акциясига уланиб кетди. Тантаналар давомида республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишларининг мазмун-моҳияти, уларнинг барчаси инсон манфаатларига хизмат қилаётгани, ёш авлод вакилларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликларнинг аҳамияти болаларга хос чиқиш ва саҳна кўринишлари орқали ифода этилди. “Касаба уюшмалари – болаларга” акцияси доирасида эса болажонларнинг барчасига совғалар ҳадя этилди.
Оромгоҳда дам олаётган ўғил-қизлар иштирокида ташкил этилган концерт дастурида ёш авлод вакиллари Она Ватанимизда бугунги кунда ёш авлод камолоти учун кўрсатилаётган эътибор, ўғил-қизларнинг ўз салоҳиятларини намоён этишлари учун давлатимиз томонидан яратиб берилаётган имкониятларни, барқарор тинчлигимиз ва мусаффо осмонимизни мадҳ этувчи куй ва қўшиқларни ижро этдилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати