19.06.2019. Фуқаро Р.Жўраева узоқ йиллик иш стажига эга шифокорлардан бўлиб кўп йиллардан буён Ширин шаҳар тиббиёт бирлашмасида ишлаб келган. Шунга қарамасдан, тиббиёт бирлашмаси рахбари унга нисбатан дастлаб ноҳақ интизомий жазолар қўллаб, сўнгра у билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра ноқонуний бекор қилган.
Ҳеч қайси бир ходим бир ҳолат юзасидан икки карра жазога тортилмайди. Лекин, фуқаро Р.Жўраевага нисбатан иш берувчи томонидан қатор меҳнат қонунчилиги бузилиши ҳолатлари аниқланди. Ҳусусан, жарима қўлланилишида фуқародан тушунтириш хати олинмаган бўлиб қўлланилган интизомий чора берилганлиги тўғрисидаги буйруқ билан Р.Жўраева ёзма равишда таништирилмаган. Шунингдек, буйруқ чиққан кунида иш берувчи томонидан амалга оширилиши лозим бўлган тўловлар амалга оширилмаган. Энг асосийсиси, муассаса касаба уюшма қўмитасининг ушбу ҳолатга розилиги олинмаган.
Бу вазиятда ўз – ўзидан ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари тикланиши лозим. Тиббиёт бирлашмаси рахбарига мазкур ҳолатларни бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритилди. Бироқ тадимнома талаблари бажарилмагач Сирдарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан судга даъво ариза киритилди.
Ниҳоят, адолат тантана қилиб орадан ўтган бир ярим ойлик муддатда фуқаролик ишлари бўйича Боёвут туманлараро судининг ҳал қилув қарори асосида ходим ишга тикланди ва Р.Жўраевага мажбурий прогул даври ҳамда маънавий зарар учун жами 10 млн сўмдан ортиқ миқдорида маблағ тўланадиган бўлди.