21.06.2019. Жорий йилнинг 17-21 июнь кунлари “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Ўқув маркази” нодавлат таълим муассасасида Касаба уюшмалари Республика Кенгашлари, Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти ходимлари касаба уюшмаси кенгаши Хотин-қизлар комиссиялари раисларининг ўқиши ташкил этилди.
Ўқувда “Ишловчи хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоялашда, уларга муносиб меҳнат шароитлари яратилишида касаба уюшмалари ташкилотларидаги Хотин-қизлар комиссияларининг ўрни” дастури асосида маърузалар, амалий машғулотлар ўтказилди.
“Халқаро Меҳнат Ташкилоти ва унинг конвенциялари”, “БМТнинг “Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги Конвенциясининг мазмун-моҳияти”, “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4235-сон қарорининг мазмун-моҳияти”, “Иш жойларида хотин-қизлар учун муносиб меҳнат шароитлари”, “Хотин-қизларга ва ёш болали аёлларга меҳнат қонунчилигида белгиланган имтиёз ва кафолатлар”, “Хотин-қизларнинг ижтимоий муҳофазаси”, “Меҳнат миграцияси оқибатлари”, “Касб касалликларининг келиб чиқиши, диагностикаси, экспертизаси ва реабилитацияси масалалари” мавзуларидаги маърузалар орқали тингловчилар ўз билим ва кўникмаларини оширдилар.
Психологлар иштирокида ўтказилган тренинг машғулотлари тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Ўқув машғулотлар дастури асосида тингловчилар тест синовларидан ўтказилди ҳамда “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Ўқув маркази” нодавлат таълим муассасаси томонидан тингловчиларга гувоҳнома топширилди.