[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

27.07.2012. 2012 йилнинг 27 июль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг навбатдаги V мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2012 йилнинг 1-ярим йиллиги давомидаги фаолияти”, “Корхона, ташкилот, муассасаларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳаётида бошланғич касаба уюшмаси ташкилотларининг тутган ўрни”, “Халқаро Меҳнат Конференциясининг 101-сессияси якунлари,  “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Хотин-қизлар кенгаши” тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.

Федерациянинг 2012 йил 1-ярим йиллиги давомидаги фаолияти тўғрисида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси Т.Нарбаева ахбороти тингланди. Бунда, Федерация Кенгашининг 2012 йил 26 январда ўтказилган мажлисида белгилаб олинган касаба уюшмалари фаолиятининг 9 та устувор йўналиши ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилган ишларга алоҳида эътибор қаратилганлиги таъкидланди.

Ушбу устувор йўналишлар ва уларни амалга ошириш юзасидан белгиланган вазифаларни бажариш доирасида:

Ўзбекистон Республикасининг «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги (янги таҳрирда), «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги Қонунлари лойиҳалари ишлаб чиқилди, шунингдек, 7 та Қонун ва 24 та меъёрий ҳужжат лойиҳаси кўриб чиқилиб, уларга тегишли хулосалар берилди.

Федерация Кенгашининг эксперт комиссияси томонидан 25 та тармоқ ва 5 та ҳудудий келишув, 4 та жамоа шартномаси, 24 та тармоқ келишувига киритилган қўшимчалар лойиҳалари экспертиза қилинди ва улар юзасидан тегишли хулосалар ҳамда таклифлар берилди.

«Ўзбекистон касаба уюшмалари картаси» тўғрисидаги қарор ижроси борасидаги ишлар якунига етказилди, «Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида кадрлар билан ишлаш тартиби тўғрисида Низом» тасдиқланиб, амалиётга татбиқ этилди.

Касаба уюшмалари органлари томонидан статистик ҳисоботлар шаклларини соддалаштириш юзасидан билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда, идоравий статистика ҳисоботларининг янги шакллари тасдиқланди ва Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси билан келишилди.

Нодавлат секторидаги 1 минг 241 та корхона ва ташкилотда бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти тузилиб, улардаги 26 минг нафардан ортиқ ишчи-ходим ижтимоий шериклик тамойиллари асосидаги ижтимоий ҳимоя билан қамраб олинди. Бу кўрсаткичлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан тегишлича 155 ва 134,5 фоизни ташкил этди.

Жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 9 минг 889 нафар фуқаро ва 42,9 мингта оилага 17 млрд. 291 млн. 363,1 минг сўмлик ижтимоий кўмак берилди.

Касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан корхона ва ташкилотларда «Устоз-шогирд» тизимини кенг жорий этиш, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш ҳамда улар меҳнат қилаётган иш ўринлари барқарорлигини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилди.

Корхона, ташкилот ва муассасаларда ишлаб чиқариш амалиётини ўтаган 16 минг 544 нафар кам таъминланган оилалардан бўлган коллеж ўқувчиларига касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан республикада белгиланган энг кам иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида – жами 208 млн. 190 минг сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.

Коллежларни имтиёзли диплом билан битирган ёки кам таъминланган оила вакили бўлган 1 минг 285 нафар ўқувчига касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан республикада белгиланган энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида – жами 40 млн. 426 минг сўмлик моддий ёрдам берилди.

Ҳисобот даврида касаба уюшма ташкилотлари томонидан жами 806 та янги иш ўринлари яратилиб, ушбу мақсадлар учун жами 727 млн сўм (шу жумладан, ҳомийлар ҳисобидан 292,5 млн сўм) маблағ сарфланди.

Федерация Кенгаши қошида «Касаба сайр» ва «Касаба-таъмир» шўъба корхоналари ташкил этилиб, уларнинг Уставлари тасдиқланди ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилди.

Меҳнаткашларнинг ўз касбига бўлган фидойилигини таъминлаш, ижтимоий фаоллигини ошириш, ташаббус ва изланишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2012 йилдан бошлаб, ҳар икки йилда бир марта «Ўз касбининг моҳир эгалари»ни тақдирлаш тадбирини ўтказиш йўлга қўйилди.

Ҳудудларда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, 10 дан ортиқ вазирлик, идора, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳудудий бўлинмалари, касаба уюшмалари вакиллари иштирокида «Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар» мавзуидаги Давра суҳбатлари ўтказилди.

«Мустаҳкам оила йили» Давлат дастури ҳамда Федерация Кенгаши дастурида белгиланган ҳар бир чора-тадбир ижросини ўз вақтида ва сифатли бажариш бўйича ҳам тизимли ишлар амалга оширилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги санаторийларда 47 минг 280 нафар меҳнаткаш ва уларнинг оила аъзолари ўз саломатликларини мустаҳкамлади, бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 110,8 фоизни ташкил этди.

Шу жумладан, имтиёзли йўлланмалар асосида соғломлаштирилган ходимлар сони 11 минг 845 нафарни ташкил этиб, ушбу мақсад учун 5 млрд. 922 млн. сўм маблағ сарфланди. Улардан 668 нафар ходимга 333,8 млн. сўмлик йўлланма бепул берилди.

Бугунги кунгача 840 та болалар соғломлаштириш оромгоҳида 253 минг 273 нафар бола дам олдирилиб, соғломлаштирилди. Жойларда Интеллектуал ривожлантириш, Меҳнат ва дам олдириш, Тарбия ва спорт-соғломлаштириш оромгоҳлари фаолияти йўлга қўйилди.

Касаба уюшмалари томонидан халқаро ҳамкорликни кучайтириш, хорижий давлатлар касаба уюшмалари ташкилотлари билан узвий алоқаларни йўлга қўйиш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, республикадаги давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамда БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда жорий йилнинг 25 май куни «Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ва амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг роли» мавзусида халқаро илмий-амалий Конференция ўтказилди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенати вакиллари, вазирлик ва идоралар, иш берувчилар ва уларнинг бирлашмаси, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари қатнашдилар.

Шунингдек, мазкур Конференцияда халқаро ташкилотлар (Халқаро Меҳнат Ташкилоти, БМТ Тараққиёт дастури, ЕХҲТ), хорижий давлатлар элчихоналари, Россия, Хитой, Украина, Беларуссия, Озайбайжон, Қозоғистон давлатлари касаба уюшмалари марказлари раҳбарлари ҳамда вакиллари, Германия, Италия ва Ҳиндистон давлатларидан мустақил халқаро экспертлар иштирок этдилар.

Конференция доирасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Озарбайжон касаба уюшмалари Конфедерацияси, Украина касаба уюшмалари Федерацияси, Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Меморандумлар имзоланди.

Касаба уюшмалари Федерацияси раҳбари Ўзбекистон делегацияси таркибида жорий йил 1-15 июнь кунлари Швейцариянинг Женева шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро меҳнат конференциясининг 101-сессиясида иштирок этиб, Ўзбекистонда ходимлар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, ёшлар бандлигини таъминлаш йўналишларда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маъруза билан чиқди.

Мажлисда амалга оширилаётган ишлар билан бир қаторда, жойларда айрим ҳудудий ва тармоқ касаба уюшма ташкилотлари томонидан устувор вазифаларни амалга оширишда йўл қўйилаётган камчиликлар ҳам таъкидланиб, уларни зудлик билан бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Мажлис кун тартибидаги иккинчи масала – Корхона, ташкилот, муассасаларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳаётида бошланғич касаба уюшмаси ташкилотларининг тутган ўрни масаласи юзасидан тингланган ахборотда бугунги кунда касаба уюшмалари тизимидаги мавжуд 33 мингдан ортиқ бошланғич ташкилотнинг нуфузини ошириш, уларнинг ишчи-ходимлар манфаатини ҳимоя қилиш борасидаги фаолиятини кучайтириш юзасидан қатор ишлар амалга оширилганлиги таъкидланди.

Бошланғич ташкилотларни ташкилий жиҳатдан мустаҳкамлаш, улар тузилмасини ва кадрлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш соҳасида кўплаб ўзгаришлар амалга киритилаётганлиги, жумладан, 2012 йилда ҳар бир вилоятнинг 1 тадан туманидаги барча бошланғич ташкилотлар, қолган ҳар бир туманда 2 тадан бошланғич ташкилотлар фаолиятини намунали йўлга қўйиш борасида амалга оширилган муайян ишлар қайд этиб ўтилди.

Мажлисда кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам чуқур муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.