22.07.2019. Бугун касаба уюшмалари кириб бормаган соҳанинг ўзи қолмади. Ходимга қулай ва хавфсиз иш шароитлари яратиш, унинг ўзи ёки оила аъзоларини соғломлаштириш, маданий-маърифий тадбирлар, туризм саёҳатлари уюштириш, спортнинг оммавийлигини таъминлаш, иш ҳақидан муддати ўтган қарздорликни бартараф этиш, бандликка кўмаклашиш, кам таъминланган аҳоли қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш, хуллас, қайси йўналишни олиб қараманг, барча ишларда касаба уюшмаларининг ўрни ва нуфузи борлигини кўрасиз.
Ҳаётий бир мисол. 2012 йилда «Деҳқонобод калий заводи» МЧЖга ота-онасиз Байша Нормўминова деган қиз касаба уюшмалари ёрдамида ишга олинди. Орадан бир йил ўтиб, у Ойбек Эшматов деган йигит билан турмуш қурди. Фарзанд туғилди.
Аммо Байшанинг қувончи кемтик бўлиб чиқди. Туғилган бола кар-соқов, яъни гунг, эри эса тирикчилик важидан Россияга кетган эди. Ана шундай паллада чорасиз қолган аёлга яна касаба уюшмаси ғамхўрлик кўрсатди. Байшанинг турмуш ўртоғини хориждан чақириб олиб, корхонага ишга жойлашишига кўмаклашди. Ёш оилага оилавий ётоқхонадан жой берилди. Туман ва вилоят соғлиқни сақлаш ташкилотларидан йўлланма тўғрилаб, Байшанинг ўғли Беҳрузни пойтахтдаги Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказида даволатишга қарор қилинди. Бу пайтда Байша иккинчи марта болали бўлган, пойтахтга боролмасди. «Деҳқонобод калий заводи» АЖ касаба уюшма қўмитаси аъзоси Зебинисо Салимова Беҳруз билан Тошкентга йўл олди. Турли тиббий муассасаларда кўрикдан ўтилди. Барча сарф-харажатларни касаба уюшма қўмитаси ва корхона раҳбарияти ўз зиммасига олди. Ниҳоят, интиқлик билан кутилган кун келди. Хорижлик мутахассислар Беҳрузни «операция» қилишди. Боланинг ёнида касаба уюшма фаоли Зебинисохон онадек парвона бўлди…
Беш ёшга кирганда Беҳруз илк бор «Она» сўзини тилга олди. Байшанинг кўзидан қувонч кўз ёшлари оқди. Бугунги кунда Беҳруз Тошкентдаги махсус педагогик муассасада нутқни ривожлантириш бўйича курсларда қатнашмоқда.
«Халқ сўзи» ва «Ishonch» газеталарида ЎзКУФК ҳузурида янги ташкил этилган Ахборот-таҳлил маркази раҳбари Шоқосим Шоисломов билан уюштирилган суҳбатни ўқиб, шу воқеалар кўз олдимга келди. Айтиш жоизки, мақолада касаба уюшмалари амалга ошираётган ишларнинг фаолият қамрови йилдан-йилга кенгайиб бораётгани, олдимизда турган муаммолар муфассал очиб берилган.
Мақоладаги қуйидаги сатрларга эътибор беринг-а: «Башанг кийиниб, минбарларда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари тўғрисида чиройли гапираётган хорижлик жанобнинг гапига кўпам ишонаверманг. Унинг гапидан кўра, тақдир тақозоси туфайли ёш болалари билан ота-онасининг уйида сиқилиб яшаётган онага давлат томонидан уй берилгани, унинг ишлаши учун тикув цехи ва болалар боғчаси ишга туширилганига оид ахборот минг марта қимматлироқдир».
Дарҳақиқат, Президентимизнинг «Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш бўйича ҳам касаба уюшмалари томонидан қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2017-2018 йилларда Қашқадарё вилояти бўйича 180 нафар эҳтиёжманд фуқарога саломатлигини тиклаши учун қарийб 650 млн. 222 минг сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. 2715 оилага 3 млрд. 174 миллион сўмлик кундалик турмушда зарур бўлган маиший техника жиҳозлари совға қилинди. 523 та оиланинг уй-жойи таъмирланди, 63 та оила уй-жой билан таъминланди.
Умумий ҳисобда вилоятда юқоридаги тадбирларга 15 миллиард 564 миллион сўм маблағ сарфланди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгашининг «Меҳнат соҳасидаги янги жараёнларни таҳлил қилиш учун беқарор бандликни, ҳақ тўланадиган жамоат ишлари ҳамда хусусий бандлик агентликлари фаолиятини мониторинг қилиш бўйича услубий кўрсатмаси»га асосан бирлашма кенгаши томонидан кенг кўламли ишлар олиб борилди. Жумладан, жорий йилнинг июнь ойида Ғузор туманида ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинганларга яратилган шарт-шароитлар таҳлил этилди. Бунда улар билан меҳнат шартномаси тузилгани, иш жойларида меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилиши, ходимларнинг шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлангани, иш куни бўйича мониторинг кўп нарсаларга ойдинлик киритди. 601 нафар фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишига жалб этилгани ва уларнинг ҳар бирига ўртача ҳисобда 638179 сўм иш ҳақи тўланаётгани аниқланди.
Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг «Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасига ўзгартириш киритиш ҳақида»ги қарорига кўра, республикамизда 2019 йилнинг 1 январидан энг кам меҳнат ҳақи 577730 сўм қилиб белгиланган. Шунга кўра, касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси мутахассислари ҳар ойда иш берувчиларнинг иш ҳақи кафолатланган энг кам миқдорига оғишмай риоя қилиши устидан жамоатчилик мониторинги олиб боришмоқда. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан иш берувчиларга тегишли услубий кўрсатмалар бериляпти.
Бундан ташқари, вилоятдаги айрим тиббиёт муассасалари иш берувчилари томонидан 0,25 ставкада ходимлар билан меҳнат шартномалари тузилаётган ҳолатлар учраб тургани сабабли бирлашма кенгаши бунга қатъий чек қўйиш борасида таъсирчан чораларни кўрмоқда.
Бевосита ходимларнинг ҳуқуқий ҳимояси тўғрисида тўхталсак: 2019 йилнинг 1 июль ҳолатида вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасига 143 та ёзма, 7 та электрон, 158 та «Ишонч телефони» орқали, жами 308 та мурожаат келиб тушди. Ушбу мурожаатлар бўйича 41 ҳолатда тақдимнома киритилди. 278 нафар шахснинг ҳуқуқи тикланди, ходимларга 37 миллион 123 минг сўм миқдоридаги иш ҳақи ва бошқа тўловлар ундириб берилди.
2018 йилда бирлашма кенгашининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мутахассислари ва жойлардаги меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича сайланган вакиллари меҳнат муҳофазасига оид 2356 та қоидабузарликни аниқлаб, 2024 та камчиликни бартараф этишди.
Меҳнатни муҳофаза қилиш, ходимлар учун хавфсиз меҳнат шароитлари яратиш, ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳолда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар натижасида жароҳат олган ходимларга бир йўла ва ойма-ой зарар тўловлари тўланиши тартиби ҳамда меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникасига оид масалалар бўйича мурожаат қилган 56 нафар ходимга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Ҳар йили вилоятда ёзги болаларни дам олдириш мавсуми уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда. Жорий йилда ҳам 25090 нафар ўғил-қизни соғломлаштириш режалаштирилган. Хусусан, 3000 нафарга яқин кам таъминланган оила фарзандлари, 112 нафар «Меҳрибонлик уйи» тарбияланувчилари ҳамда 261 нафар бола «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вилоят бўлимлари томонидан бепул дам олдирилмоқда. Бундан ташқари, мавсумнинг тўртинчи навбатида Оролбўйидан (Қорақалпоғистондан 250 нафар, Хоразмдан 250 нафар) ўғил-қиз Шаҳрисабздаги сўлим «Лочин» оромгоҳида бепул ҳордиқ чиқаради.
Ғоят муҳим масалалар кўтарилган ва таҳлил қилиб берилган «Ижтимоий ҳимоя сўзда эмас, амалда бўлиши керак» сарлавҳали мақола касаба уюшма етакчилари ва кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди. Дастлаб вилоят марказида, сўнгра барча туман ва шаҳарларда унда кўтарилган долзарб фикрлар юзасидан фикр алмашилди.
Бундан ташқари, «Ishonch» газетасида эълон қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси юзасидан ҳам турфа фикрлар, таклиф ва мулоҳазалар билдирилаётир. Янги қонун лойиҳаси ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ҳимоя қилишда анча мукаммал кўринишга эга эканини таъкидлаш жоиз. Айниқса, қатор моддаларда, жумладан, 30-модда (Касаба уюшмаларининг меҳнат ва ижтимоий ривожланиш соҳасида қонунлар ва бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқи) ҳамда 31-моддада (Касаба уюшмалари, уларнинг ташкилотлари, органлари ва бирлашмаларининг ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ва манфаатларини ифода этиш ва ҳимоя қилишга оид ҳуқуқлари) зиммамиздаги вазифалар, касаба уюшмаларининг жамиятда тутган ўрни тобора юксалаётгани, бизга билдирилаётган ишонч ортаётганини кўриш мумкин.
Эсон Ражабов
Қашқадарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси