23.07.2019. “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида ички туризмни ривожлантиришда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам катта ташаббусларни илгари сурмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан жорий йилнинг март ойидан бошлаб республика ҳудудидаги меҳнат жамоаларида фаолият кўрсатаётган касаба уюшмаси аъзоларининг алоҳида режа асосида Хоразм вилоятининг диққатга сазовор жойларига саёҳати ташкил этиб келинмоқда.
Саёҳатчилар бу сафар Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши тизимидаги ташкилотларнинг ишчи-ходимлари ва уларнинг оила аъзоларидан таркиб топди.
Саёҳат давомида “Шарқ гавҳари” дея таъриф бериладиган қадимий ҳамда навқирон Хива шаҳридаги Ичан қалъа мажмуаси ҳамда Урганч шаҳрида жойлашган Ниёз Мухаммад охун бобо жомеъ масжиди, Жалолиддин Мангуберди мажмуаси ва Авесто боғи меҳмонларга чексиз завқ улашди.
– Узоқ ўтмиш, асрлар оша бус-бутун бизгача етиб келган қадим ва навқирон шаҳар – “Ичан қалъа”га ташриф буюрарканман, аждодларимиз томонидан бунёд этилган минораю, масжидлар, хонақоҳ ҳамда мақбараларнинг салобати ва маҳобати мени олис тарихга хаёлан саёҳатга ундади. Ота дарвоза олдида турарканман, бир пайтлар бу дарвозадан ўтган шоҳлар ва хонлар, буюк боболаримизнинг қадамларини ҳис этдим. Мовий гумбазлар, осмонўпар миноралар, сержило обидалар гўзалликка ташна ҳар бир инсонни ўзига мафтун этади, – дейди Ангрен кимё саноати касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси М.Исмаилова.
– Бизга берилган эътиборнинг яна бир жиҳати шундаки, Урганч шаҳрида жойлашган “Хоразм Палас” меҳмонхонасидаги шарт-шароитлар ва кечки маданий дастур барчамизни хушнуд этди. Барча ишлар юқори савияда ташкил этилган. Буларнинг барчаси учун, авваламбор, Давлатимиз раҳбарига миннатдорчилик билдирамиз.
Саёҳатчилар бир олам таассурот билан қайтишди. Бу кайфият албатта, уларнинг келгусидаги меҳнат фаолиятларида ўз самарасини беради.
Шахина Джураева
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши етакчи мутахассиси