[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

27.04.2011. 2011 йилнинг 27 апрель куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг III мажлиси бўлиб ўтди.

Мазкур мажлис кун тартибига қуйидаги масалалар қўйилди ва кўриб чиқилди:

– меҳнаткашлар болаларини соғломлаштириш ва дам олишини ташкил этишда касаба уюшмалари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида;

– касаба уюшма бюджети маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланишни ташкил этиш тўғрисида;

– Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсати ва Раёсат Ижроия қўмитаси томонидан касаба уюшмалари мулкини бошқаришга доир қабул қилинган қарорлар тўғрисида;

– Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида.

Мажлис кун тартибидаги биринчи масаланинг муҳимлигини ва ижтимоий моҳиятини инобатга олиб, тармоқ касаба уюшмалари ташкилотларига қатор топшириқлар юклатилди.

Тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг 2011 йилги болаларни соғломлаштириш ва дам олдириш  мавсумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлари тасдиқланди.

Кун тартибидаги иккинчи масала бўйича Кенгаш аъзолари томонидан фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилди. Шуларни инобатга олган ҳолда, «Касаба уюшма ташкилотларида касаба уюшмасига аъзолик бадалларини тақсимлаш, касаба уюшма бюджети маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом», «Касаба уюшмаси аъзолик бадаллари ҳисобидан санаторий ва дам олиш уйларига имтиёзли йўлланмалар олишни режалаштириш, тақсимлаш, сотиш, ҳисобга олиш, бериш ва ҳисоботларни тартибга солиш тўғрисида Йўриқнома» тасдиқланди.

Мажлисда кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам батафсил кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ташкилий ишлар бўлими

Фарзандлар соғлиғи – келажак пойдевори

 Пресс релиз

27 апрель куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Унда меҳнаткашлар фарзандларини соғломлаштириш ва дам олишини ташкил этишда касаба уюшмалари фаолиятини такомиллаштириш ҳамда 1-чорак давомида устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги масалалар муҳокама этилди.
Мажлисда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими вазирликлари, Савдо-саноат палатаси, Республика хотин-қизлар қўмитаси, қатор давлат идоралари ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Кун тартибидаги биринчи масала юзасидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши раиси ­Танзила Нарбаева сўзга чиқиб, жумладан шундай деди:
— Маълумки, ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялаш, унинг дунёқарашини шакллантириш, саломатлиги тўғрисида ғамхўрлик кўрсатиш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.

Бугунги мажлисда меҳнаткашларнинг фарзандларини соғломлаштириш ва дам олдиришни ташкил этиш борасидаги ишларимизни такомиллаштириш, ушбу йўналишдаги фаолиятни танқидий жиҳатдан қайта кўриб чиқиш масаласи муҳокама қилинаётганлигини ҳам шу билан изоҳлаш мумкин.

Бу соҳадаги ишларимиз истиқболи ҳамда асосий йўналишларини белгилаб олиш билан бир қаторда, аввалги йилларда бу борада йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳақида фикрлашиб олишимиз, улардан тўғри хулоса чиқаришимиз ҳар томонлама фойдали бўлар эди.
Федерация кенгаши раиси мажлис иштирокчилари диққатини жамоа  келишувларида болалар оромгоҳларини янада ривожлантириш, уларни молиялаштириш, ўринларни кенгайтириш, дам олдириш қувватини ошириш, қуриш, қайта тиклаш ёки қайта қуриш масалаларини кўзда тутилишига етарли эътибор берилмаётганлигига қаратди. Шунингдек, қишлоқ ва сув хўжалиги идоралари қарамоғидаги болалар оромгоҳларида мавжуд камчилик ва нуқсонлар алоҳида таъкидланди. Бу борада Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Марказий кенгаши томонидан етарли даражада фаоллик кўрсатилмаётганлиги танқид остига олинди.

Ўтган йилги таҳлиллар айрим вилоятларда болаларни овқатлантириш учун белгиланган меъёрлар бузилганлигини кўрсатди. Шу боис болаларни соғломлаштириш ва дам олдириш мақсадларига ажратилган молиявий маблағлардан фойдаланишда мавжуд бўлган камчиликларнинг бу йил такрорланмаслигига эришиш борасида аниқ вазифалар ўртага ташланди.

Таъкидлаш зарурки,  ўтган йили дуч келинган муаммолар – оромгоҳларга олиб борувчи йўлларнинг қониқарсиз ҳолати, Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд вилоятларидаги оромгоҳларда электр токи ва газ таъминотида рўй берган узилишлар, оромгоҳларни педагогик, тиббиёт ходимлари билан тўлиқ таъминламаслик, ходимларнинг ўз мансаб вазифаларини бажаришга масъулиятсизлик билан ёндошиш ҳолларидан тегишли хулоса чиқариш зарур.

Мавжуд болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг стационар базасидан тўлиқ ва оқилона фойдаланиш болажонларни соғломлаштириш билан янада кенгроқ қамраб олиш имкониятини яратишини унутмаслик зарур. Яъни оромгоҳларнинг 3-4 навбатда ишлашини таъминлаш бугунги кун талабларидан биридир.
Масаланинг яна бир муҳим жиҳати болалар билан олиб борилган тарбиявий ишлар борасида ўтган йили йўл қўйилган камчиликларнинг бу йил такрорланмаслигига эришишдир. Шу ўринда Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг бошқармалари, рассомлар, ёзувчиларнинг ижодиёт бирлашмалари, илмий-маърифий ташкилотлар, оромгоҳларда болаларга қўшимча хизматлар кўрсатиш бўйича талабларни тўла ҳажмда бажармаганликлари, Сурхондарё, Самарқанд, Жиззах, Хоразм вилоятларида улар қабул қилган дастурлар қоғозда қолиб кетганлигини кўрсатиб ўтиш ўринлидир.

Таъкидлаш жоизки, соғломлаштириш оромгоҳларининг муваффақиятли фаолият кўрсатиши учун кўплаб ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлиги талаб қилинади.

Шу боис, мазкур ҳамкорликнинг томонлари бўлган ташкилотлар, идоралар, вазирликлар, қолаверса, касаба уюшмалари олдида турган вазифаларни ҳозирданоқ аниқлаштириб олиш муҳим аҳамият касб этади.

Жорий    йилги ёзги соғломлаштириш мавсумида оромгоҳларга 250 минг нафар болани қамраб олиш мўлжалланмоқда. Фаолият кўрсатиши режалаштирилаётган 800 дан зиёд болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг 200 дан зиёдини шаҳардан ташқарида жойлашган стационар туридаги оромгоҳлар, 600 га яқинини эса кундузги оромгоҳлар ташкил этади.

Бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши болаларни соғломлаштириш мавсумини намунали ўтказишга эришиш мақсадида қуйидаги масалаларга эътиборни кучайтирмоқда:
Биринчидан, оромгоҳларнинг моддий-техника базасини шакллантириш билан боғлиқ барча ишларни болалар оромгоҳга келмасидан олдин охирига етказиш зарур. Бу борада хўжалик ташкилоти, касаба уюшма қўмитаси ўз олдидаги масъулиятларини чуқур ҳис қилиши лозим. Хусусан, жамоа келишувлари ва шартномаларини тузиш жараёнида бу масалага алоҳида эътибор қаратиш зарур. Меҳнаткашлар ва уларнинг фарзандларини дам олдириш ҳамда соғломлаштириш базасини шакллантириш масаласи билан, аввало, тармоқ касаба уюшмаларининг Марказий кенгашлари бевосита ва амалий жиҳатдан шуғулланмоғи даркор. Ҳар бир вазирлик даражасида меҳнаткашларнинг фарзандларини соғломлаштиришнинг 2012-2015 йилларга мўлжалланган аниқ дастурлари ишлаб чиқилмоғи зарур.
Иккинчидан, республика касаба уюшмалари болаларни соғломлаштириш ишини такомиллаштириш масаласига эътиборни кучайтириши, ажратилаётган маблағлардан янада оқилона ва самарали фойдаланишга эришиши лозим.

Учинчидан, болаларни соғ­ломлаштириш оромгоҳлари тўғрисидаги мавжуд Низомга сезиларли ўзгартиришлар киритилиб, Адлия вазирлигида тегишли тартибда рўйхатдан ўтказилди.
Тўртинчидан, болалар билан ишлашни янада такомиллаштириш мақсадларини кўзлаб, халқ таълими идоралари, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати билан ҳамкорликда заковатли болалар, спорт, туристик, экологик, техника ижодиёти, ўлкашунослик, меҳнат ва дам олиш сингари йўналишли оромгоҳларда тарбиявий ишларни йўлга қўйиш имкониятлари кўриб чиқилмоқда.

Бугун даврнинг ўзи болаларни дам олдиришни ташкил этишнинг бошқа шаклларини излашга мажбур қилмоқда.

Бу йил ҳар бир вилоятда 15-17 ёшли болалар учун меҳнат ва дам олиш оромгоҳларини очиш режалаштирилган. Бундай оромгоҳларни ташкил этиш чоғида болалар ва ўсмирлар меҳнатини муҳофаза қилиш ва унинг хавфсизлигини таъминлашга доир талабларга, болалар учун рухсат этилган иш турларига қатъий риоя қилинишига, оқилона иш ҳақи тўланишига эришиш лозим.

Бешинчидан, мактаб, лицей, коллежлар қошида фаолият юритадиган кундузги оромгоҳлар ишини ташкил этиш сифатини кескин яхшилаш лозим.

Бу йил кундузги оромгоҳлар дислокациясини, яъни улар фаолият кўрсатадиган масканларни тасдиқлаб олишга келишилди. Бунинг учун касаба уюшмаларининг ҳудудий бирлашмалари кичик ёшдаги болаларни соғломлаштириш ва дам олдириш ташкил этиладиган энг яхши биноларни танлаб олиб, уларни шунга мос ҳолга келтиришга эришди.

Навбатдаги вазифа кундузги оромгоҳларда болаларни дам олдириш тўлақонли мазмун касб этишини таъминлашдан иборат. Бу жараён ўқув йилининг шунчаки давомига айланиб қолмаслиги лозим.
Бу йил болалар билан тарбиявий ишнинг асосий ўзагини Мустақиллигимизнинг 20 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ташкил этмоғи керак. Ўтган даврда давлатимиз эришган ютуқларни турли шакл ва усуллар орқали болалар онгига сингдирмоқ даркор.

Олтинчидан, Оролбўйи минтақаси болаларини соғломлаштиришни кенгайтириш чоралари кўрилди. Натижада жорий йилда Қорақалпоғистон Республикасидан 2500 нафар ва Хоразм вилоятидан 1500 нафар болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш режалаштирилиб, Оролбўйи болаларини қабул қилиш географияси кенгайтирилди. Яъни улар нафақат Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти корхона ва ташкилотлари тасарруфидаги, балки Самарқанд ва Жиззах вилоятларидаги оромгоҳларда ҳам соғломлаштирилади.

Еттинчидан, болалар соғломлаштириш оромгоҳларини текширишни тартибга солиш масаласига жиддий эътибор қаратиш лозим. Ҳокимият, санэпидстанция, прокуратура, ички ишлар бўлимлари, ёнғин хавфсизлиги хизмати ва бошқалар, туман, вилоят ва республика идоралари даражасида ўтказиб келинган алоҳида-алоҳида текширувлар кўп ҳолларда оромгоҳлардаги ташкилий ва тарбиявий ишларга ҳалақит бермоқда.

Мазкур идоралар барча текширувларни вилоят комиссияларини хабардор қилган ҳолда амалга оширишлари, текширишлар махсус ҳисобга олиш журналларида қайд қилиниши, уларда текширув ўтказаётган мансабдор шахс аниқ кўрсатилиши лозим.

Шундан келиб чиқиб, «2011 йил ёз мавсумида болалар соғломлаштириш оромгоҳлари фаолиятини текширишни ташкил этиш ва уни ўтказиш тартиби» бўйича тузилган лойиҳа кўриб чиқиш учун республика комиссиясига киритилади.

Саккизинчидан, республиканинг барча ҳудудларида болаларни соғломлаштириш ва дам олдириш бўйича ҳокимликларнинг қўшма қарорлари қабул қилинди, тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Бу тадбирлар қоғозда қолиб кетмаслиги, турли хизматлар ва идораларнинг болаларни тўлақонли ҳамда мазмунли дам олдириш ва соғломлаштиришни ташкил этишдаги ўрни ва ролини аниқ белгилаб қўйиш имконини бериши лозим.

Шу мақсадда жойларда болалар оромгоҳлари ташкилотчилари ва ходимларининг вилоят семинарларини ўтказиш назарда тутилмоқда. Мазкур семинарларга болаларни соғломлаштиришга хизмат кўрсатувчи таълим, соғлиқни сақлаш, ички ишлар идоралари, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, бошқарма ва муассасаларнинг мутахасисслари жалб қилиниши лозим.

Ёзги мавсум мобайнида муаммоларни тезкор ҳал қилиш учун республика болаларни ёзги соғломлаштириш ва дам олдириш комиссиясининг ишчи гуруҳлари шакллантирилади.
Ишчи гуруҳнинг мақсади болалар соғломлаштириш оромгоҳлари фаолиятини ўрганиш, аниқланган муаммолар ва камчиликларни вилоят доимий комиссияси йиғилишида якуний муҳокама қилиш, уларни бартараф этиш юзасидан тезкор ва аниқ тадбирлар белгилаш ҳамда заруратга қараб амалий ёрдам беришдан иборат бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, болаларнинг ёзги оромгоҳларига аввало, фақат болалар дам олдирилиб, соғломлаштириладиган жойгина деб эмас, балки ижодий, интеллектуал камол топадиган, болаларга соғлом турмуш тарзи сингдириладиган, ижтимоий кўникмалар эгалланадиган педагогик маскан сифатида қаралмоғи даркор.

Кун тартибидаги иккинчи масалага ўтар экан, Федерация кенгаши раиси мазкур масала нима учун кун тартибига киритилганлигига эътибор қаратди.

Маълумки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг V – Қурултойи бўлиб ўтганига ҳеч қанча вақт бўлгани йўқ. Лекин  шу қисқа вақт ичида касаба уюшмалари органлари, жумладан, Федерация кенгаши томонидан қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, тармоқ касаба уюшмалари Марказий кенгашлари ходимлари билан, шунингдек, вилоятларда бўлиб ўтган учрашувларда билдирилган таклифлар асосида 102 банддан иборат тадбирлар ишлаб чиқилди ва бугунги кунгача уларнинг 80 таси ҳал этилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид 2011-2013 йиллар учун Бош келишув имзоланиб, Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигида рўйхатдан ўтказилди.

Касаба уюшмалари фаолиятига доир амалда бўлган 15 дан ортиқ меъёрий ҳужжатлар қайта кўриб чиқилди ва тасдиқланди.

Асосий эътибор бошланғич ташкилотлар мавқеини оширишга, касаба уюшмалари тузилмасини оптималлаштириш ва такомиллаштириш орқа­ли касаба уюшмалари органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, аъзо ва тасарруфдаги ташкилотлар фаолиятини янада кучайтиришга қаратилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги бошланғич касаба уюшма ташкилоти тўғрисида намунавий Низом ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.

Бошланғич ташкилотлар фаоллигини ошириш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида «Энг намунали бошланғич ташкилот» кўрик-танловини ўтказиш ҳақида қарор қабул қилиниб, жойларга етказилди.

Қуйи ташкилотларнинг аввал жорий этилган вакиллик институти ўзини оқламаганлиги тўғрисидаги фикрларини ҳисобга олиб ва аъзо ташкилотлар таклифлари асосида вакиллик институтини бекор қилиш ҳамда унинг ўрнига соҳа хусусиятларини ҳисобга олувчи янги тузилмаларни жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, ҳозирги кунда бу йўналишда ишлар олиб борилмоқда.

Бугунги кунда муайян молиявий қийинчиликларни бошдан кечираётган касаба уюшмаларини бирлаштириш ва оптималлаштириш, шу орқали ҳам молиявий, ҳам ташкилий жиҳатдан кучли касаба уюшмаларини ташкил этиш юзасидан ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Автомобил, дарё, электр транспорти ва йўл хўжалиги ҳамда Қурилиш ва қурилиш ашёлари саноати ходимлари касаба уюшмаларини, Енгил, мебел саноати ва коммунал-маиший хизмат ходимлари билан Савдо ходимлари ва тадбикорлар касаба уюшмасини бирлаштириб, янги касаба уюшмасини ташкил этиш бўйича таъсис Қурултойи ўтказилди. Шунингдек, Маданият ходимлари касаба уюшмаси билан Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасини бирлаштириш кўзда тутилган.

Ҳудудий бирлашмалар ва тармоқ касаба уюшмаларининг ҳудудий органлари ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, уларнинг ваколатлари, вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ белгилаб қўйиш мақсадида «Ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Низоми» ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.

Шу билан биргаликда, касаба уюшма ташкилотлари ҳудудий бирлашмалари, касаба уюшмаларининг ҳудудий органлари тузилмасини оптималлаштириш мақсадида уларнинг тузилмасини такомиллаштириш ишлари амалга оширилиши натижасида ҳудудий бирлашмаларнинг маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими, меҳнат муҳофазаси, юридик хизматлари қўшимча штат бирликлари ҳисобига кучайтирилди ва уларнинг мутахассислари тармоқ вилоят органларига бириктирилиб, уларга хизмат кўрсатишлари таъминланди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши Санатор-курортлар бошқармаси тузилмасини такомиллаштириш натижасида бошқарманинг янги штат жадвали ишлаб чиқилди ва ортиқча штат бирликлари сони 25 фоизга қисқартирилиб, маблағлар иқтисод қилинишига эришилди. Меҳнаткашларни соғломлаштириш сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида “Санаторий йўлланмаларини режалаштириш, чиқариш, тақсимлаш, сотиш, ҳисобга олиш, ҳисоботи ва бериш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг янги таҳрири ишлаб чиқилиб, унга мувофиқ меҳнаткашлар санаторийларга илгари ўрнатилганидек 5 йилда бир маротаба эмас, 3 йилда бир маротаба йўлланма олиш имкониятига эга бўлдилар.

Худди шундай ишлар касаба уюшмалари Федерацияси кенгашининг даволаш-профилактика марказида ҳам олиб борилди. Марказ тузилмасини оптималлаштириш натижасида 18,5 фоиз штат бирлиги қисқартирилди ва 2011 йилда касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши томонидан бериладиган дотация суммаси 2010 йилга нисбатан 23 фоизга камайтирилди. Муҳими, ижтимоий адолат тамойилларига риоя этилишини таъминлаш ҳамда қуйи бўғинларда фаолият кўрсатаётган касаба уюшма ходимларини соғломлаштириш билан қамраб олиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида даволаш-профилактика марказига бириктирилган контингентлар сони оширилди.

Меҳнат аҳлининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари  ҳимоясини кучайтириш мақсадида бошланғич касаба уюшма ташкилотларининг молиявий имкониятлари кенгайтирилиб, уларда қоладиган аъзолик бадаллари миқдори оширилди. Натижада ҳар йили қўшимча равишда касаба уюшма бюджети ҳисобидан 10 минг нафарга яқин касаба уюшма аъзосини соғломлаштириш имконияти яратилди.

Кун тартибида кўрилган масалалар юзасидан сўзга чиққан Қашқадарё вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Э.Ражабов, Халқ таълими вазири ўринбосари А.Холбеков, Андижон вилоят ҳокими ўринбосари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши назорат-тафтиш комиссияси раиси Ш.Ибрагимов, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг санитария эпидемиология республика маркази болалар гигиенаси бўлими санитар врачи Р.Қосимов, Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Марказий кенгаши раиси Қ.Собиров, «GM-Uzbekistan» ёпиқ акционерлик жамияти касаба уюшма қўмитаси раиси ­М.Олимов ҳамда «Меҳржон» болалар соғломлаштириш оромгоҳи бошлиғи Х.Турғунова меҳнаткашлар фарзандларини ёзги соғломлаштириш ишлари самарадорлигини ошириш, касаба уюшма бюджети маблағларидан оқилона фойдаланиш борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Мажлисда кўрилган қатор масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерацияси кенгаши Матбуот хизмати