[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

Ҳудудларда «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси юзасидан жамоатчилик муҳокамалари шундай руҳда ўтмоқда

Бухоро вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасида ташкил этилган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси, академик Акмал Саидов, ЎзКУФ раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши вакиллари, бандлик, савдо-саноат палатаси, адлия бошқармалари, «Нуроний» жамғармасининг ҳудудий бўлими масъуллари, ОАВ ходимлари иштирок этди.
Муҳокама аввалида Бахтиёр Маҳмадалиев шу йилнинг июлида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда кўриб чиқилган ва депутатлар концептуал жиҳатдан маъқуллаган мазкур янги қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилиб, илгари сурилишига туртки берган омиллар хусусида тўхталди.
Таъкидландики, 1992 йилда қабул қилинган амалдаги қонун бугунги кун талаб­ларига жавоб бермаяпти. Диёримизда демократик жамият, фуқаролик жамияти қурилаётган экан, қамрови жиҳатидан республикада энг катта жамоат ташкилоти бўлмиш касаба уюшмаларининг фаолиятини такомиллаштиришни замоннинг ўзи тақозо этмоқда. Янги, мукаммалроқ қонунга эҳтиёж туғилганининг асосий сабаби ҳам шунда.
Ўз навбатида, Акмал Саидов амалдаги қонун ўз вақтида нафақат МДҲ, балки дунё миқёсида энг илғор ҳуқуқий ҳужжатлардан бири ҳисобланишини, эндиликда у тарихий вазифасини ўтаб бўлганини қайд этди.
Юртимизда сўнгги уч йилда барча жабҳаларда рўй бераётган улкан ўзгариш­лар, хусусан, касаба уюшмалари фаоллиги ошгани, қолаверса, Халқаро меҳнат ташкилотининг 82-конвенцияси ратификация қилингани шундай кўламдор масалани олдимизга қўйди. Натижада Конс­титуциямизнинг 82-моддасидан келиб чиққан ҳолда бу борада қонунчилик ташаббуси илгари сурилди. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда эса, аввало, унинг мукаммаллиги, соҳага доир барча қонун­ос­ти ҳужжатларига мослиги ва хориж тажрибасини ўрганишга эътибор қаратилди.
Қизғин руҳда ўтган муҳокама чоғида қатор таклифлар билдирилди.

Райҳон НОСИРОВА
Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Бухоро вилояти бўйича масъул ташкилотчиси:

ИШ БЕРУВЧИ ҲАМ АЪЗО БЎЛИШИ КЕРАК

– Менинг эътиборимни қонун лойиҳасининг 16-моддаси тортди. Касаба уюшмалари, уларнинг ташкилотлари, органлари ва бирлашмаларини тузиш ҳақидаги бу моддада шундай ёзилган:
«Давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органларининг, шунинг­дек, иш берувчиларнинг раҳбарлари касаба уюшмасини, уларнинг бирлашмаларини тузишга ташаббускор бўлишлари, шунингдек, касаба уюшмаларининг аъзоси бўлишлари мумкин эмас».
Ахир, бу Бош Қомусимизнинг «Касаба ташкилотларига аъзо бўлиш ихтиёрийдир» дея қайд этилган 59-моддасига зид эмасми? Фикримча, «иш берувчиларнинг раҳбарлари касаба уюшмаларининг аъзоси бўлишлари мумкин эмас» деган қоида амалга татбиқ қилинса, иш берувчиларимизнинг конституциявий ҳуқуқини чеклайди.

Муроджон АРСЛОНОВ
Бухоро вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси юридик бўлими мудири

ИШ БЕРУВЧИНИНГ МАЖБУРИЯТИ КЎПАЙСА…

– Қонун лойиҳасининг 5- ва 9-моддаларида меҳнат билан банд фуқаролар, шунингдек, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида таълим олаётган, ўн беш ва ундан катта ёшдаги шахслар ҳеч қандай фарқсиз ҳамда олдиндан рухсат олмай, ихтиёрий равишда касаба уюшмаларини тузиш, устига-устак касаба уюшмаларига уларнинг уставларига риоя этиш шарти билан кириш ҳуқуқига эга экани белгиланган. Аммо аксар ҳолларда ходимлар иш берувчилардан ўзларининг ушбу конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишга, касаба уюшмасини тузиш таклифи билан чиқишга ҳайиқишади. Хусусан, ҳозирги кунда кўпгина корхона ва ташкилотларнинг хусусий сектор негизида ташкил қилиниши, хусусийлаштирилиши бундай жойларда касаба уюшмаларини тузишни қийинлаштираётгани сир эмас.
Шундай экан, касаба уюшмалари фаолияти учун иш берувчининг шароит яратиш бўйича мажбуриятларини яна биттага кўпайтириш жоиз деб биламан. Бунинг учун 57-моддага қуйидагича ўзгартириш киритиш зарур: «Касаба уюшмаси мавжуд бўлмаган ташкилотларда уни тузишга, бундай тузилмаларнинг афзалликларини тарғиб этишга, шу орқали касаба уюшмаларига бирлашишга қаратилган тадбирларни ўтказиш учун тегишли меҳнат жамоасининг ярмидан кўп аъзосини тўплаб, етарлича шароит яратиш. Иш берувчи касаба уюшмаси ташкилоти ёки бирлашмаси томонидан бу ҳақда хабар берилган кундан эътиборан бир ҳафта ичида шу бўйича чора-тадбирлар кўриши шарт».

* * * 

Абдусалом РАҲМОНОВ
Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмалари Республика кенгаши Бухоро вилояти бўйича масъул ташкилотчиси:

ЖАМОАТЧИЛИК ХОДИМИ ҲАҚИ СОЛИҚҚА ТОРТИЛМАСА

– Таклиф қилинаётган қонун лойиҳасининг 27-моддасида касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари тегиш­лича жамоат бирлашмалари, нодав­лат нотижорат ташкилотлари учун белгиланган тартиб ҳамда миқдорда бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармаларга солиқлар, йиғимлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаши қайд этилибди.
Менимча, бу моддага касаба уюшмаси ташкилотида жамоатчилик асосида иш юритаётган ходимларга тўланадиган ҳақ солиққа тортилмаслигини ҳам киритиш жоиз. Негаки, тегишли низом талабларига биноан уюшмалар маблағини касаба уюшмалари органлари ходимлар учун белгилаган лимит доирасида, яъни ташкилот тасарруфида қолган олтмиш-етмиш фоизлик маблағнинг 30-35 фоизи миқдорида маъмурий хўжалик харажатларига, жумладан, иш ҳақига ҳам ажритиши мумкин. Қолаверса, жамоатчилик асосида ишлаётган ходимларга энг кам ойлик иш ҳақининг икки-уч баравари миқдорида қўшимча ҳақ белгиласа ҳам бўлади. Шундай экан, айни шу ҳақ учун солиқдан озод қилишни таклиф қиламан.

Илҳом ГАББАРОВ
Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Қоракўл тумани кенгаши раиси:

24-МОДДАГА АНИҚЛИК КЕРАК

– Фикримча, қонун лойиҳасидаги моддалардаги қоидалар ўта аниқ, батафсил ифода топгани маъқул. 24-моддани олайлик. Унда ташкилотда юридик шахс мақомисиз ташкил этилган касаба уюшмаси ташкилоти касаба уюшмасининг аризаси бўйича иш берувчи томонидан хизмат кўрсатувчи банк муассасасида очиладиган махсус ҳисобрақамига эга бўлиши мумкинлиги зикр этилибди. Мазкур бандга «касаба уюшмаси органининг қарори бўйича касаба уюшмаси хизматига олинган юқори турувчи касаба уюшмаси билан келишилган ҳолда хизмат кўрсатувчи банк муассасасида очиладиган махсус ҳисобрақамига эга бўлиши мумкин»лиги тарзида янада аниқлик киритилса, нур устига нур бўларди. Йўқса, масалани умумий тарзда ёритиш турли англашилмовчиликларни келтириб чиқариши мумкин.

Умида ДАУРБЕКОВА
Бухоро вилояти бандлик бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси инспектори:

ҲАМКОРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ АКС ЭТСА…

– Мазкур муҳокама жараёнида айтиб ўтилган мулоҳаза ва таклифларнинг бари жўяли. Менимча, қонун лойиҳасида корхона, ташкилот ва муассасаларда бошланғич касаба уюшмалари фаолиятини такомиллаштириш, жамоа шартномаларини тузишда меҳнат органлари билан ҳамкорликни жонлантириш масалалари ҳам акс этса, яхши бўларди.

Муҳокама чоғида қонун лойиҳасига асосан «Касаба уюшмалари куни»ни ёки «Касаба уюшмалари ходимлари куни»ни белгилаш, Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасида касаба уюшмаларининг доимий ишлайдиган вакиллари бўлишини таъминлаш тўғрисида ҳам таклифлар билдирилди. Бундан ташқари, тадбир асносида Бухоро вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашининг навбатдаги пленуми ўтказилиб, унда ташкилий масала кўрилди. Унда Муҳаммадқосим Олимов бир овоздан бирлашма кенгаши раиси этиб сайланди.

Рустам Иброҳимов