[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

16.08.2019. Жорий йилнинг июль ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилиб, депутатлар концептуал жиҳатдан маъқуллаган ва Қонунчилик палатасининг қарорига мувофиқ қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш белгиланган эди.

Қонун лойиҳасини маромига етказишда аҳолининг муносабатини ўрганиш, фикр-мулоҳазалари ва таклифларини олиш мақсадида қонун лойиҳасининг матни Қонунчилик палатасининг веб-сайти – «parliament.gov.uz»га ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “kasaba.uz” веб-сайтига жойлаштирилди, шунингдек, Касаба уюшмалари Федерациясининг расмий нашри – «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталарида чоп этилди. Шундан сўнг, қонун лойиҳаси юзасидан кўплаб таклифлар келиб тушаётгани инобатга олиниб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида қонун лойиҳасининг муҳокамалари ўтказилмоқда.

Қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган тадбирнинг навбатдагиси Тошкент вилоятида ташкил этилди. Муҳокама йиғилишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, касаба уюшма фаоллари ва олимлар иштирок этдилар

Қонун лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаларини ташкил этиш қонун ижодкорлигидаги ижобий қадамлардандир дея таъкидланди жумладан муҳокама йиғилишида. Авваллари, қонун қабул қилингач, тарғибот ишлари амалга оширилган. Энди эса лойиҳа жамоатчиликка тақдим этилиб, фикрлар, таклифлар жамланмоқда. Қонун ­лойиҳаси шу тарзда пишитиб борилмоқда. Бу нафақат қонун ижодкорлари иш сифатининг ошиши билан боғлиқ жараён, балки қонунни амалиётга қўллашдан манфаатдор тарафнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилашда лўнда, аниқ асос­ларни шакллантириш жараёни ҳамдир.

Таъкидлаш зарурки, бугун тараққиёт шиддати тезлашди, замон, имконият ва меҳнат шароитлари тубдан ўзгариб бормоқда. Меҳнат шароити ва меҳнат муносабатларининг миллий ва халқаро меҳнат стандартлари асосида ташкил қилинаётгани ўз-ўзидан ходимлар манфаатини ҳимоя этишда янгича услубларга таянишни тақозо этмоқда. Амалдаги «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги қонун қабул қилинган даврдан (1992 йилдан) бери кўп нарсалар ўзгарди. Хусусан, рақамли иқтисодиёт ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг замонавий шакллари пайдо бўлган бугунги кунда мазкур қонун имкониятлари чекланиб қолди. Ҳаётий зарурат янги қонунга эҳтиёж борлигини кўрсатиб берди. Бугун жойларда янги қонун лойиҳаси юзасидан кўп­лаб фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда, ҳудудлардан касаба уюшмасининг фаолиятига бефарқ бўлмаган фуқаролардан кўплаб таклифлар берилмоқда.

Муҳокамалар аввалида сўз олганлар қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёни, мақсад, зарурат ва ундаги янгиликлар ҳақида кенг тушунча бердилар. Хусусан, мазкур қонунни ишлаб чиқиш жараёнида амалдаги қонунчилик ва қўллаш амалиёти чуқур таҳлил этилгани таъкидланди. “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида авваламбор, миллий-ҳуқуқий қонунчилик ва амалиётга асосланиш билан бирга, хорижий таж­риба, Ғарб, Шарқ, МДҲнинг бу борадаги тажрибалари ўрганилиб, керакли жиҳатларга эътибор қаратилди. Шунингдек, халқаро стандартлар, хусусан, Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенциялари, Бирлашган миллатлар ташкилотининг қатор пактлари, универсал халқаро шартномаларига таянилди. Шундан сўнг депутатлар муҳокамасига ­қўйилди.

Қонун лойиҳаси муҳокамага киритилгунга қадар қонун лойиҳаси, лойиҳанинг концепцияси, хорижий тажриба, халқаро стандартларга қай даражада мувофиқлигини асословчи ҳужжатлар тақдим этилди. Бунда Ўзбекис­тоннинг ўзи қўшилган халқаро ҳужжатларга, ратификация қилинган Конвенцияларга мувофиқлигига таяниб иш тутилди.

Таъкидлаш жоизки жамоатчилик муҳокамалари чоғида берилаётган таклифлар чуқур ўрганиб чиқилиб, лозим топилганлари ҳужжатда акс этишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қонун лойиҳаси амалиётчилар, яъни касаба уюшма фаоллари томонидан бир қанча таклиф, ўзгартириш ва қўшимчалар узоқ вақт мобайнида пишитиб борилиб, муҳокама чоғида ўртага ташланмоқда ҳамда қонун ижодкорларининг муносабатлари эътиборга олинмоқда.

Алоҳида таъкидлаш зарурки, янги қонун лойиҳасида фуқароларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш имонияти кенгаймоқда. Амалдаги қонунда “ходимлар касаба уюшмасига бирлашиш ҳуқуқига эга” дейилган бўлса, лойиҳада бу конституциявий ҳуқуқ даражасида кенгайтирилиб, Ўзбекистон фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, чет эл фуқароларининг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқи кўзда тутилган. Бу халқаро ҳуқуқ тамойилларига мос келадиган меъёр. Шунингдек, амалдаги Қонунга биноан касаба уюшмалари корхона-ташкилотларда тузилиши белгиланган бўлса, янгисига мувофиқ эса барча иш ўринларида касаба уюшмалари тузиш мумкин бўлади.

Халқаро меҳнат ташкилотининг 98-сонли конвенциясига кўра, касаба уюшмалари мустақиллигини таъминлаш учун иш берувчилар касаба уюшмаси таъсисчиси ва сайлаб қўйиладиган органи аъзоси бўла олмайди. Муҳокама этилаётган қонун лойиҳасида мазкур жиҳатлар эътиборга олинган бўлиб, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ташкилотларининг бир-биридан мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.

Амалдаги қонун 27 йилдан буён амал қилмоқда ва шу давр ичида меҳнат бозорида рўй берган катта ўзгаришларни ўзида акс эттирмайди. Шу ўзгаришларни касаба уюшмалари фаолиятида ифодалаш учун янги қонунга касаба уюшмаларининг жамоатчилик назорати, касаба уюшмаларининг жамоатчилик инспекциялари ва меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик масалаларига тааллуқли янги боблар киритилди.

Касаба уюшмлари бирлашмаларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишдаги иштироки кафолотлари кучайтирилганини ҳам муҳим янгиликлар сирасига қўшиш мумкин. Айни пайтда касаба уюшмалари Федерацияси бундай ваколатга эга бўлса, эндиликда республика миқёсидаги касаба уюшмалари бирлашмаларининг барчаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиши мумкин. Шу ўринда қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда мазкур соҳа бўйича етакчи ҳорижий давлатларнинг қонунчилиги ва тажрибаси ўрганилгани, халқаро ҳужжатлар – Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенциялари талаблари эътиборга олинганини таъкидлаш лозим.

Муҳокамалар чоғида иштирокчилар бир қатор таклифларни ўртага ташладилар. Уларнинг ёзма жамланмаси лойиҳани янада мукаммаллаштиришда фойдаланиш учун Қонунчилик палатаси депутатларига тақдим этилди.

Тадбир якунида таъкидланганидек, ҳуқуқий ва сиёсий саводхонлик ифодаси бўлган таклифларни қабул қилиш жараёни давом этмоқда. 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати