23.08.2019. Айни вақтда Фарғона вилоятининг туман ва шаҳарларида ёш авлод вакилларига сабоқ бериб келаётган 135 нафар таълим фидойиси айни пайтда «Чимён», 80 нафарга яқин ўқитувчи «Зилол» сиҳатгоҳида ҳордиқ чиқармоқда.
– 32 йилдан буён ёшларга тарих фанидан дарс бераман, – дейди Риштон туманидаги 20-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Фозилжон Асқаров. – Касаба уюшмалари ажратаётган имтиёзли йўлланмалар асносидаги дам олишимиз эртанги фаолиятимиз учун пойдевор бўлди десам, янглишмайман. «Чимён»да дам олиб қайтгач, янгича куч, янгича ғайрат ва шижоат билан ўқув йилини бошлаймиз.
– Касаба уюшмалари бизни доимо қўллаб-қувватлаб келади, – дейди Учкўприк туманидаги 24-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Шаҳзодахон Аҳмаджонова. – Мана, яна касаба уюшмаси кўмагида «Чимён» санаторийсида керакли муолажаларни оляпмиз. Бу ерда ўтказилаётган турли маданий-маърифий тадбирлар, концертлар вақтимизнинг янада мазмунли ўтишига хизмат қилмоқда. Бундан ташқари, Шоҳимардон, Қўқон каби шаҳарларга саёҳатлар ҳам ташкил этилмоқда.
– Бошқа касб эгаларидан фарқли ўлароқ таълим фидойилари йилнинг июнь-август ойларида меҳнат таътилига чиқади, – дейди Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Фарғона вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Лолахон Аҳмедова. – Ўн ой давом этган иш жараёни, ақлий меҳнат ҳар қандай инсонни толиқтиради. Мақсадимиз – таълим жонкуярларига муносиб меҳнат шароитини яратиб бериш, саломатликларини мустаҳкамлашдан иборат. Шунинг учун ҳам уларнинг саломатлигига жиддий эътибор қаратиб келяпмиз. Ҳозиргача вилоятдаги умумтаълим мактабларининг 1400 нафардан зиёд ўқитувчилари санаторийларда соғлиқларини мустаҳкамлади.
Жамшид Эргашев