16.09.2019. Хоразм вилояти Ёшлар марказида болаларни ёзги дам олдириш ва соғломлаштириш ташкилотчиларининг анжумани ўтказилди.
Унда вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раиси Даврон Аллақулиев мавсум якунлари хусусида ахборот бериб, ўтган йилларда бошланган янгича ёндашув асосида тизимли ишлар янада кучайтирилганини таъкидлади. Дастлаб, жорий йил ёз мавсумида вилоят ҳудудидаги 31 та оромгоҳда 11240 нафар болани дам олдириш ва соғломлаштириш режалаштирилган эди. Вилоят ҳокимининг ташаббуси билан 7-14 ёшдаги болалар қамрови 10 фоизга етказилди. Натижада 37 та оромгоҳ ташкил қилиниб, уларда мавсум давомида 15398 нафар бола дам олдирилди.
Оромгоҳларда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар болаларини соғломлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 4200 нафардан ортиқ бола жамоа шартномалари ва келишувлари орқали, вилоят ва вилоятдан ташқаридаги оромгоҳларда мириқиб дам олди.
Президентимиз илгари сурган бешта муҳим ташаббус оромгоҳлар фаолияти учун дастуриламал бўлди. Барчасида турли тўгараклар, кутубхона, компьютер хоналари фаолияти, спорт машғулотлари йўлга қўйилди. Қизларга касб-ҳунур ўргатиш мақсадида тикувчилик, тўқувчилик машғулотлари олиб борилди. Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги муносабати билан «Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!» шиори остида маданий-маърифий кечалар ва учрашувлар, концерт дастурлари, спорт-соғломлаштириш тадбирлари ўтказилди.
Болаларга таълим-тарбия бериш, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, хавфсизлигини таъминлаш мақсадида оромгоҳларга 450 нафардан ортиқ педагог, 70 нафардан ортиқ тиббиёт, 70 нафардан ортиқ ички ишлар идоралари ходимлари жалб этилди.
Вилоят мувофиқлаштириш кенгаши томонидан мавсум давомида самарали фаолият кўрсатган оромгоҳлар, мутасаддилар ва мутахассисларни муносиб тақдирлаш мақсадида турли танлов ва номинациялар эълон қилинган эди.
Тадбирда «Энг ғамхўр ҳомий» номинацияси соҳиби Атаназар Жуманиёзовнинг номи алоҳида эътироф қилинди. 89 ёшли отахон ўз пенсиясидан жамғарган 10 миллион сўм пулни болаларни ёзги дам олдириш учун сарфлади. Яқинда Аллоҳга омонатини топширган Атаназар отанинг яхшилиги барча учун ибрат бўлганлиги, бундай ҳалол, олийҳиммат инсонлар ёди қалбларда доим яшаши таъкидланди. Унга аталган совғани ўғли Умрбек Жуманиязов қабул қилиб олди.
Тадбир сўнгида кўрик-танлов ғолиблари ва оромгоҳлар ҳамда номинациялар совриндорлари диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Муҳаббат Тўрабоева