23.09.2019. Жорий йилнинг баҳорида Хоразм вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасига Ҳазорасп туманидаги иқтисодиёт коллежининг 16 нафар ўқитувчиси имзолаган ариза келиб тушди. Унда билдирилишича, турли йиллардан буён коллежда ишлаб келаётган ушбу ходимлар иш берувчининг 2019 йил 2 мартдаги буйруғига кўра ишдан бўшатилган. Буйруқда меҳнат шартномасини бекор қилишга Меҳнат кодексининг 100-моддаси 4-қисми асос сифатида келтирилган.
Мазкур ҳолатга алоқадор ҳужжатларнинг қонунийлиги ўрганилганда, Меҳнат кодекси ва амалдаги меҳнат қонунчилиги билан боғлиқ меъёрий ҳужжатлар талаблари бузилгани аниқланди. Жумладан, буйруқ Меҳнат кодекси 100-моддаси 4-қисми билан нотўғри расмийлаштирилган ҳамда 100-модда талаблари қўпол равишда бузилган.
Меҳнат кодексининг 101-моддаси биринчи қисмида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун касаба уюшма қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг олдиндан розилигини олиш шартлиги кўрсатилган. Коллеж маъмурияти ва касаба уюшма қўмитаси ўртасида имзоланган жамоа шартномасида ҳам бу шарт ўз ифодасини топган. Аммо коллеж раҳбарлари бу талабни унутганми, ҳар ҳолда касаба уюшма қўмитасининг баённомаси номигагина расмийлаштирилган.
Ушбу кодекснинг 102-моддасида иш берувчи ташаббуси билан меҳнат шартномаси ходим айбли хатти-ҳаракатлар содир этгани муносабати билан бекор қилинган ҳолларда иш берувчи ходимни бу ҳақда камида уч кун олдин хабардор қилиши ёки унга мутаносиб компенсация тўлаши лозимлиги кўрсатилган. Ҳолбуки, мазкур ҳолатда юқоридаги талаб четлаб ўтилган.
Аниқланган қонунбузарликлар ва ҳужжатларга таянган ҳолда Меҳнат кодексининг 9-моддаси ва «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 11-моддасига асосланиб, вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси коллеж директори номига тақдимнома киритди. Натижада ходимлар ишга қайта тикланиб, мажбурий бекор юрган вақтлари учун иш ҳақи ундириб берилди.
Кези келганда шуни таъкидлаш керакки, кейинги пайтларда бирлашмага коллеж ўқитувчилари ва раҳбарларидан кўплаб мурожаатлар тушмоқда. Ушбу тизим фаолиятидаги ўзгаришлар, айрим коллежларнинг тугатилиши жараёнида ходимлар билан меҳнат шартномаларини бекор қилишда қонун талабларига риоя қилмаслик ҳолатлари учрамоқда. Касаба уюшмалари ҳар бир мурожаатни атрофлича ўрганиб, қонуний ечим топишига кўмаклашмоқда.
Музаффар Атабоев
Хоразм вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси юридик бўлим мудири