23.09.2019. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан «Устозлар – касаба уюшмалари эъзозида» республика танлови ўтказилмоқда.
Танловда иштирок этиш учун Низомга мувофиқ, умумий ўрта таълим мактабларида 20 йилдан ортиқ педагогик, 10 йилдан ортиқ касаба уюшмаси тизимида фаолият кўрсатаётган 1 135 нафар фидойи устозлардан мурожаатлар келиб тушди.
Комиссиялар қатнашчиларни баҳолашда уларнинг билими, ўз соҳасини ва касаба уюшмаларининг фаолият йўналишларини қай даражада яхши билиши, муассасада ўқувчиларга таълим беришда эришган натижалари, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳиятини англаши ҳамда касаба уюшма аъзоларига етказа олиши, иш берувчилар, давлат ва хўжалик органлари билан ижтимоий шериклик асосида ишларни ташкил эта олишига алоҳида эътибор қаратмоқда.
Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман (шаҳар) кенгашларида тузилган комиссиялар томонидан баҳолаш мезонлари асосида номзодларнинг фаолияти кўриб чиқилиб, юқори натижа кўрсатган қатнашчиларнинг ҳужжатлари танловнинг иккинчи босқичига юборилди.
Вилоятдаги туман ва шаҳар умумтаълим мактаблари бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раислари ўртасида ўтказилаётган «Устозлар – касаба уюшмалари эъзозида» республика танловининг биринчи босқичи якунланди.
– Мазкур танлов бугунги кунда устоз-мураббийлар меҳнатининг нақадар улуғланаётганининг ёрқин ифодаси бўлди, – дейди Тошкент туманидаги 11-мактабнинг БКУҚ раиси, 1-ўрин соҳиби Гули Рашидова. – Ғолиблик яқинлашиб келаётган устозлар байрамига ажойиб совға бўлиши билан биргаликда касбимга нисбатан масъулиятни янада оширди.
Ходимларнинг касаба уюшмаларида ўз ваколатлари доирасида меҳнатга оид ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириши, ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишдаги хизматлари ҳамда ходимларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашдаги ҳиссалари инобатга олиниб, иштирокчилар орасида ғолиб деб топилганлар вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритди. Уларга касаба уюшма қўмитаси туман кенгашлари ва ХТБнинг диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Муқаддас Раззоқова
«Устозлар касаба уюшмалари эъзозида» республика кўрик-танловининг Бухоро шаҳри босқичи якунланди.
Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгашида бўлиб ўтган саралашда саккиз нафар педагог ходим ўз салоҳиятини намойиш этди. Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, кўҳна шаҳардаги 20-ўрта мактаб ўқитувчиси ва касаба уюшмаси қўмитаси раиси Дилбар Тошева 1-ўринга лойиқ кўрилди.
Қатнашчиларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Рустам Ибрагимов
Танловнинг биринчи босқичида Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Ғиждувон тумани кенгаши тасарруфидаги мактаблардан тўққиз нафар қўмита раиси қатнашди.
Ҳайъат аъзолари фаолиятга оид ҳужжатларни ўрганиб, иштирокчилар билан суҳбатлашди. Танлов натижаларига кўра, 29-умумий ўрта таълим мактаби касаба уюшма қўмитаси раиси Р.Абдувагапова, 43-мактаб касаба уюшма қўмитаси раиси Г.Ражабова, 6-умумий ўрта таълим мактаби касаба уюшма қўмитаси раиси Шаҳло Ҳасанова кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритди.
Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши молия бўлими мудири А.Асадов ҳамда Ғиждувон тумани халқ таълими бўлими мудири З.Абдуллаева ғолибларни муборакбод этди.
Юнус Ҳомидов
Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Ғиждувон тумани кенгаши раиси