07.10.2019. – дейди Касаба уюшмалари Федерацияси «Эҳтиром» нишони соҳиби Ҳурмат Матчонов
Хивалик ўқитувчилар Аҳмад ва Гулжон кенжа фарзандига яхши ният билан Ҳурмат деб исм қўйишди. Бироқ тақдир синовини қарангки, Ҳурматнинг кўзи кўрмай қолди. Ота-она уни Хивадаги кўзи ожизлар мактабига ўқишга беришди. Иқтидорли Ҳурмат бу ерда брайл ва кирилл алифбосини қунт билан ўрганди. Бундан ташқари, тор ва доира чалишнинг ҳам ҳадисини олди. Бадиий ҳаваскорлар тўгараги аъзоси сифатида турли кўрик-танловларда фаол иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритди.
Ўша кезлари мактаб 9 йиллик эди. Ҳурмат ота-онасига билимларини янада мустаҳкамлаш ниятини билдириб, Тошкентдаги кўзи ожизлар мактабига йўл олди. Бу ерда энг билимли ўқувчилардан бирига айланди. Матемактика, она тили ва адабиётдан ўтказилган фан олимпиадаларида ғолиб бўлди. Усфтозлари кўмагида брайлча нота ёзувини ўрганди. Мактабни муваффақиятли тамомлаб, олий ўқув юртига ҳужжат топширди. Лекин жиддий синовлардан бирига дуч келди. Унинг аттестатига қандайдир нуқта тушиб қолгани қабул комиссияси аъзоларида шубҳа уйғотди. Ҳамма баҳоси аъло бўлган абитуриентнинг ҳужжатини қалбаки деб топишди. Ҳужжатни қайта кўриб чиқиш эса анча вақт олди. Бу пайтда қабул мавсуми тугаган эди.
– «Ҳар ёмоннинг бир яхшиси бор» деган гап юради халқ орасида, – дея хотирлайди Ҳурмат ака. – Хивадаги ўқув ишлаб чиқариш комбинатига ишга кирдим. Бизга мактабда пояндоз тўқишни ҳам ўргатишган эди. Шу боис, комбинатда моҳир тўқувчига айландим. Лекин ниятимдан қайтмадим.
1974 йили Хоразм давлат педагогика институтининг бошланғич таълим методикаси факультетига ўқишга кириб, уни имтиёзли диплом билан битирдим ва ўзим таҳсил олган мактаб-интернатга ишга кирдим.
Бошланғич синф ўқитувчиси бўлиш осон эмас. Айниқса, махсус мактабда ишлашнинг масъулияти ўн чандон оғир. Муаллим, аввало, ҳаёт зулмат эмаслигини, нур аввало қалбда бўлишини уқтириши, ўша нурни топишига ёрдам бериши зарур.Ҳурмат муаллимнинг мана шундай масъулиятли вазифани зиммасига олганига қирқ бир йил бўляпти. Бугун шогирдлари муаллимдан миннатдор. Уларнинг кўпчилиги ўқитувчи, моҳир созанда, хонанда, спортчи, уста ҳунарманд бўлиб етишди. Етти нафар шогирди эса шу мактабда устоз билан бир сафда ишламоқда.
Ҳурмат муаллим ўттиз йилдан буён мусиқа фанидан ҳам сабоқ беради. Унинг ёрдамида кўплаб болалар рубоб, доира чалишни, қўшиқ айтишни ўрганди. Устоз раҳбарлигидаги мактаб бадиий ҳаваскорлик тўгараги вилоятнинг таниқли ансамблларидан бирига айланди. Шу сабабли мактабнинг собиқ ўқувчилари орасида маданият уйлари ходимлари, мусиқа муаллимлари кўпчиликни ташкил қилади.
1987 йилда унга ҳамкасблари ишонч билдириб, мактаб бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси қилиб сайлашди. Муассасада жамоа шартномаси шартлари ҳар йили тўлиқ ижро қилинишига эришилади. 2016 йилда мактабнинг янги бинога кўчиб ўтишида касабақўм етакчисининг ҳиссаси катта. Ҳурмат ака узоқ йиллар давомида ушбу масала бўйича мутасадди идораларга мурожаат қилди. Ниҳоят, Хивадаги 121-кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернати учун 100 ўринли бино қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ҳурмат ака бундан мамнун бўлгани ҳолда шароитларни янада яхшилаш юзасидан мутасаддиларга қатор таклифлар бермоқда. Чунки айни пайтда бу ерда 160 ўқувчи таҳсил олаётгани учун мактаб биноси торлик қилмоқда. Кўргазмали қуроллар билан таъминланиш ҳақидаги сўровларининг бир қисми ижобий ечим топди. Ҳозирда устоз компьютер синфи ташкил қилиш ниятида елиб-югурмоқда.
Кўзи ожиз бўлишига қарамасдан Ҳурмат ака ахборот технологияларидан фойдаланишни яхши ўзлаштирган. Дарс ўтишда кўргазмали воситаларни кенг қўллайди. Эртаклар, ҳикоя ва шеърларнинг аудиоматнларини тайёрлашда унга фарзандлари яқин кўмакдош.
Давлат раҳбари халқимизни китобхонликка даъват қилгани мактаб-интернат жамоасини беҳад қувонтириб юборди. Ҳурмат ака фарзандлари, шогирдлари билан юзлаб дурдона асарларнинг аудиовариантларини тайёрлашга бош-қош бўлди. Китобхонликни тарғиб қилувчи тадбирлар, викториналар ўтказиш анъанага айланди. Ўтган йили мактаб ўқувчиси Умиджон Қутлимуродовнинг «Ёш китобхон» республика танловида ғолиблар сафидан жой олгани мутолаани қалб амрига айлантириган ўқувчилар сонининг янада ошишига туртки берди.
Ҳурмат Матчонов изланишдан чарчамайди. У тайёрлаган алифбони ўргатишда фойдаланишга мўлжалланган бўртма сурат ва матнлар жамланган альбом юртимиздаги турдош мактабларда оммалаштирилган.
Муаллим дарсларни замонавий услубларда ўтишни яхши кўради. Имкони етса, кўргазмали қуролларни ўзи ясайди, тайёрлайди. Қўлидан келмаганини сотиб олади. Баъзида бунга-да имконсиз қолган чоғларида «Эҳ, қани эди мамлакатимизда кўз ожизлар учун мўлжалланган биттагина дўкон бўлса…», деб қўяди. Илгарилари зарур жиҳозларни четдан буюртма бериб олишарди. Кейинги йилларда бу хизмат нимагадир тўхтаб қолди. Мана, шу кунларда нархи 200 АҚШ доллари турувчи ер шари харитасини ҳам хориждан олишга тўғри келяпти.
Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Хива шаҳар кенгаши аъзоси сифатида Ҳурмат Матчонов кенгаш фаолиятини янада яхшилашга, режада белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида ижро қилинишига яқин кўмакдош. Тажрибали касабақўм етакчиси ёш ҳамкасбларидан ўз маслаҳат ва тавсияларини аямайди. Мана шундай фидойиликлари туфайли Ҳурмат Матчоновнинг кўксини «Шуҳрат» медали, «Соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони безаб турибди.
Яқинда улар қаторидан «Эҳтиром» нишони ҳам жой олди. «Устозлар – касаба уюшмалари эъзозида» танловининг вилоят босқичида ғолиб чиққан Ҳурмат Матчоновни Тошкент шаҳрига, танловнинг республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросимига чақиришганида қулоқларига ишонмади.
Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театр эшигидан ичкари одимлар экан, бундан 47 йил бурун опера томоша тинглаш учун кирган дамларини эслади. Бу театрга яна ташриф буюришни орзу қиларди. Аммо унинг саҳнасига чиқаман деб ҳеч ўйламаган эди.
Шу ўринда «Устозлар – касаба уюшмалари эъзозида» танлови нафақат ўқитувчиларнинг меҳнатини қадрлашга хизмат қилгани, балки бошланғич касаба уюшма қўмиталарининг нуфузини оширишга ҳам ўзига хос туртки бўлганини таъкидлаш жоиз.
– Мен юртимиздаги ҳар бир ўзгаришни, айниқса, устозларга кўрсатилаётган ҳурмат-эътиборни, янгиланаётган Ўзбекистон манзараларини қалб сўзи билан кўриб, қувонаман, – дейди тажрибали устоз. – Бу эътибордан қаддимиз юксалмоқда.
Кўплаб ёшларни оёқда мустаҳкам туришга, ўз йўлини топиб юришга ўргатган, қанча қалбларни уйғотган Ҳурмат муаллим замонамиз қаҳрамонларидан биридир. У каби ўз касби, юртини севадиган, ҳалол ва фидойи ўқитувчилар бор экан, юртимиз тараққиёти янада жадаллашаверади.
Муҳаббат Тўрабоева