7 октябрь – Бутунжаҳон муносиб меҳнат куни. 07.10.2019. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар Қўмитаси ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда 7 октябрь – Бутунжаҳон муносиб меҳнат кунига бағишланган “Ўзбекистон Республикасида меҳнат соҳасини ривожлантиришнинг ҳолати ва истиқболлари” мавзуидаги Давра суҳбати ўтказилди.Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, вазирлик, идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий муассасалар ва касаба уюшмалари, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) вакиллари иштирок этдилар.
Ўзбекистон мазкур сана анъанавий равишда нафақат касаба уюшмалари, балки муносиб меҳнат тамойилларини самарали равишда илгари суриш, хусусан, ҳар бир меҳнат кишисига сифатли иш жойи, адолатли иш ҳақи, ижтимоий ҳимоянинг ишончли даражаси, хавфсиз меҳнат шароитлари, ўз меҳнат ҳуқуқларидан эркин фойдаланиш имкониятини таъминлашга тайёр эканлигини намоён этаётган давлат органлари ва иш берувчилар томонидан ҳам нишонлаб келинаётган мамлакатлардан бири ҳисобланади.Бундай конструктив ўзаро ҳамжиҳатликнинг асоси бўлиб – Ҳукумат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар бирлашмалари ўртасида имзоланган Бош келишув, шунингдек, мамлакатда амал қилаётган 105 та тармоқ келишуви, 14 та ҳудудий кедишув ва 158 мингдан ортиқ жамоа шартномалари хизмат қилмоқда.
Давра суҳбатида таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан охирги 3 йилда жамият ҳаётининг барча соҳаларида, шу жумладан, меҳнат соҳасида йиғилиб қолган муаммоларни ҳал этиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, пул-кредит сиёсатини, меҳнат, солиқ, пенсия ва молия соҳасидаги қонунчиликни либераллаштириш борасидаги кенг кўламли ислоҳотлар натижасида охирги йилларда иш ҳақи бўйича сурункали қарздорликни бартараф этиш, иш кучи мобиллигини ошириш, фуқароларни ҳорижда ишга жойлаштириш жараёнини соддалаштириш, педагоглар, тиббиёт ва маданият ходимлари, шунингдек, давлат бюджетидан молиялаштирилувчи бошқа тармоқлар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштиришкаби масалаларнинг самарали ҳал этилишига эришилди.
Алоҳида таъкидлаш зарурки, охирги йилларда Халқаро меҳнат ташкилотининг бирлашиш эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоялаш тўғрисидаги 87-Конвенцияси, халқаро меҳнат меъёрларини қўллашга кўмаклашиш учун учтомонлама маслаҳатлашувлар тўғрисидаги 144-Конвенцияси, саноат ва савдода меҳнат инспекцияси тўғрисидаги 81-Конвенцияси, қишлоқ хўжалигида меҳнат инспекцияси тўғрисидаги 129-Конвенцияси, мажбурий меҳнат тўғрисидаги 29 Конвенцияга Протокол ратификация қилинди. Шунингдек, Республикада мажбурий меҳнатни тўлиқ бартараф этиш борасида муҳим қадамлар қўйилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар” тўғрисидаги Фармонига мувофиқ одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича Миллий комиссия ташкил этилди.
Жорий йилда меҳнат бозорини тартибга солиш соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик ўзгаришлардан бири янги иш ўринларини ташкил этишга давлат буюртмасининг жорий этилгани, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламидан бўлган шахслар учун субсидияланган бандликнинг амалга киритилгани, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган ишсиз фуқароларга грантлар тақдим этилиши бўлди. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш зарурки, жорий йилда илк бора меҳнатга ҳақ тўлашнинг туман коэффициентлари, шунингдек, Меҳнат кодекси билан 1996 йилда кўзда тутилган оғир ва ноқулай табиий-иқлим ва маиший шароитли жойлардаги ишларда банд бўлган ходимларга йиллик қўшимча таътилларнинг минимал давомийлиги тасдиқланди.
Бундан ташқари алоҳида технологик турдаги ишлар, ишлаб чиқариш ва иқтисодий фаолият турлари бўйича ишчилар тариф ставкаларининг янгиланган тармоқ оширувчи коэффициентлари амалга киритилди. Кўчма характерга эга ишлар билан боғлиқ қўшимча тўловларнинг янги миқдорлари тасдиқланди, хизмат сафарларига юборилувчи ходимлар учун кафолотлар кучайтирилди, автотранспорт ҳайдовчилари меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари яхшиланди.
Алоҳида таъкидлаш зарурки, охирги йилларда Ўзбекистонда аҳоли ижтимоий ҳимоясини кучайтириш соҳасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Халқаро меҳнат ташкилотининг “Юзйиллик ташаббуси”га киритилган “барча учун ижтимоий ҳимоя” тамойилидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистонда 2021 йилда Ижтимоий ҳимоянинг Миллий стратегияси ишлаб чиқилиб, тасдиқланиши, 2022 йилда эса мазкур соҳада ягона бошқарув органи сифатида Ижтимоий ҳимоя вазирлигини ташкил этиш режалаштирилган.
Миллий учтомонлама ижтимоий мулоқотни рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича Республика ва ҳудудий учтомонлама комиссиялар ташкил этилди.
Ўзбекистонда касаба уюшма ҳаракатини янада ривожлантириш мақсадида тизимли тадбирлар амалга оширилмоқда, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясининг ассоциациялашган аъзоси ҳисобланади, 2018 йил декабридан эса ўзининг Касаба уюшмалари Умумконфедерациясидаги аъзолигини тиклади.
Бугунги ахборот-коммуникация технологиялари ва рақамли иқтисодиёт жадал ривожланаётган, меҳнат қонунчилиги ва меҳнат бозори тобора такомиллашиб бораётган асрда ишсизлик ҳамда норасмий ва ностандарт бандликни камайтириш, аҳоли даромадлари ва ижтимоий ҳимояланганлик даражасини ошириш, меҳнаткашларнинг асоссолувчи ҳуқуқлари поймол этилишининг олдини олиш, ижтимоий адолат тамойилларига риоя этиш, халқаро меҳнат стандартлари ва учтомонлама ижтимоий мулоқотни самарали илгари суришни кўзда тутувчи тадбирлар ва уларни амалга ошириш жуда долзарб аҳамиятга эгадир.
Таъкидлаш жоизки, замон талабларидан келиб чиққан олда Ўзбекистон касаба уюшмалари меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини кучайтириш мақсадида ижтимоий мулоқот ва трипартизм тамойилларидан самарали фойдаланмоқда. Хусусан, учтомонлама комиссия ва бошқа ҳуқуқий механизмлар орқали Ўзбекистон касаба уюшмалари бирлашиш эркинлигини янада ривожлантириш, касаба уюшмаларининг жамоатчилик назоратини кучайтириш, меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш, касаба уюшма инспекцияларини тиклашни кўзда тутган қонунчилик ташаббусларини қўллаб-қувватлайдилар.
Давра суҳбатида бугунги кунда давлат хизматчилари меҳнатини адолатли тартибга солиш, жамоавий меҳнат низоларини ҳуқуқий ҳал этиш, барча иш жойларида бирлашиш эркинлиги ва жамоа музокаралари ҳуқуқини бериш, “ноль жароҳатланиш” концепциясини илгари суриш, ялпи ички маҳсулотда меҳнатга ҳақ тўлаш ҳиссасини ошириш, тенг қийматга эга меҳнат учун эркаклар ва аёлларга тенг ҳақ тўлаш тамойилини самарали амалга ошириш, ходимлар иш вақти ва дам олиш вақти меъёрларига сўзсиз риоя этиш каби йўналишлардаги ишларни янада такомиллаштиришга йўналтирилган қонунчилик, институционал ва ҳуқуқни қўллаш соҳасидаги қатор ташаббусларни илгари суриш жуда муҳим эканлиги таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, ёрдамга муҳтож шахсларни ижтимоий парваришлаш соҳасини ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратиш тавсия этилди. Бу – аёллар бандлигини яхшилашга ва шунга мувофиқ равишда жамиятда гендер тенгликка эришишга ёрдам бериши лозим.
Давра суҳбати иштирокчилари мазкур ташаббусларни қўллаб-қувватладилар ҳамда тенг ҳуқуқли ва конструктив ижтимоий мулоқотга, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга, халқаро меҳнат стандартларига риоя этишга асосланган муносиб меҳнат ва ижтимоий адолат тамойилларини амалга ошириш – ижтимоий адолатли иқтисодиётни барпо этиш учун тўғри ва реал йўл эканлигига ишонч билдирдилар.
Тадбир якунида эса сўзга чиққан иштирокчилар маърузаларида тўхталиб ўтилган меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик жиҳатлар бўйича қизғин мунозаралар бўлиб ўтди ва иштирокчиларнинг фикр ва мулоҳазалари ўртага ташланди. Миллий ва халқаро иштирокчилар Давра суҳбати жараёнида бўлиб ўтган мулоқот ниҳоятда фойдали ва самарали бўлгани ҳамда унинг меҳнат соҳасидаги миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришга хизмат қилишини, шунингдек, вазирлик ва идоралар учун фуқаролар муносиб меҳнатини таъминлаш борасидаги масалаларни ҳал этишда амалий кўмак бўлганини таъкидладилар.
Бутунжаҳон муносиб меҳнат кунига бағишланган худди шундай Давра суҳбатлари республикамизнинг барча ҳудудларида ташкил этилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси матбуот хизмати