[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

No images found in the content.

Ҳаётбахш ислоҳотлар йўлида 11.10.2019. Юрт ободлиги ва халқ розилиги…

Бу улуғ тушунчалар доимо ёнма-ён ва бир-бирига ҳамоҳангдир. Бу ҳамоҳанглик халқимизнинг асрий орзу-интилишлари рўёбга чиққан, эл-юртимиз томонидан шоду хуррамлик билан қабул қилинаётган инсон манфаатлари йўлидаги ислоҳотлар қизғин паллага кирган бугунги кунда яна бир бор ўз тасдиғини топмоқда.

Дарҳақиқат, бугун ҳамюртларимиз нигоҳида ҳаётдан розилик, эртанги кунга ишонч, келажакка интилишни кўриб турибмиз. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро,  юртдошларимиз жамият ҳаётининг барча жабҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини, хусусан, аҳоли учун муносиб ҳаёт даражаси ва сифати таъминланаётганини ўз турмушлари мисолида кўриб, сезиб туришибди. Бу эса фуқароларнинг бахтли-саодатли, фаровон умр кечиришини кафолатлаш, ҳуқуқ ҳамда эркинликларини муҳофаза этиш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналиши эканлигидан далолатдир.

Ислоҳотлар… Сўнгги уч йил ичида мамлакатимизда амалга оширилган янгиланишларни ҳеч сарҳисоб қилганмисиз? Тўғриси, амалга ошишига чорак аср етмаган, халқимиз ҳаёти ва юртдошларимиз дунёқарашини ўзгартирган, жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимиз обрў-эътибори ва ўзига хос “имиджи”ни шакллантирган юзлаб ислоҳотлар қилингани ҳатто ўз давлатининг равнақи ва қудратига шубҳа билан қарайдиган, таҳлилдан кўра танқидни хушлайдиган баъзи инсонларнинг ҳам ақлини шошириб қўйди.

Аввало, барча чегарадош давлатлар билан яхши қўшничилик муносабатлари йўлга қўйилди, чегаралар очилиб, янги назорат-ўтказиш пунктлари ташкил этилди, беркитиб қўйилганлари очилиб, қатновларни ўтказиш сиғими оширилди, аҳолига қўшимча қулайликлар яратилди. Марказий Осиё мамлакатлари билан “оғриқли” масалалар ҳам конструктив мулоқот йўли билан бирма-бир ўз ечимини топиб бормоқда. Шу пайтга қадар яқин қўшниларимиз билан қанчалик зиддиятга бориб, боши берк кўчага кириб қолганимизни билган билади, билмаган йўқ. Аммо бугун яқин қардошлик ришталари тикланиб, ўртадаги музлар эритилди, бунинг натижасида чқин қариндош, қудаю қудағай бўлиб кетган халқларимизнинг мушкули осон бўлиб, кўплаб муаммолар барҳам топди.

Ёки иқтисодий ислоҳотлар, туризмнинг ривожланиши, солиқ ислоҳотлари, валюта бозорининг эркинлаштирилиши, нақд пул билан боғлиқ муаммоларнинг бартараф этилиши, банк-молия ислоҳотлари, халқаро молия операцияларининг жаҳон андозалари асосида амалга оширилиши. Буларни ҳозир ҳар бирини бирма-бир санаб адоғига етиб бўлмайди, аммо катта йўл бошида турганимизда бундай эзгу ишларнинг амалга ошишига ишонмаганлар қанча эди…

Жаҳон банки томонидан юритиладиган “Doing bussines” рейтингида бугун Ўзбекистон ўрни кескин кўтарилиб бормоқда. Жумладан, мамлакатимиз 2018 йилда 190 та мамлакат ичида 66,32 балл билан 74-ўринни эгаллаган ва ўз позициясини 13 тага кўтариб олган бўлса, 2019 йилда 67.4 балл тўплаб, ўтган йилга нисбатан
нуфузи янада ошди. Мана шу рақамларнинг ўзиёқ Ўзбекистонда йилдан-йилга бизнес фаолиятини юритиш осонлашиб, бюрократик тўсиқлар камайиб бораётганидан далолат беради.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра мамлакатимиз ташқи савдо айланмаси 2016-2018 йилларда 38 фоизга, экспорт эса 15,7 фоизга ошган. 2019 йилнинг январь-август ойларида республиканинг ташқи савдо айланмаси ҳажми 28,4 млрд АҚШ долларини ташкил этиб, 7,9 млрд АҚШ долларига ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 38,6 фоизга ошган, экспорт эса 46,7 фоизга ва импорт 32,8 фоизга ўсди.

Халқаро ташкилотлар ҳисоботига кўра Ялпи ички маҳсулот ҳажми
2018 йилда 48.6 млрд. АҚШ долларини ташкил этиб, 5.1 фоизга ўсган бўлса,
2019 йилда Жаҳон банки прогнозига кўра 5.3, Осиё тараққиёт банкига кўра 5.2 фоизга ўсади. 2020 йилдан бошлаб эса ЯИМнинг 5.5 фоиздан ортиққа ўсиши ҳисоблаб чиқилган.

Ёки биргина Давлат хизматлари агентлиги номли ташкилот фаолиятининг йўлга қўйилгани фуқароларимизнинг қанчадан қанча сарсонгарчилиги олдини олди, вақтини тежади, энг асосийси бюрократия ва коррупцияга барҳам берди. Айтингчи, буни ким инкор эта олади?

Ўзбекистонда барча соҳаларда бир вақтнинг ўзида бирдек амалга оширилаётган катта кўламдаги ўзгариш ва янгиланишлар, инсон манфаатларини таъминлашга йўналтирилган ислоҳотлар дунё миқёсида ҳам юқори баҳоланиб, халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда. Хусусан, АҚШда чоп этиладиган дунёга машҳур “Форбс” (Forbes) нашрида эълон қилинган Кеннет Рапоза қаламига мансуб мақолада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитойнинг ислоҳотчи раҳбари Дэн Сяопинга қиёсланди. Мана сизга ҳақиқий ва холис эътироф!

Шу ўринда юртимизда ўтказилаётган ислоҳотларнинг асосий муваффақияти нимада, деган ҳақли савол туғилади. Қайси омиллар бугун юртдошларимизнинг қаддини тик қилиб, кўнглини тоғдек юксалтираяати?

Мана шу саволларга жавоб излар эканман, буюк мутафаккир ва шоир Низомиддин Мир Алишер Навоий ҳазратларининг бундан қарийб 600 йил аввал “Элга қўшилғон эш топти” деб, битган сатрлари ёдимга тушади. Олтинга тенг бу сатрлар орқали мутафаккир шоир бобомиз инсоннинг бахту саодати халқи билан, элининг ичига киришида, унинг дардига дармон, қувончига шерик бўлишида эканлигини таъкидлаган эдилар. Бугун давлатимиз раҳбаридан тортиб, оддий мулозимларгача халқимизни йиллар давомида қийнаб келган муаммоларга ечим топиш, оддий одамлар турмуш даражасини юксалтиришга астойдил бел боғлагани юртдошларимизнинг қалбига нур, белига қувват бўлаётгани сир эмас.

Тажрибалардан аёнки, ҳар қандай муваффақият негизида халқ ишончини оқлаш, ишга муносабат, қатъий интизому юксак масъулият ётади. Абдураҳмон Жомий айтганларидек,

“Боши билан шўнғиб кирмаса ҳар дам,

Сув остидан дурни топарми одам?”.

Яъни, сув остидаги дурни топиш учун, аввало сувга шўнғиш керак бўлганидек, бугун халқ дардини, муаммосини ечиш учун, юмшоқ курсидан тушиб, салқин хонадан чиқиб, халқнинг олдига келиш, дардини тинглаш, муаммосини ўрганиб, ечим топиш, пировард натижада, халқни рози қилиш давлат идоралари ва барча раҳбар ходимларнинг биринчи галдаги вазифасига айланди.

Узоққа бормайлик, оддий халқ вакиллари давлат органлари эшиги олдида сарғайиб, дарду аламини, муаммоларини кимга айтишни билмай, сарсон бўлган даврлар ҳали ҳеч кимнинг ёдидан кўтарилмаган бўлса керак. Муаммоларни бартараф этиш у ёқда турсин, уни эшитадиган бирор мард топилмаган даврларда одамлар қаёққа боришини билмай сарсон эди..? Машҳур турк ҳажвчи ёзувчиси Азиз Несиннинг “Мушт кетди” номли ҳажвияси бор. Унда юқоридаги раҳбаридан гап эшитиб келган кичик раҳбар ходимини обдон тергаш орқали хумордан чиқади. Ходим аламини уйга келиб аёлидан олади. Аёл фарзанди, бола эса мушугини уриб ҳовуридан тушади. Раҳбарлар халқни эшитишдан йироқлаб кетган даврларда айрим мутасадди ташкилотлар ва масъул раҳбарларнинг муаммони ҳал қилиш ўрнига уни бир-бирига “узатиш” билан шуғулланиб келгани беихтиёр ана шу ҳажвияни эсга солади.

Натижада, бори шу эканда деб, тушкун кайфиятда юрган одамлар давлат органларига ишонмай қўйди. Бу масаланинг бир томони холос, танганинг иккинчи томони ҳам бор: муаммолар йиғилиб-йиғилиб, иқтисодий-ижтимоий ривожланиш тўхтаб қолди, халқ фаровонлиги оддий қоғозларда ёзилиб, амалда муаммолар хаспўшланиб қолинаверди.

Барчамизнинг бахтимизга Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди.

Мазкур Фармон мурожаатлар билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги ва самарали тизими яратилишига асос бўлди. Мурожаатлар билан ишлашда янгича услуб очилди – энди халқ бевосита Президентга мурожаат қилиши мумкин. Тасаввур қилиш қийину, лекин ҳақиқат.

Янги тизимнинг асоси этиб замонавий усул – Президент виртуал қабулхонаси ва унинг ишонч телефони ҳамда Халқ қабулхоналари ишга туширилди.

Зум ўтмасдан ушбу Қабулхоналар давлат раҳбарига мурожаат қилиш, халқ билан доимий мулоқот олиб бориш, одамларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этишнинг таъсирчан механизмига айланди. Сизда ҳал этилмаган масалалар, муаммолар, ариза, шикоят ёки таклифлар бор бўлса, мурожаатингизни тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси Президентига 3 хил усулда юбориш имконияти яратиб берилди.

Энди халқни эшитадиган Президенти бор, энди халқнинг ишонган суянчи ва таянчи бор! Шу ишонч ва йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар сабабли мурожаатлар сони қисқа муддатда 1 миллиондан ошиб кетди. Энг муҳими, мазкур мурожаатларнинг ҳар бири алоҳида назоратга олиниб, бирин-кетин ҳар муаммо ўз ечимини топа бошлади.

Орттирилган тажриба асосида мазкур тизим ҳам ривожлантириб борилди. “Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир”, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, “Халқимиз ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун кўриши керак”. Ушбу иқтибослар халқимизга меҳри, муҳаббати баланд муҳтарам Юртбошимиз қалбидан чиққан садолардир.

Президентимизнинг 2018 йил 28 декабрда Олий Мажлисга Мурожаатномасида ана шу долзарб масалага алоҳида тўхталиниб, Халқ қабулхоналари фаолиятида мутлақо янги тизим – сифат жиҳатидан янада юксак босқичга ўтилиши ҳақида маълум қилинди. Кўп ўтмай – 2019 йил 17 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Мазкур фармон билан ўта муҳим ўзгариш юз берди:

Биринчидан, Халқ қабулхоналари ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали муаммоларни аниқлайди ҳамда ҳал қилинишини таъминлайди. Яъни, энди Халқ қабулхоналари мурожаат келиб тушишини кутиб ўтирмайди, ўзи масъул бўлган ҳудудда мавжуд бўлган муаммоларни уйма-уй, объектма-объект юрган ҳолда аниқлайди.

Иккинчидан, туман ва шаҳарлардаги Халқ қабулхоналари бошчилик қиладиган секторлар штаблари аъзоларидан иборат ишчи гуруҳлар ҳудудларни маҳалла ва хонадонлар, оилалар кесимида таҳлил қилиб, аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан қисқа – бир йиллик ва ўрта муддатли манзилли тадбирлар режаларини шакллантирадиган бўлди.

Қолаверса, Халқ қабулхоналари ва Президент Администрацияси бўлинмалари қисқа муддатли тадбирлар режалари ижросини назорат ҳам қилади. Яъни энди Халқ қабулхоналари нафақат муаммоларни аниқлайди, балки уларнинг ижросини ҳам назорат қилади.

Шунингдек, турли йирик дастур ва лойиҳалар фақатгина стратегик мақсадларни кўзлаб эмас, балки бевосита одамлар йўллаган мурожаатлар таҳлили, реал ҳаёт манзарасини инобатга олган ҳолда тайёрланади.

Агар статистик таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, бугунги кунга қадар туман ва шаҳарларда ташкил этилган ўн тўққиз мингга яқин сайёр қабулларда 267 мингдан ортиқ фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказилди, уларнинг 275 мингдан зиёд мурожаатлари ўрганилди ва 115 мингга яқин муаммони жойида ҳал этишга эришилди.

Мурожаатларни соҳалар кесимида таҳлил қилсак, энг кўп мурожаатлар табиий газ, электроэнергия, сув ва иссиқлик таъминоти (19 923 та), суд-ҳуқуқ соҳаси (15 834 та), уй-жой ажратиш ва турар-жойларни таъмирлаш (16 486 та), бандлик (14 774 та), соғлиқни сақлаш (11 498 та), ички йўлларни таъмирлаш (9 596 та), имтиёзли кредит олиш (8 973 та) ва моддий ёрдам (10 441 та)  масалалари бўйича келиб тушган.

Қувонарлиси, сайёр қабуллар мамлакатимизнинг аҳоли зич яшайдиган ҳамда олис ва чекка ҳудудларида, аҳоли учун қулай вақт ва жойларда ташкил этилишига, қабуллар давомида Виртуал ва Халқ қабулхоналарига қайта-қайта мурожаат қилаётган фуқаролар муаммоларини биринчи навбатда ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, вазирлик, идоралар, секторлар раҳбарлари томонидан қабуллар давомида фуқароларнинг розилигини таъминлаш, мурожаатларни холис ва тезкор кўриб чиқилишини таъминлаш юзасидан аниқ чоралар кўрилмоқда.

Бу жараёнда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам “Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!” шиори асосида фаол иштирок этиб, ислоҳотлар таъсирчанлигини оширишга ўзининг муносиб улушини қўшмоқда.

Ўз таркибига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгаши, Нуроний жамғармаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакилларини қамраб олган Республика Жамоатчилик комиссияси 2018 йил август ойидан буён Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур, Олмазор, Бектемир, Учтепа, Чилонзор, Юнусобод, Яшнобод, Яккасарой, Миробод, Мирзо Улуғбек ва Сергели туманларидаги маҳалллаларда истиқомат қилувчи минглаб фуқаролар муаммоларини ўрганиб чиқиб, уларнинг ижобий ечим топишида амалий кўмак берди. Аҳамиятли томони шундаки, очиқ ва самимий мулоқотлар асносида халқ билан ҳамкорликда муаммоларни бартараф этиш йўллари изланиб, тегишли чоралар топилди. Энг муҳими, дардига дармон топаётган одамларда эртанги кунга ишонч туйғуси мустаҳкамланди.

Бугун юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг кўлами ниҳоятда кенг. Уларнинг натижалари туфайли оддий одамларнинг ҳаётдан розилик даражаси ортиб бормоқда. Шу билан бирга, ҳали ечимини топмаган муаммолар, халқимизни қийнаб келаётган масалалар ҳам талайгина. Айниқса, коммунал соҳа (узлуксиз электр энергияси, табиий газ, тоза ичимлик суви)даги узилишлар, йўл ва маиший инфратузилмадаги муаммолар, коррупция, порахўрлик, ишсизлик, боқимандалик каби муаммолар борки, уларни бартараф этиш учун ҳали анча ишлар қилиниши, қатъий чоралар кўрилиши, энг муҳими барча ўзгаришларни ўзимиздан бошлашимиз лозим.

Фикрларим ниҳоясида Европа ренессансининг энг машҳур даҳоларидан бири Леонардо Да Винчининг “Ҳар қандай тўсиқ қатъият билан забт этилади”, деб ёзганида нечоғли ҳақ эканлигини таъкидлагим келди. Чунки, ҳақиқатдан ҳам ўтган йилларда Президентимиз ва у кишининг қатъияти, мустаҳкам иродаси тимсолида жонажон Ватан равнақи йўлида фидойилик, ватанпарварлик баландпарвоз сўзлар орқали эмас, элу юрт йўлида ўзни аямасдан меҳнат қилиш билан белгиланишини барча англай бошлади.

Зеро, эртанги кунга ишонч, фидойилик, бирлик, аҳиллик ва меҳнат – буюк мақсадларга етишнинг ягона, бирдан бир йўлидир. Муҳтарам Юртбошимиз таъкидлаганларидек, “Ўз мақсадларимизга албатта етамиз – келажаги буюк Ўзбекистонни барчамиз биргаликда барпо этамиз!”.

Анваржон Абдумухторов

Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси