[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

No images found in the content.

Ҳаётбахш ислоҳотлар йўлида 09.10.2019. Ҳасан НОРМУРОДОВ «Нуроний» жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони:

Мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан ўзгаришлар ва бунёдкорликлар одамларнинг турмуши ва онгини ҳам ўзгартираётир. Ўзбекистонга илгари келган меҳмон иккинчи сафар унинг таниб бўлмас даражада ўзгариб кетганини эътироф этмоқда.

Албатта, бунинг замирида янгиланишга интилиш, фидойилик ва меҳнатсеварлик мужассамдир. Бундай таъриф-у сифатлар Самарқанд­­га ҳам тегишли.

Буни биргина Самарқанд туманидаги эшкак эшиш канали атрофида қурилаётган туристик марказ мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Хорижий ва маҳаллий сайёҳлар, вилоят аҳолиси учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида 360 гектарлик майдонда бугун қурилиш ишлари авжида. Лойи­ҳага кўра, туристик марказ икки ҳудуддан иборат бўлиб, эшкак эшиш каналининг шимолий ҳудудида замонавий анжуманлар саройи, иккита беш юлдузли, иккита тўрт юлдузли мехмонхона ва бошқа иншоотлар қурилади. Бошқача айтганда, бизнес учун мўлжалланган ҳудудда тадбиркорларга зарур бўлган шароит муҳайё этилади.

Жанубий ҳудуд эса ички туризм учун мўлжалланган бўлиб, бу ерда ҳам олтита меҳмонхона, аквапарк, спорт иншоотлари, ресторан ва кафелар, миллий маҳсулотлар билан савдо қилувчи шохобчалар бунёд этилади. Энг муҳими, мазкур ҳудудда барпо этиладиган боғда оилавий ҳордиқ чиқариш учун кенг имконият яратилади. Бир вақтнинг ўзида уч минг нафар киши дам олиши мумкин бўлган ҳудудда электромобиллар қатнови йўлга қўйилади. Бундан ташқари, бу ерда велосипедчилар ҳамда пиёда сайр қилиш ҳадисини олганлар учун алоҳида йўлаклар барпо этилади.

Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, янги марказ қурилиши давомида эшкак эшиш каналининг табиий шарт-шароит ва имкониятлари сақлаб қолинган ҳолда йирик халқаро мусобақалар ўтказиш учун янада қулай, замон талабларига мос шароит яратилади.

Қолаверса, юртимиз нуфузини ошириш, унинг қанчалар кенг имкониятларга эга эканини кўрсатиш ҳамда ташриф буюраётган меҳмонларга қулай шарт-шароитлар яратиш борасида ҳам кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 майдаги «Самарқанд шаҳрида 2019-2022 йилларда амалга ошириладиган улкан бунёдкорлик ишлари тўғрисида»ги қарори доирасида қадимий шаҳарнинг 42 та кўчасида муҳандислик коммуникация тармоқлари барпо этиш, 26 та кўчани реконструкция қилиш ҳамда 10 та тоннель ва кўприклар қурилиши бош­ланди. Рудакий ва Бўстонсарой кўчалари кесишмасида узунлиги 534 метр ва ер ости қисмининг узунлиги 93 метрлик тоннель ҳамда кенглиги 6 метр, баланд­лиги 3 метр бўлган пиёдалар ер ости ўтиш йўлкаси қурилиши бош­лангани бунинг ёрқин далилидир. Сайёҳларни янада кўпроқ жалб этиш учун авиарейсларнинг сонини ошириш бўйи­­ча қарор қабул қилиниши ҳам айни муддао бўлди:  Бу Самарқандни жаҳонга кўз-кўз қилиш йўлидаги яна бир муҳим қадамдир.

Ҳозир ислоҳотлар шиддат билан амалга оширилаётгани боис ҳаётимизда ҳар куни муҳим ўзгариш, янгилик рўй беряпти. Буни кўпчилик кўриб-билиб турибди. Президентимизнинг ташаббуси билан амалга оширилаётган «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари ижроси мисолида бу фикрни янада теран анг­лаш мумкин. Чунки илгари аксарият соҳаларни ривожлантириш бўйи­­ча амалга оширилаётган ислоҳотлар кўпроқ марказда ўз самарасини кўрсатиб, янгилик қуйи бўғинларга тушгунча анча вақт ўтар, буни одамлар ўз ҳаётида ҳис этиши учун кўп вақт кутишига тўғри келар эди.

«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» ­дастурлари доирасида Самарқандда қисқа фурсатда 99 та бозор инфратузилма объекти, жумладан, 20 та савдо мажмуаси ва 57 та маиший хизмат кўрсатиш ҳамда 18 та кичик турдаги ишлаб чиқариш объекти барпо этилиб, 213 та янги иш ўрни яратилди. 697,3 километрлик масофада электр ва 17,3 километрлик табиий газ тармоқлари тортилиб, 367 дона трансформатор янгидан ўрнатилди. Бундан ташқари, кўплаб трансформаторлар таъмирланди. Табиий газ етиб бормайдиган ва туман марказидан олис ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли хонадонларига 5541 дона маиший суюлтирилган газ баллони етказиб берилди.

Кундалик эҳтиёжлар учун зарур бўлган тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун 304,4 километрлик масофада янги тармоқлар тортилиб, 68 дона сув иншооти қуриб, фойдаланишга топширилиши натижасида 164 минг нафардан ортиқ аҳоли тоза ичимлик сувини истеъмол қилиш имконига эга бўлди. Халқаро жамғарма ва фондларнинг кредит маблағлари ҳисобидан Қўшробот туманида ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида қиймати 27,3 миллиард сўмлик 112,5 километрлик ичимлик суви тармоқлари ва иншоотлари қурилиши амалга оширилмоқда. Айни пайт­­да 2,7 миллиард сўмлик 3,9 километрлик ичимлик суви тармоқлари қуриб битказилди.

Шаҳар типида яшовчи аҳолига оқова сув хизматлари кўрсатишни ташкил этиш мақсадида 94,2 километрлик масофада оқова тармоқлари қурилди. Халқаро молия институтлари кредитлари ҳисобидан 2019-2020 йилларда «Бухоро ва Самарқанд шаҳарларини оқова тизимини реконструкция қилиш» лойиҳаси асосида Фарҳод шаҳарчасида сув тозалаш иншооти фойдаланишга топширилди. Бу йилги режага мувофиқ, 56,1 километрлик оқова тармоғи бунёд этилди. «Обод марказ» дастури бўйича Пахтачи туманида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Туман марказининг янги лойиҳаси ишлаб чиқилди ва унга асосан 15 та янги объект бунёд этилди. Бундай рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин.

Аҳолини уй-жой билан таъминлаш долзарб масалалардан ҳисобланади. Самарқанднинг Қорасув мавзесида 7 та беш қаватли хизмат уйлари (210 хонадонли), 13 та етти қаватли (546 хонадонли) кўп хонадонли арзон уй-жойлар барпо этилмоқда. Туркиялик инвесторлар билан ҳамкорликда 52 та кўп хонадонли турар жой бинолари қурилиши ҳам авжида.

Жорий йилда уй-жойга муҳтож оилалар учун 55 та кўп хонадонли ва 370 та намунавий арзон лойиҳадаги уй-жойлар қурилмоқда.

Иқтисодиётнинг барча соҳаларида ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда. Масалан, 5732 та саноат корхонасида 10,1 трлн. сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Бундан ташқари, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида йирик ишлаб чиқариш корхоналарининг ишга тушаётгани ҳам қувонарли ҳолдир. Бу аҳоли, айниқса, ёшларнинг иш билан таъминланишида муҳим аҳамият касб этади.

Оқдарё туманида фойдаланишга топширилган қиймати 36,8 млн. долларлик толадан жинси матосини тўқиш, бўяш ва тайёр трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган «Afrosiab jeans textile» МЧЖнинг ишга туширилиши натижасида 800 та янги иш ўрни яратилгани, Иштихон туманида фойдаланишга топширилган қиймати 22,5 млн. долларлик ип калава ишлаб чиқаришга мўлжалланган «Maroqand sifat tekstil» МЧЖнинг ишга туширилиши натижасида 600 та янги иш ўрни яратилгани бунинг исботидир.

Вилоятда ёш авлоднинг тарбиясига катта эътибор қаратилмоқда. Рақамларга мурожаат қилсак, жорий йилда 28305 ўринли 931 та мактабгача таълим муассасаси ишга туширилиб, 2294 нафар хотин-қиз учун янги иш ўрни яратилди. 540 ўринли 1 та умумтаълим мактаби янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди, 48 тасида эса реконструкция ишлари амалга оширилди.

Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг замонавий тизимини шакллантириш бўйи­­ча ҳам ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда. Олис қишлоқларда 2 та янги тиббиёт муассасаси қурилди, 14 та қишлоқ врачлик пункти ва оилавий поликлиника тўлиқ таъмирдан чиқарилди.

«Деҳқон ерни, ер элни боқади», деган нақл бор доно халқимизда. Дарҳақиқат, ­дастурхонларимиз тўкин-сочинлигида деҳ­қон­­лари­мизнинг ҳиссаси катта. Вилоятимиз иқтисодиётида қишлоқ хўжалиги салмоқли улушга эга бўлиб, ўтган давр мобайнида қиш­лоқ хўжалиги маҳсулотларининг умумий ҳажми 10 триллион сўмни ташкил этди. Жумладан, деҳқончилик маҳсулотларининг ҳаж­ми 3,7 триллион сўм, чорвачилик маҳсулотлари 6,3 триллион сўмга тенг бўлди.

Ўтган давр мобайнида вилоятимизда  433,9 минг тонна донли экин, 295,9 минг тонна картошка, 279,7 минг тонна сабзавот, 13,4 минг тонна полиз маҳсулотлари, 111,7 минг тонна мева ва 5,4 минг тонна узум маҳсулотлари етиштирилди. 140,6 минг тонна гўшт, 618,7 минг тонна сут ва 623,9 миллион дона тухум ишлаб чиқарилди. Айни чоғда деҳқон-у тадбиркорлар 52,7 минг тонна маҳсулотни хорижга экспорт қилишни режалаштирган.

Хуллас, мамлакатимизда, хусусан, Самарқанд вилоятида амалга оширилаётган кўламдор ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари халқимизнинг яхши яшашига хизмат қилмоқда.