16.10.2019. “Ватанга қўриқчилар эмас, посбонлар керак”, деган эди француз шоири Рене Шар. Қўриқчилар эмас, посбонлар дейиляпти, демак, фарқ бор. Зотан, полизга ўрнатилган “қўриқчи” — тулумнинг ҳам вазифаси бор – ҳосилни хавфдан қўримоқ!.. Посбон сўзи эса ҳарчанд биз бугун ҳуда-беҳуда такрорлайвериб, қийматини тушириб юборган бўлсак-да, моҳият-эътибори билан ўзида жонфидоликни ифода этади.
Албатта, Ватанни севиш, унга фидойи бўлиш учун ўлиш шарт эмас. Балки шу йўлда, керак бўлса, ўлимни бўйинга олиш, миллат ва она тупроқ шаъни учун билвосита ҳар қандай хатар юзига тик боқишни англатади бу муҳаббат. Ватан миллат идроки билан мавжуддир. Янаям соддароқ айтсак, миллат Ватаннинг устунидир. Шу тупроқ устида яшагани учун эмас, уни шарафлагани, шуҳратга буркагани ва ниҳоят, шу заминни Ватан билгани учун ҳам унга уйғундир.
Қулларнинг тарихи бўлмайди, деган гап бор. Буни оқсуяклар айтган бўлса-да, бунда қисман ҳақиқат ҳам йўқ эмас. Зотан, мустамлака элнинг тарихини истилочилар ёзади. Биз ана шундай аччиқ кунларни кўрган, азобини тотган миллатмиз. Бироқ кўнгилда бир иштибоҳ борки, мана шу улуғ неъмат қадрини англаяпмизми ёхуд озодлик деган тотли сўз бир эстетик тушунча ўлароқ бизга неларни англатади? Ватанга фидойи бўлиш, миллатпарварлик, юрт қайғусида риёзат чекиш бугун қанчалар ўринли ва аҳамиятли?!.
1
Қатағон даври қурбони бўлган буюк жадидчи бобомиз Абдурауф Фитрат «Эй улуғ Турон, арслонлар ўлкаси! Сeнга нe бўлди? Эй, Чингизларнинг, Тeмурларнинг, Ўғузларнинг, Отиллаларнинг шонли бeшиклари! Қани у чиқдиғинг юксак ўринлар?»… дея ўкинганда, шу мўътабар тупроқ эрки учун ширин жонини тикканда неларни ўйлаган, кўзидаги қонли ёш билан не ўринларни иддао қилган?! У бундайин журъатни қайдан олган, қалбидаги чўнг оташнинг оти не?.. Аслини олганда, ватанпарварлик, миллиётчилик каби туйғулар бизга бегона эмас. Мўътабар заминимиз Алп Эр Тўнга, Тўмарис, Широқ, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темурдек минглаб буюк ватанпарвар фарзандлари билан тарих саҳнида ўз ўрнини топгани бунга бир мисолдир. Дунё аҳлини лол қолдирадиган буюк ўтмишимиз, маданият ва санъатимиз, қадрият-у анъаналаримиз шу улуғ аждодларимиз закоси меваси, аслида.
Хўш, инсоният тўлиқ тараққиётга эришган, дея иддао этилаётган, барча қадриятларга умуминсоний нуқтаи назардан фатво беришга уринилаётган бугунги кунда ВАТАН ва МИЛЛАТ тушунчаларининг ўрни қаерда бўлиши керак?! Қуйидаги мулоҳазаларимиз шулар хусусида…
2
Дарвоқе, бу жабҳада бир нарсага ойдинлик киритиб олиш керакки, бу тақрибан шундай: янгиланаётган Ўзбекистон замонавий ҳамжамиятга ўз миллий қиёфаси билан юз тута оладими, умуман, маданиятлар қоришиб кетаётган бугунги глобал дунёда мафкуранинг ўзи керакми? Умуммиллий тараққиётимизда мафкуранинг ўрни қандай? Зиёлилар, раҳбарлар, оддий одамлар учун миллий мафкура нима? Мамлакатимизда миллий мафкурани шакллантириш ва тарғиб этиш сиёсати мавжудми?..
Бу саволлар моҳият-эътибори билан 130 йил қарамликда бўлган миллий тафаккуримизни «қутқаришда» муҳим аҳамият касб этади. Тан олиш керакки, кечаётган 30 йилга яқин вақт ичида жамият «сийрати»нинг ўзгариши қийин кечди. Бу бир томондан ўтиш давридаги маҳдудлик билан баҳоланса, иккинчидан, давлатнинг ўзи жамиятнинг миллийлашувидан чўчиди, уни кескин назоратда ушлаб турди. Бугунги Ўзбекистон ҳукумати ҳаракатлари эса бу борада қозиликни эмас, мазкур ижтимоий жараёнга рағбатни назарда тутади. Зотан, жамиятни ҳукуматнинг сиёсий майлларига қараб эмас, балки миллий анъаналар ва тарихий ўзликка мос тарзда модернизациялаш кўзланаётган мақсад – давлатнинг миллий қиёфасини шакллантиришда муҳим роль ўйнайди. Шу нарса бугун аниқ кўриндики, боя айтганимиздек, ортда қолган чорак асрдан ошиқ вақт давомида ҳам биз тўлиқ миллийлаша олмабмиз. Бу феномен, энг аввало, тафаккуримизда кўриниб турибди.
Мен умримнинг кўп қисмини мафкуравий соҳада ўтказганим учун ғоя, айниқса, миллий ғоянинг жамият ҳаётига таъсирини чуқурроқ ҳис этаман. Шу маънода, бугун Президентимиз деярли ҳар бир йиғилишда, жойлардаги учрашувларда миллий ғоя, ватанпарварлик ҳақида тўлқинланиб гапирганида, зарур топшириқлар берганида, бу борада одамларга куйиниб мурожаат қилганида, унинг қиёфасида бир ватанпарвар инсон сиймосини кўраман. Юртпарварки, битмас ерости ва усти бойликларига, меҳнаткаш ва фидойи халққа, сахий табиатга эга юртнинг абгор аҳволидан кўнгли ўксик, бироқ кўзларида ўт чақнаган чин Ватан ўғлони…
Бу жараёнлар, муаррихлар тили билан айтганда, тарихий заруратдир. Негаки, «оққан дарё оқади» деганидек, дарё ўз ўзанига қайтиши адолатдан эди. Зотан, ўзингиз ўйланг, тарихда ўнлаб салтанатлар тузган, жаҳонга минглаб алломалар берган, зимистон даврларда инсоният тамаддуни ғилдирагини ҳидоят сари бошлаган, ўз ақл машъали билан кишилик жамияти йўлини ёритган миллат шу ўринга муносибмиди? Эҳтимол, Фитрат дунёнинг мана шу адолатсизлигига қарши исён қилгандир? Унинг Ватан ва миллат севгисига тўла юрагини шу оташ куйдиргандир?.. Ўрни келганда шуни айтиш керакки, бугун энди яширишнинг ҳожатиям, иложиям қолмаган бир ҳақиқат – биз ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий параметрларда дунёда анча қуйида эканимизни тан оладиган вақт келди. Нафақат иқтисодий-ижтимоий, балки маданий-маърифий соҳада ҳам сафларнинг сўнггида эканмиз. Лекин кулгили ҳолат шундаки, узоқ йиллар шуни гўё яширдик, ёлғон рақамларга қарсак чалдик. Оқибатини эса бугун кўриб турибмиз…
…Миллий тафаккурнинг шаклланиши моҳият-эътибори билан озодликни қўлга киритиш билан баробардир. Зотан, шахс ўзлигини англамас экан, у мустабиддир. Бугунги жамиятимиздаги оғриқ эса онгимиздаги мана шу турғун «инстинкт» билан кўп жиҳатдан боғлиқ. Бу кўпроқ катта авлод ҳаракатларида кўзга ташланади. Тил, тарих, миллий қадриятлар, маданият ва санъатимизга бўлаётган нописандликни кўпчилик ҳолларда биз, катталар болаларимизга «юқтиряпмиз». Деярли кўпчилигимиз ҳалиям «советча» маданиятимиз билан фарзандларимизга ўрнак бўлмоқчи бўламиз. Кўп масалаларда улар билан чиқишолмаймиз.
Яқинда бир танишим набираси паспорт олаётиб, шарифдаги бир-икки ҳарфни ўзгартириб, яъни фамилиясини «Яркулов» ўрнига «Ёрқулов» деб тўғрилаб келганига хуноб бўлиб, бугунги ёшлар қулоқсиз бўлиб кетди, дея жиддий зорланди. Аслини олганда эса, бизнинг миллий ўзандан узоқлашувимиз айнан мана шундай майда деталларда зуҳр бўлади. Биз шундай «тарбияландик-ки», ота-боболаримизнинг исмидан уяладиган бўлдик. Она тилимизда гапириш маданиятсизлик белгисидек туюла бошлади. Ҳолбуки, Тил – миллатнинг жони, томирда оқаётган қонидир. Усиз ҳеч бир миллат баркамол эмас. Мана, маърифатпарвар бобомиз Алихонтўра Соғуний бу ҳақда нима деган эди: «Арабча, форсийчаларни ёзиш-сўзлашгина эмас, балки бу икки тилда китоб ёзиш, шеър айтиш қобилияти менда бўлса ҳам, ўз туркий она тилимни бошқа тиллардан ортиқроқ кўрдим. Чунки, қайси бир миллатнинг она тили ўз ҳожатини ўтаёлмай, бошқа ёт тиллар олдида мағлубиятга учраб тиз букар экан, ундай миллат кўп узоқламай, инсоний туйғуларидан ажраган ҳолда ҳаёт дафтари устига инқироз қалами чекилиши шубҳасиздир. Ундай миллатлар ёлғизгина Ватанларидан эмас, балки бутун борлиғи билан тарих юзидан йўқолишга мажбур бўлади».
Тарихнинг гувоҳлик беришича, ҳар бир истило халқ хотирасида ўнгланмас асорат қолдиради. Ҳозирги авлод буни оқпошшо истилоси, айниқса, шўро сиёсати, коммунистик мафкура зулми мисолида яққол кўриши мумкин. Албатта, ўтган тарихий силсилалар миллий ўзлигимизга етказган зиён ва тушунчалар юқорида айтганимиздек, ҳамон онг остида яшаб келаётир. Ҳалиям миллатнинг қони тоза, иймони саломат эканки, мудом аслини сақлаб келди. Ҳолбуки, тарихда қанчадан-қанча халқлар тилларини йўқотибгина қолмай, ўзи ҳам йўқ бўлиб кетган. Бунга бир мисол. Ҳазар (бугунги Каспий) денгизи бўйида қадимда Ҳазар салтанати бўлган. Ундан бугун урвоқ ҳам қолган эмас. Биласиз, лотин тили ўз замонида кўплаб тамаддунга бешик бўлган. Қани у ҳозир? Уларни емирган бегона маданиятлар, ёт урф-одат, яъни экспанцион мафкуралар. Бугун тобора глобаллашиб бораётган, биздан фарзандларимизни тортиб олишга уринаётган дунёда бир миллат сифатида ўзлигимизни, ота-боболаримиз тутган тутумни сақлаб қолишга ҳам руҳан, ҳам маънан тайёрмизми?! Етти ёт мафкуравий тазйиқларга қарши қандай чоралар қўлламоғимиз керак?
Шу маънода гапирадиган бўлсак, миллий ғоя ва мафкура бугун сув ва ҳаводек зарур. Энг аввало, ТАЪЛИМ ТИЗИМИни миллийлаштириш, соҳага янги услублар жорий этиш кечиктириб бўлмас масаладир. Таълим-тарбияда эҳтиёткорлик, бузғунчи ва вайронкор ғоялардан болаларимизни асраш эртанги порлоқ кунимиз гарови эканини унутмаслигимиз керак. Зотан, боланинг тафаккури боғча ва мактабда шаклланади. Шу ерда у Ватан, Миллат деган туйғуларни қалбига сингдиради. Демак, мактабгача таълим тизимида миллий методика яратишимиз керак бўлади. Бу бизда ҳозиргача йўқ. У нима дегани? Бу аввало, тизимни тамомила миллийлаштириш, боғчаларимиздаги тарбияни миллийлаштириш деганидир. Фарзандларимиз боғчада халқ эртаклари, достонларимиз қаҳрамонлари жасоратлари ва халқ оғзаки ижоди намуналари, миллий мусиқа ва қўшиқларимиз жозибасидан баҳраманд бўлиб улғайса, ўзбекча салом-алик, муомала маданиятини ўрганса, ўйлаймизки, бизни бугун қийнаётган муаммоларга ўрин қолмайди. Қолаверса, «оила инқирози» хатарга айланаётган бугунги замонда бу янада муҳимроқ аҳамият касб этади. Акс ҳолда, бугун қўлидаги телефондан бош кўтармай, мурғак болага «сволоч» деб ўшқирадиган боғча опадан фарзандимиз нима ўрганади? Бундай тарбиясиз тарбия бизни қаёққа олиб боради?!
Ўрни келганда шуни қайд этиш керакки, Япония бошланғич таълимида ўқиш билан бирдек миллий тарбия масаласига ҳам жиддий эътибор қаратилади. Яъни япон болалари овқатланиш маданияти, кийиниш ва саломлашиш-у миллий тил ва қадриятларга ҳурмат кўникмасини мурғаклигидаёқ онгига сингдиради. Буни давлат ўз зиммасига олган. Шунинг учун ҳам японлар миллийлик жиҳатдан беқиёс бир миллатдир.
Халқ таълимида ҳам узоқ йиллардан буён фақат гапирилиб, аммо амалга ошиши қийин кечаётган муаммолар сероб. Хусусан, мактаблар таълим дастурини тўлиқ қайта кўриш, бу борада махсус ҳукумат комиссияси ташкил этиш бугун муҳимдир. Дарсликлар савияси, сифати ва мазмун-моҳияти кескин ислоҳга муҳтож. Айниқса, болаларимизга ўқитилаётган тарих, она тили ва адабиёт китоблари мундарижаси ва дарс соатларини ўйлаб кўриш, хусусан, адабиёт дарсликларини қадимги туркий халқлар оғзаки ижоди ва фольклори, ёзма адабиёти намуналари билан янада бойитиш, туркий халқлар тарихини, тилини изчил ўргатиш лозим. Негаки, аждодларимиз шу заминда палак ёйган. Бизнинг чин тарихимиз умумтуркийлар тарихидир. Ачинарлиси, мактаб дарсликлари совет даври педагогикаси методологиясидан тўлиқ воз кеча олгани йўқ.
Ваҳоланки, бу методологиянинг бош мақсади миллийликдан бегоналаштириш эди. Миллий тарбияни шакллантириш ва таълимни миллийлаштириш биз, катта авлоддан фарзандларимизгаям «юққан» советча тафаккурни емиради, миллий онг шаклланишида етакчи омил бўлади. Болаларимиз қалбида қадим миллатимиз тарихига фахр-ифтихор уйғотади.
Лекин бугун, замон шундайки, глобал дунёда маданиятлар қоришуви юз бермоқда. Болаларимиз чет элларда таълим олмоқда, хориж ўқув юртлари мамлакатимизда шўъбаларини очмоқда. Бу замон талаби, албатта. Лекин ижтимоий тармоқларни кузатган одам, мамлакатда таълим тизимига ўзга давлатлар ўқув муассасаларининг кириб келиши миллий кайфиятдаги зиёлиларга хуш келмаётганини дарров пайқайди. Улар бир жиҳатдан ҳақдир. Негаки, бунда мамлакатда чет тилида дарс ўтилса, хорижий забон орқали ўзга жамиятлар мафкураси кириб келади ва охир-оқибат маънавий мустақиллигимиз яна хавф остида қолади, деган ҳадик бор. Албатта, тил ўрганиш шарт. Ривожланган давлатлар таълим тажрибасини ҳам. Лекин булар бизнинг тилимиз ва миллий ўзлигимизга таъсир этмаслиги керак.
3 Президентимизнинг бугун куйиб-пишиб ватанпарварлик ва миллий ғоя ҳақида гапиришлари бежиз эмас. Чунки мустақил бўлганимизга қарийб 30 йилга яқин вақт бўлаётирки, миллий масаланинг кўпгина жабҳаларида ҳали-ҳамон аниқ қароримиз йўқ. Масалан, тарих, тил ва имло, этник луғат, олий таълим-у маориф соҳаларидаги беқарорлик ҳамда эскича тутум, давлат ва жамият бўғинларида, илм-фан ва сиёсатда хорижий тилдан фойдаланишимиз маънан тўлиқ мустақил бўла олмаганлигимизни кўрсатиб турибди. Истиқлолнинг илк йилларида бошланган миллиётчиликдаги ислоҳотлар бошқаларига ўхшаб шундоқ қолиб кетган.
Сўзимиз бошида кўндаланг қўйилган саволларга жавобан шуни айтамизки, жамиятни ривожлантириш ва давлатни мустаҳкамлашда миллий ғоянинг ўрни беқиёс. Зотан, бугун энг қудратли, дея эътироф этиладиган АҚШ, Англия, Германия, Хитой, Россия, Туркия, Япония каби давлатлар сиёсати ҳам миллий бир ғоя устига қурилган. Шу маънода, Президентимиз бугун энг глобал даражага олиб чиқаётган ватанпарварлик ва миллий мафкура масаласи халқимиз учун ҳаёт-мамот масаласидир. Бу борада, энг аввало, юқорида эслаганимиздек, таълим соҳаси ва она тилимизга бўлган муносабатимизни қайта кўришимиз керак бўлади. Зотан, ватанпарварлик ҳам миллатни севиш кўникмаси, аввало, оиладан, мактабдан, қолаверса, биз ҳар куни муомала қиладиган тилдан озиқ олади. Миллий тил мафкуранинг муҳим асоси экан, демак, бу борадаги ҳаракатларни жадаллаштиришимиз керак бўлади. Бунинг учун ҳукуматимиз барча жабҳаларда давлат тилини қўллаб-қувватлаши, унинг том маънода давлат тилига айланиши учун зарур чоралар қўллаши керак.
Кўпинча ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан ҳукуматга нега чиқарилаётган қарор ва ҳужжатлар рус тилида тайёрланиб, кейин ўзбек тилига ўгирилади, деганга ўхшаш ҳақли саволлар берилади. Бунинг икки сабаби бор, назаримда. Биринчидан, бу ўша ҳужжатларни тайёрлаётган мутахассисларнинг ўзбек тилида иш юритишда етарли малакаси йўқлиги билан баҳоланса, иккинчидан, бизда мустақилликдан кейин тилнинг ислоҳ қилинмагани билан боғлиқ. Зотан, совет замонида яратилган ўзбек адабий тили бугунги миллий тараққиётимиз билан ҳамоҳанг эмас. Бунинг маънавий ҳаётимиздаги асоратларини аллақачонлар сезиб улгурдик. Хусусан, адабий тил меъёрларининг қатъийлашмагани, бир бутун халқ сўзлашув тилини қамраб олмагани жамиятда «кўповозликка», шеваларга йўл очиб берди. Бу эса нафақат давлат иш юритувида, балки кино ва театрда, санъатда советча «жаргон» сўзларнинг тегирмонига сув қуймоқда. Миллий тилимиз ривожланаётган, техника асри «уммони» ўзанларидан узоқда қолиб кетди. Бизда бугунгача ҳуқуқий ёки иқтисодий миллий терминология яратилган эмас. Шунинг учун ҳам оддий одамлар чиқарилаётган ҳужжат ва қарорларнинг «тили»ни тушунолмай хуноб бўлишади. Яна бир эътиборли жиҳат шундаки, бугун замонавий мавзуларда соф ўзбекча суҳбат қуришнинг имкони бўлмай қолди. Эҳтимол, шунинг учун тилимизда ажнабий сўзлар миқдори кескин ошиб кетди.
Эътибор қилинг, бугунги ёшлар гаплашаётган ўзбекча билан катта авлод гурунглашаётган она тилимиз орасидаги фарқ хийла кенгайган. Бундай жиддий сабаблар тил билан боғлиқ сиёсатимизни қайта кўришимизни тақозо этади, албатта. Қолаверса, давлат тилининг софлигини сақлашда, унинг амалда ижросини таъминлашда фуқароларимиз, жамоатчилик ҳам фаол бўлмоғи керак. Ўзингиз ўйланг, олис Зафарободнинг чекка бир овулида иш юритаётган ошхона пештоқига «Мы открылись» деган ёзувни илиб қўйиш кимга керак?! Бу овлоқда ўрис тилини биладиган мардумнинг ўзи бўлмаса, айниқса! Таассуфки, мана шундай бепарволик, тилимизга беписандлик бугун замонавийлик белгиси тусини олган.
Гап кўчадаги реклама ёзувлари, эълонлар-у ёрлиқлар ҳамда безаклар ҳақида кетар экан, бу борада яна талай нуқсонларимиз кўзга ташланади. Шаҳарларимиз бадиий-маънавий ландшафтини яратишда бу ишга жавобгар бўлган ташкилотлар, хусусан, ҳокимликлар, Маданият вазирлиги ва Бадиий академиянинг иштироки умуман сезилмайди. Кейинги вақтларда кентларимиз кўча ва хиёбонларини бизнинг руҳиятимизга бегона бўлган европача безаклар эгаллади. Биргина кейинги йилда пойтахт кўчалари Ғарб сюрреализм ва авангард санъатига тақлидан қилинган иллюстрацияларга тўлиб кетди (Аслида, бу барча катта шаҳарларимизга хос ҳолат). Бу, аслида миллий руҳиятга таҳдиддир. Қолаверса, чет эллик сайёҳлар юртимизга Шарқ тароватини, ўзбек халқи табиатини билиш ва ундан баҳра олиш учун келади. Шу маънода, мазкур идоралар миллий орнамент (нақш-у нигор)лар коллекциясини яратиши ва бунинг бутун мамлакат бўйлаб унификация қилинишини таъминлаши керакки, юртимизга келган меҳмонлар халқимиз тарихи, санъати, маданияти бебаҳолигини кўрсин, миллатимизнинг буюк ўтмишидан баҳраманд бўлсин!..
Миллий мафкура аслида мана шундай миллатнинг ўзлигини ифода этувчи элементлар устига қурилса, у том маънода, миллий бўлади. Аксинча, у мавсумийдир. Мафкурачиларимиз юрагимизга 25 йил қутқу солиб келишдики, матбуотни эркин қўйса ундоқ бўладур, мундоқ бўладур, миллиятга урғу берсак бошқалар ўксинишади, жамиятда қутбланиш бошланади, деб. Президент Шавкат Мирзиёев ишга киришганидан ОАВ йўлидаги тўсиқни олди, нима бўлди?! Тўғри, бугун ижтимоий тармоқлардаги талотўплар, ахлоқсиз матнлар, андишасизлик – бу бор гап. Лекин бунга ким айбдор? Йигирма беш йил жамиятнинг оғзини бекитиб келган ўзимиз эмасми? Тўғон олингач, албатта, лойқа оқади. Унинг тиниши учун эса вақт керак бўлади. Миллият масаласи ҳам шундай. Биз ҳалигача жадидчиларимизни гапиришдан чекланамиз, тарихий шахсларнинг кўпидан бегонасираймиз, ўтмишимиздаги бутун бошли даврларни эсламаймиз. Масалан, яқинда мактаб ёшидаги бир неварам «босмачи дегани нима, боболаримиз босмачи бўлганми?», деб сўраб қолди. Очиғи, унга жўяли жавоб беролмадим. Чунки ўзимда ҳам бу борада тугал илмий фикр йўқ эди. Кейин ўйлаб кўрсам, нафақат менда, балки жамиятимизда ҳам бу давр борасида тўғри қараш шаклланмаган ёки шакллантирилмаган экан.
Бундай мисолларни, афсуски, яна кўп келтириш мумкин. Айниқса, тарихимизга бўлган муносабатимиз борасида. «Халқнинг миллий туйғулари уйғониб кетади, миллат жунбушга келади», деган сиёсий ташхислар совет мафкурачилариники эди. Озод бўлганимизга 30 йилга яқин вақт бўлаётир. Ҳеч бўлмаса энди уйғонишимиз керак, ҳурматли мафкурачилар! Бу ёқда дунё ҳам, одамлар ҳам ўзгариб кетди. Миллиятга йўл берсак «иқлим» ўзгариб кетади деб бир-биримизни алдашни бас қилайлик.
Мана, яқиндаги йиғилишда Президентимизнинг ўзлари Миллий ғояни шакллантирайлик, болаларимиз миллий руҳда камол топсин, Президент мактабида ўқиётган фарзандларимиз давлат тилини билишлари шарт, шундагина биз ривожланамиз, юксакликка эришамиз, деди ва бунга барчани жалб қилди. Нима ёмон гап бўлди, ким бундан норизо бўлди? Қайтанга халқимиз тилимизнинг Президент томонидан ҳимояга олинганидан кўнгли шод бўлди. Бу ишлар жамиятга янгича руҳ бағишлади. Бундай қараш, юқорида айтганимиздек, эскича, «коммунистча» фикрлаш меваси, аслида. Бугун кўпчилигимиз миллият ҳақида, ватанпарварлик ҳақида оғиз кўпиртириб гапирамиз-у ортидан эҳтиёткорлик билан биз толерант давлатмиз ёки ватанимиз кўпмиллатли, деб қўшиб қўямиз. Кўп жабҳаларда эски ақидалардан улгу олишга тиришамиз. Кўпмиллатли советлар давлати тугаб кетганига 30 йил бўлаётганини эсимиздан чиқазамиз, айни дамда миллий ва суверен давлат эканимизни унутамиз. Эътибор қилинг: Японияда қанча миллат вакиллари яшашади, Хитойда-чи, Германияда, Кореяда, Туркияда-чи? Улар кўпмиллатли эмасми? Лекин шулардан қайси бири, масалан, кўпмиллатли Хитой давлати, кўпмиллатли Корея дейди? Аксинча, улар Турк халқи ёхуд биз – японлар дейишади-ку!
Биз ҳанузгача нимадан қўрқамиз? Ким бизнинг қўлимизни ушлаб турибди? Шу ўринда бир мулоҳаза. Яқинда ижтимоий тармоқларда Япония ташқи ишлар маҳкамаси мулозимининг расмий баёноти тарқади. Унда мулозим жаҳон жамоатчилигини япон исм-шарифларини тўғри ёзиш ва талаффуз этишга даъват этган. Бу ватанпарварлик эмасми?! Бизда-чи, биз ҳали-ҳамон ўзимизнинг қотма қарашларимиздан воз кечганимиз йўқ. Набирамиз бузилиб, маъносини йўқотиб кетган шарифимизни тўғрилаб келса, ёшлар қулоқсиз бўлиб кетди, дея жимитдек бола билан ётиб олиб ёқалашамиз. Бу жоҳилликдан бошқа яна нима?..
Албатта, ватанпарварлик мафкурачи дўстларимизнинг юртпарварлик ҳақидаги догматик семинарлари, шоирларнинг шеърлари орқалигина шаклланади десак, унчалик тўғри бўлмайди. Бу туйғу оёқланиши учун аниқ ҳаракатлар, ислоҳотлар керак бўлади. Буюк соҳибқирон Амир Темур миллати буюклигини юрт ободлигида, салтанат қудратида, деб билган эди. У шу маънода «…Бизнинг буюклигимизга шубҳа қилсангиз, қурган иморатларимизга боқинг» деганида мутлақ ҳақ эди. Зотан, одам боласи табиатан озодликка, қудрат касб этувчи бир ғурурга ташна бўлади. Бундай соҳир туйғу эса эл бунёдкорлигида, Ватан равнақида тетапоя қилади.
4
Ўтган даврга хулоса бериш тарихнинг иши. Лекин биз бугунни «зийнатлаш» учун кечаги кунимизни бўралаб сўкишни одат қилганмиз. Шундай қилсак гўё «тепа»га кўпроқ ёқамиз, фикримиз залворлироқ чиқади… Лекин эътибор беринг, замон ўзгарди, эндиги ўзгариш-у ислоҳотлар қарсакбозлиг-у мадҳиябозлигимизга муҳтож эмас. У тиланчи эмас, иззатпараст эмас, такаббур эмас. Мен бир республика ташкилоти раҳбари, бугунги сиёсий жараёнларга аралашиб юрган одам сифатида шу пайтгача ҳукуматдан ёки бирор масъул шахсдан фалон жойдаги ўзгаришлар, қилинаётган қурилиш-у бунёдкорликлар ҳақида газетада материаллар, телевизорда кўрсатув бериш керак, деган топшириқ берилганини эслай олмайман. Аксинча, жараёндаги камчиликлар матбуот орқали ҳам, ижтимоий тармоқлардаям танқид қилинмоқда, лекин ҳеч ким ҳеч кимдан «сиёсий айб» қидираётгани, жазолаётгани йўқ, ҳозиргача. Бу мутлақо янги замон бошланаётганидан дарак эмасми?!.
Лекин нима бўлганда ҳам атрофда юз бераётган воқеалар ҳақида борини гапириш, қандай бўлса шундай кўрсатиш, ёзиш ижодкор одамдан кўп нарсани талаб қилади. Хусусан, бу самимиятни тилайдики, бу туйғу бугун камёб «матоҳ» каби кўпчилигимизнинг қалбларимизни кемтик қилиб турибди. 130 йиллик мустамлака сиёсати тафаккуримиз билан бирга қалбларимизниям «ислоҳ» қилиб юборгандай, гўё.
Бойларга нафрат ва ғараз билан қарашдек советча тафаккур ҳалиям онгимизда айланиб юрибди. Аслида эса бойлар (албатта, у ҳалол бўлса) кўп бўлиши жамиятга, давлатга фойда эмасми?!. Яқинда бир укамиз гапириб қолди. Пойтахтда барпо этилаётган Тошкент Сити мажмуасидаги турар-жойларнинг катта қисмини хорижда ўқиётган, ишлаётган ёшларимиз харид қилиб бўлибди. Тўғри қилишади. Улар замонавий дунёни кўришди, одам бугун қандай яшаши кераклигини англашди, пули борми, қаддини уришсин. Улар ўзларининг болалиги ўтган тор, биқиқ «хрушчёвка»ларда яшашни ор билишмоқда… Замон ўзгармоқда, дунё ҳам, одамлар ҳам ўзгармоқда… Мамлакатда қадам олган бунёдкорликнинг сабаби аслида шу. Шаҳарларимиз кўрки, одамларимиз турмушини замонавий дунё талабларига мослаш.
Яқинда иш юзасидан япониялик меҳмонлар билан учрашишга тўғри келди. Гап орасида пойтахтимиз ҳақида сўрадим. Улардан бири Тошкентимиз ҳақида гапира туриб, шаҳрингиз катта қишлоққа ўхшаркан, деганда, очиғи, аччиғим чиқди. Бироқ бу ҳақиқат эди. Тошкентни учоқда тепадан кузатсангиз ўтган асрнинг 70-йиллари совет меъморчилиги ландшафтига кўзингиз тушади. 30 йилга яқин мустақиллик, 20 йиллик учинчи минг йиллик даври ҳам шаҳримизни ўзгартира олмади. Қандай бўлса шундай, худди тош қотгандай. Буни кимдир ўзгартириши керакми, керак! Бугун шу иш амалга оширилаётир. Нафақат пойтахтда, балки юртимизнинг барча гўшаси бугун қурилиш майдонига айланган. Бундан одамлар, оддий одамлар наф кўраётгани бор гап. Мен бир оилани биламан. Эр-хотин ногирон, уч бола ногирон. Йигирма йил уйсиз саргардон кезишган. Шунча йил уларнинг ичидан ўтган аламни, дард-у ситамни билган билади, билмаган латифасини айтиб юраверади. Шу оилага Сергелидан шинам уй берилди. Ҳамма шароити бор, текин. Эр-хотин хурсандчиликдан йиғлайди, болалар ота-оналарини юпатишга уринишади… Бу ҳикоя учун сентиментал мотив эмас, реал ҳаёт. Бундай оилалардан мингларига уй берилди. Миллионлаб одамларнинг қалбида нур милтиради.
Энди айтинг, шу ишларни бошида туриб амалга ошираётган одам ватанпарвар эмасми?.. Зўрни тан олиш ҳаммагаям енгил иш эмас. Хусусан, бунинг учун одам мард бўлиши керак. Бироқ масала умумманфаат борасида кетаётган бўлса, одамда озгина миллатпарварлик ҳам керак бўлади. Ватанни обод кўриш, бошқалардан кам бўлмаслик, Президентимиз айтганидай, эргашувчи эмас, эргаштирувчи халқ бўлишимиз янгиланаётган Ўзбекистоннинг стратегик мақсад муддаоси десак, адашмаган бўламиз. Зотан, халқимиз асрлар давомида дунёни ўзига қаратиб келган. Саҳналарнинг тўрида бўлган, хал қилувчи гапни айта олган миллатдир.
5
Мана шулар ҳақида ўйлаганда, беихтиёр кишилик жамияти босиб ўтган йўлга мурожаат қиласан, киши. Дунёда шундай қудратли халқлар бўладики, улар зиммасидаги тарихий масъулият гўё толеига халоскорлик битилган афсонавий қаҳрамонларнинг қисматига ўхшаб кетади. Ва бу кўҳна дунё ўта қалтис вазиятларда айнан ўша халқларга юз буради, уларнинг кўмагидан мадад олади.
Мисли йўқ кечмиш ҳодисалар талқини шундан далолат беради.
Ўқиган бўлсангиз, Данте Алигьери «Илоҳий комедия»да Тўмарисни шундай улуғлайди: Даҳшатли қасос олиб, намоён бўлган Тўмарис Кирга шундай дейди: «Сен қонга ҳамиша ташна эдинг, Қониқмайин ичабер».
Тарихчи Павел Орозий «Жаҳон тарихи» асарида Вавилонни вайрон қилган Кир Тўмариснинг Ватанига ҳужум қилганини ва унинг қаҳрига учраб, ҳалок бўлганини алоҳида таъкидлайди.
Айниқса, мўғул босқини ўзининг ваҳшийлиги билан юракни ларзага солган. Одам авлоди шундай қутуриши мумкин эканига ишонгинг келмайди. Бир мисол: «Бўжи келди» деса, ҳамон болалар чўчиб кетади. Унинг қўрқинч тўла золимлиги ҳамон қонимизда яшаб келади. Аммо, Жалолиддин Мангуберди бу ёвуз кучга қарши чиқиб, унинг додини берган.
Босқинчилар 1221 йил декабрида Синд дарёси бўйида султон Жалолиддинни қуршаб олади. Баҳодирнинг лашкари оз миқдорда эди. Аммо, у ёв билан охиригача жанг қилади. «Қай томонга от сурмасин, тупроқни қора қонга белар эди», деб ёзади Мирзо Улуғбек «Тўрт улус тарихи»да. Баҳодирнинг мислсиз матонати ва жасорати олдида Чингизхон ожиз қолади. Ахийри, Жалолиддин қуршовни ёриб чиқиб, азим дарёнинг у соҳилига кечиб ўтади. Шунда айтган Чингизхон «Дунё дунё бўлиб, отадан бундай ўғил туғилган эмас», деб…
Бу – тарих!
Амир Темур эл-улусни мўғул истилосидан халос этиб, одил ва беқиёс салтанат тузгани, салоҳиятли ҳарбий мактаб яратгани, бутун бир Уйғонишни бошлаб бергани, шунингдек, Европа тамаддунига йўл очгани ҳам жаҳон муаррихлари томонидан бирдек эътироф этилади.
Абу Али Ибн Синонинг «Тиб қонунлари» XII асрда Европа тилларига таржима қилинганини, университетларда табобат илми беш юз йил давомида шу китоб асосида ўқитилганини ким инкор эта олади?
Хилда Хукхэм «Етти иқлим соҳиби» китобида ёзишича, Британияда XVII асрда Қиролнинг биринчи мунажжими иш бошлаган. У Мирзо Улуғбекнинг «Зижи Кўрагоний» асарига таянган ҳолда тадқиқот олиб борган…
Бундай мисоллар кўпдан-кўп.
Форобий, Беруний, Хоразмий заковати ўша замондаёқ бутун бир оламга ёруғлик улашган. Ёки бўлмаса, Ислом оламининг устунлари бўлган Имом Бухорий, Аҳмад Яссавий, Нажмиддин Кубро, Маҳмуд Замахшарий, Баҳоуддин Нақшбандийни эсга олайлик. Бу ёқда – Термизий, Мотурудий, Марғиноний… Шоирлар султони ҳазрат Навоий…
Бу мўътабар сиймолар кишилик жамияти бешигини тебратиб, тарих ғилдирагини тўғри йўлга солиш учун дунё юзини кўрган десак, хўш, буни ким рад эта олади?!
Сиз бир эътибор қилинг: ХХ асрнинг кўзга кўринган сиёсатшуноси Збигнев Бжезинский йигирманчи асрнинг саксонинчи йиллари охирида минтақадаги вазиятга баҳо беришда «Ўзбекистоннинг мустақиллиги Ўрта Осиёдаги бошқа давлатларнинг яшаб кетмоғи учун жуда катта аҳамиятга эга», дея таъкидлаган. Албатта, олим бу ўринда, нафақат геосиёсий жойлашувимиз, балки, энг аввало, меҳнаткаш ва заковатли халқимиз маърифий ва илмий салоҳиятини ҳам ҳисобга олгани шубҳасиз.
Яқиндагина мамлакатимиз Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлди. Бугун Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган мазкур кенгашнинг олий даражадаги учрашуви азалий биродар халқларнинг равнақи йўлида ривожланаётган анъанавий дўстлик, кенг қамровли ва узоқ муддатли ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга ҳисса қўшадиган тарихий воқеадир. У мамлакатимизнинг нафақат ташқи, балки ички сиёсатида ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чунки миллат қаддини тиклашда бу каби оқилона саъй-ҳаракатларнинг ўрни беқиёс.
Бу қадам, айтиш мумкинки, Ўзбекистон тарихида янги саҳифа очди. Орадан қарийб 30 йилга яқин вақт ўтиб мамлакат бир миллий давлат ўлароқ миллат юзига коммунистлар ташлаган пардани йиртди — ўзлигини баралла ифода этди, биз туркий халқмиз, дея тан олди. Бу ўз-ўзидан бўладиган иш эмас, албатта. Бунинг учун одамда жуда катта сиёсий ирода, метин қатъият ва миллатга чексиз муҳаббат керак бўлади. Биз бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёев сиймосида шу сифатларни кўрдик ва дилимизда бундан ифтихор туйдик.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, ҳар бир қаричи бир азиз авлиё, бир улуғ аллома ёки Тўмарис-у Широқдай бир ёвқур ватанпарварнинг хоки покини бағрига босган мўътабар заминда яшаяпмиз.Уларнинг бедор ва курашчан руҳи бугунги Тинчлик ва Аҳил-тотувлик, Ободлик ва Озодлигимиз тимсолида мужассам. Бу эса зиммамизга шукроналик, фахрланиш, ғурурланиш баробарида тараққиёт сари интилиш, ўзлигимизни намоён этиш масъулиятини ҳам юклайди. Бунинг учун фидойилик, ватанпарварлик, Ватан манфаатларини барчасидан афзал билиш талаб этилади. Шу маънода халқимиз тарихий бурилиш палласини бошдан кечирмоқда. У дилимиз, тилимиз, бажараётган ишимизда бўй кўрсатади.
Биз ана шу ғояларни чуқур англасак, энг муҳими, амалий ҳаракатимизда намоён қилолсаккина Ватанга содиқ фарзанд бўлишимиз мумкин. Ватан эса Она сингари азиз ва танҳодир. У бизнинг илк ва сўнгги айтар сўзимиздир!
Қудратилла Рафиқов
сиёсатшунос