[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

21.10.2019. «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси шундай мезон асосида юзага чиқмоқда

Мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, янгиланишлар, табиийки, касаба уюшмалари фаолиятини ҳам тубдан ўзгартиришни тақозо этмоқда. «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ушбу масаланинг амалдаги кўриниши десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Маълумки, «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқ ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги қонун 1992 йилда қабул қилинган бўлиб, бугунги давр талабларига, тезкор ўзгаришларга етарли даражада жавоб беролмай қолгани ҳеч кимга сир эмас.
Касаба уюшмалари ҳақида сўз борганида, энг аввало, кўз ўнгимизда тизимнинг пойдевори ҳисобланмиш ­бошланғич ташкилотлар гавдаланади. Тан олиш лозимки, уларни ташкил қилиш масаласи амалдаги қонунда ўз ифодасини топмаган эди. Янги қонун лойиҳасидан келиб чиққан ҳолда фикрлайдиган бўлсак, бундан буён бош­ланғич ташкилотлар фаолиятида уларнинг ҳақ-ҳуқуқи ва мажбуриятлари янада кенгаяди.

Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётган пайтда Тошкент шаҳар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси томонидан бугунги кундаги фаолиятга холисона баҳо бериш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва келгусидаги вазифаларни белгилаб олиш мақсадида бошланғич касаба уюшма ташкилотлари ўртасида сўровнома ўтказилди. Натижалар ҳақиқатдан ҳам бошланғич касаба уюшма ташкилотларига бўлган эътиборни кучайтириш, улардаги муаммо ва камчиликларни бартараф этишга зарурат туғилганлигини кўрсатди. Хусусан, давра суҳбатлари, семинар-тренингларни кўпроқ ўтказиш зарурлиги ҳақида қимматли ­фикрлар билдирилди. Сўровномада «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси билан танишдингизми?» деган саволга фаолларнинг 79 фоизи «ҳа» деб жавоб берган, қолган 21 фоизи лойиҳа билан танишаётганини маълум қилган. Бу эса қонун лойи­ҳаси бошланғич ташкилотларда катта қизиқиш уйғотаётганидан далолатдир.
Шу ўринда таъкидлаб ўтишимиз лозимки, «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонунда касаба уюшмаларининг ҳам жамоатчилик назоратини амалга оширишда алоҳида ҳуқуқларга эгалиги қайд этилган бўлса-да, бу қонун ёки меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат билан тартибга солинмаган эди. Қонун лойиҳасида касаба уюшмалари томонидан жамоатчилик назоратини ташкил қилишнинг ўзига хос хусусиятлари, кафолатлар, қўшимча имтиёзлар, ҳуқуқий мақом аниқ белгиланмоқда.
Илгари ижтимоий шерикликни тартибга солиш, уни энг қуйи бўғинларда янги босқичларга кўтариш масаласида қийинчилик­лар мавжуд эди. Республика даражасида ижтимоий шериклик яхши йўлга қўйилгани ҳолда уни қуйи поғонагача етказишда анча мураккаб жараённи бошдан кечиришга тўғри келарди. Янги қонун ижтимоий шериклик тамо­йиллари, унинг механизмлари, ҳусусиятлари ва ҳуқуқий мақоми аниқ ва равшан белгилаб қўйилгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Бошланғич касаба уюшма ташкилотини рўйхатдан ўтказишда қандай ҳужжатлар талаб қилинади? Рўйхатдан ўтказиш тартиби қандай? Камида 3 нафар аъзодан иборат бўлса, юридик шахс мақомини олиш шартми ёки йўқ? Юридик шахс мақомисиз ҳам фаолият юритса бўладими? Шу каби саволларга қонун лойиҳасида жавоб топиш мумкин.
Лойиҳада яна бир муҳим жиҳат ўз аксини топган. Бу – ходимларни бахтсиз ҳодисалардан ҳимоялаш комиссияларида бошланғич касаба уюшмаларининг иштироки. Эндиликда меҳнат жамоалари ўз вакиллик органларини шакллантириб, вакилларини мазкур комиссия таркибига киритиш имконига эга бўлади.
Муҳим янгиликлардан яна бири, бу қонун лойиҳасида меҳнат қонунчилиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига амал қилиниши устидан назоратни таъминлаш мақсадида касаба уюшмалари инспекциялари ташкил этилиши кўрсатилганидир.
Очиғини айтганда, илгари меҳнат муҳофазаси бўйича иш берувчилар номига тақдимномалар киритилар, таклиф ва мулоҳазалар берилса-да, уларга муносабат ва эътиборни тўлиқ ижобий деб бўлмасди. Ўйлайманки, энди буларнинг барчасига барҳам берилади.
Янги қонун лойиҳаси шарофати билан фуқароларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш имконияти кенгаяётгани ҳам алоҳида таъкид­­га лойиқ. Амалдаги қонунда «ходимлар касаба уюшмасига бирлашиш ҳуқуқига эга» деб белгилаб қўйилган эди, холос. Лойи­ҳада бу конституциявий ҳуқуқ даражасида кенгайтирилиб, Ўзбекистон ҳудудида таҳсил олаётган ёки фаолият юритаётган чет эл фуқаролари ҳам касаба уюшмаларига аъзо бўлиши мумкинлиги кўзда тутилган. Бу эса халқаро ҳуқуқ тамойилларига тўлиқ мос келади. Зеро, қонун лойиҳасига киритилган қўшимчалар халқаро ҳуқуқ нормалари ва Халқаро меҳнат ташкилоти тавсияномаларига уйғун.
Ёлланма ишчилар, хусусий секторда меҳнат қилаётганларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Эндиликда якка тартибдаги тадбиркорлар ишлайдиган жойларда, шунингдек, тармоқлар ва ҳудудлар даражасида касаба уюшмаларини тузиш ва фаолиятини юритиш таъминланади. Амалдаги қонунда корхона ва ташкилотларда касаба уюшмалари тузилиши белгиланган бўлса, келгусида барча иш ўринларида касаба уюшмалари тузиш имкони мавжуд.
Тошкент шаҳрида касаначилик билан шуғулланаётган фуқаролар, якка тартибда фаолият юритаётган тадбиркорлардан касаба уюшмаларига аъзо бўлиш ҳақида кўплаб саволлар тушар эди. Энди бу саволларга ҳам жавоб бор.
Халқаро меҳнат ташкилотининг 98-сонли конвенциясида касаба уюшмаларининг мустақиллигини таъминлаш мақсадида иш берувчилар касаба уюшмаси таъсисчиси ва сайлаб қўйиладиган органи аъзоси бўла олмаслиги қатъий белгилаб ­қўйилган. Биз назарда тутаётган ҳужжатда ҳам ушбу жиҳатлар эътиборга олинган. Яъни, қабул қилинадиган янги қонун касаба уюшмаларининг мус­тақиллигини таъминлашга хизмат қилади.
Тажрибадан келиб чиққан ҳолда шуни айтиш мумкинки, баъзи ҳолларда ишга кираётган ходимга иш берувчи касаба уюшмасига аъзо бўлмаслик ёки аъзоликдан чиқиш шартини қўяр эди. Қонун ­лойиҳасида бу ҳолга барҳам берилган.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, касаба уюшмалари бирлашмаларининг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишдаги ваколатларининг кучайтирилиши муҳим янгилик­лардан бири бўлди. Ҳозирда фақат касаба уюшмалари Федерацияси шундай ваколатга эга эди, келгусида барча касаба уюшмалари бирлашмалари меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиши мумкин.
«Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонун лойи­ҳаси амалиётга жорий этилса, ижтимоий-меҳнат соҳасида касаба уюшмалари эркинлигининг ҳуқуқ ва кафолатлари янада мустаҳкамланади. У касаба уюшмалари фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик базаси такомиллашишига, ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси таъминланишига, ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишда қулай шароит ва кафолатлар яратилишига, касаба уюшмаларининг иш берувчилар, ижро ҳокимияти органлари билан ўзаро муносабат механизмларининг такомиллашишига хизмат қилади.

Сайфулла Аҳмедов
Тошкент шаҳар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари