[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

09.11.2019. Бугунги кунда мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан жамият ҳаётининг ҳар бир жабҳасида амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишларнинг барчаси энг аввало инсон манфаатларини таъминлашга қаратилганлиги билан янада аҳамиятлидир. Хусусан, ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳоли ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, ёш авлодни маънан ва жисмонан баркамол этиб тарбиялаш йўналишларида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур йўналишлардаги ишларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан мамлакатимизда янги болалар соғломлаштириш оромгоҳларини барпо этиш, мавжудларининг моддий-техник негизини мустаҳкамлаш, сўлим табиат қучоғида жойлашган масканларда ўғил-қизларни соғломлаштириш кўламини кенгайтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Худди шу мақсадда жорий йилда мактаб ўқувчиларининг кузги таътил кунларида бўш вақтларини мазмунли ўтказиш билан бирга улар саломатликларини тоғ ҳавоси ёрдамида янада мустаҳкамлаш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Бўстонлиқ туманидаги сўлим гўшада жойлашган “Анор” болалар соғломлаштириш оромгоҳида илк маротаба кузги оромгоҳ ташкил этилди.

“Анор” болалар соғломлаштириш оромгоҳи 200 ўринга мўлжалланган бўлиб, жорий йилда касаба уюшмалари Федерацияси томонидан қурилиб фойдаланишга топширилган. Ёз мавсумида ушбу оромгоҳда турли соҳаларда фаолият кўрсатаётган меҳнаткашларнинг мингдан ортиқ фарзандлари ҳордиқ чиқарган бўлсалар, кузги оромгоҳда 100 нафарга яқин болажонларни мазмунли дам олдириб, саломатлиги мустаҳкамланди.

10 гектардан зёд майдонда қурилиб, фойдаланишга топширилган ушбу масканда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари учун 25 млрд. сўмдан ортиқ маблағ сарфланганлигининг ўзиёқ мамлакатимизда ёш авлод вакилларини ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири даражасига кўтарилганлигининг ёрқин далилидир.

Шу ўринда таъкидлаш зарурки, бугунги кунда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан маънан ва жисмонан соғлом авлод тарбияси борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ва уларнинг натижалари нафақат мамлакатимиз миқёсида, балки нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Шу маънода жаҳон андозалари талабларига мос равишда барпо этилган “Анор” болалар соғломлаштириш мажмуи ўзининг бетакрорлиги ва муқобили йўқлиги билан ажралиб туради. Хусусан, “Анор” оромгоҳи том маънода ўғил-қизларни нафақат мароқли дам олдириш ва жисмонан чиниқтириш, балки уларнинг интеллектуал салоҳиятларини ривожлантириш, ўзлари қизиққан йўналишлар бўйича билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи марказ сифатида фаолият кўрсатмоқда. Бунинг учун ушбу масканда барча шарт-шароитлар яратилган.

Меҳнаткашлар фарзандлари учун ажойиб туҳфа бўлган ушбу оромгоҳда барча қулайликларга эга Маданият ва маърифат маркази, ўзбек мутафаккирлари ва адабиёт намоёндалари билан бир қаторда жаҳон адабиёти дурдоналари сирасига кирувчи бой китоблар заҳирасига эга замонавий Ахборот-ресурс маркази, энг сўнгги русумдаги кўргазмали воситалар ва жиҳозлар билан таъминланган тўгарак хоналари, маънавий-маърифий ва маданий тадбирларни ўтказиш учун мўлжалланган салобатли тантаналар майдони, жаҳон стандартлари талабларига жавоб берувчи ва махсус иситиш тизимига эга бўлган сузиш ҳавзаси, болалар майдончалари, замонавий лойиҳалар асосидаги ётоқ бинолари, барча шарт-шароитлар ва қулайликларга эга бўлган ошхона, ювиниш хоналари кузги таътил кунларида ҳам болажонлар хизматида бўлди.

Оромгоҳ тиббиёт мажмуида ўғил-қизларнинг саломатлиги доимий назорат қилиб борилди. Болажонлар саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида жаннатмакон диёримиз бағрида етиштирилган табиий неъматлар ва гиёҳлардан фойдаланган ҳолда дамламалар тайёрланиб, овқатланиш рациони дармондориларга бой таомлар билан бойитилди.

Кузги таътил кунлари бу ерда дам олаётган болажонларнинг ҳорижий тиллар ва компьютер бўйича билимлари оширилди. Шунингдек, “Ёш китобхонлар”, “Тасвирий санъат”, “Моҳир қўллар”, “Хореография”, “Жисмоний тарбия ва спорт”, “Рассомчилик”, “Бисер тикиш” каби 10 га яқин тўгарак машғулотларида эса болажонлар ўзлари қизиққан йўналишларда машғулотлар билан қамраб олинди. Болажонлар учун мўлжалланган бадиий адабиётлар билан таъминланган кутубхона ҳам доимо гавжум бўлиб, ўғил-қизларнинг китобхонлик маданиятини оширилди.

Оромгоҳдаги барча хоналар алоҳида дид асосида энг замонавий мебель, маиший техника жиҳозлари, ошхона анжомлари билан таъминланган. Кенг кўламдаги ободонлаштириш ишлари билан бирга болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун кўргазмали бурчаклар ташкил этилгани янада аҳамиятлидир. Ушбу масканда болажонларни дармондориларга бой таомнома асосида тўғри овқатлантириш тизими йўлга қўйилган.

Сирасини айтганда таътил кунларида ўғил-қизлар “Анор” оромгоҳида бой таассуротларга эга бўлган маданий-маърифий тадбирлар билан қамраб олиндилар. Тоғ ён бағирларига уюштирилган саёҳатлар давомида она табиат мўъжизалари билан танишиб, уларда табиатга бўлган тўғри муносабатни шакллантириш, экологик оламга нисбатан меҳрларини оширишга йўналтирилган машғулотлар ўтказилди.

Оромгоҳда дам олаётган ўғил-қизлар иштирокида ташкил этилган концерт дастурида ёш авлод вакиллари Она Ватанимизда бугунги кунда ёш авлод камолоти учун кўрсатилаётган эътибор, ўғил-қизларнинг ўз салоҳиятларини намоён этишлари учун давлатимиз томонидан яратиб берилаётган имкониятларни, барқарор тинчлигимиз ва мусаффо осмонимизни мадҳ этувчи куй ва қўшиқларни ижро этдилар. 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати