14.12.2019. Гоҳ шовқин-суронли ур-сур билан, гоҳида ҳаяжон-у ҳадик билан ўтаётган бугунги кунларимизнинг қадри ўзгача. Негаки, айни дамларда Янги Ўзбекистоннинг порлоқ номи дунё харитасида қайта балқмоқда. Шу нуқтаи назардан қараганда, ҳаётимизда юз бераётган баъзи тушунмовчилик, камчилик, хафагарчилиг-у гина-кудуратлар бари ўткинчи ва кечиримли, дегинг келади.
Зотан, бугун Ўзбекистон ўтиш даврини бошдан кечирмоқда. Ўзбекистон янгиланмоқда, ўтмишини қораламаган ҳолда том маънода янги келажагини яратмоқда. Хорижлик бир сиёсатшунос бу жараёнларга содда ва лўнда қилиб «Ўзбекистон изоляциядан чиқмоқда» дея баҳо берди. Бу, албатта, бунёд бўлаётган янги жамият мотивига умумий бир баҳодир. Бироқ масаланинг моҳиятини тагматнга жойлаган ушбу жумла нишонни тўғри олгани билан ғоятда аҳамиятлидир. Негаки, мамлакатимиз ҳаётини қайта қуришга қаратилган ҳаракат марказида айнан ўша изоляцияни «синдириш» ётади. Бу нималарда акс этди? Аввало, шуни қайд этиш керакки, узоқ йиллар жамиятда маргинал мақомини олган қадрият ва қарашлар синди. Буни биз кейинги уч йилда инсон ҳуқуқлари, чет ватандош (фуқаро)лардан ноўрин тайсаллаш тамойилларининг бартараф этилишида кўриб турибмиз.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг хабарига кўра, ўтган уч йилда 9692 нафар юртдошимиз Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинган, 1991 ва 2017 йиллар орасида атиги бир киши оқланган бўлса, кейинги уч йилда 1 минг 705 нафар инсон янги ҳукумат сиймосида адолат қуёшини кўргандай бўлди. Ёки 2017 йилга қадар ўтган 10 йилда юртимизга 14 миллион сайёҳ келган бўлса, кейинги уч йилда улар сони 15 миллиондан ошиқни ташкил қилмоқда…
Албатта, буларга бугун тез ўзгараётган ўзбек жамияти контекстидан олинган маълум бир мисоллар сифатида қараш ўринлидир. Ҳолбуки, бундай эврилишлар ҳозирда барча жабҳаларда, образли қилиб айтганда, мамлакатнинг бутун «танасида» бўй кўрсатмоқда…
Бир неча ўн йилга чўзилган ёпиқлик сиёсати Ўзбекистонни кўп имкониятлардан бенасиб қилгани ва ҳатто, бу хонанишинлик минтақадаги геосиёсатга ҳам салбий таъсир эта бошлаганини кўпчилик хориж экспертлари айта бошлаганди… Эҳтимол, шу сабаб Президент Шавкат Мирзиёевнинг дадил ва прагматик ҳаракатлари бизга хайрихоҳ сиёсий кучлар гурунгларига мой сепгандай бўлди. Хўш, кўпчилик тўлқинланиб гапираётган, минтақа ва дунё сиёсатида сезиларли бурилиш ясаган ислоҳотлар қандай бошланганди, ўзи?! Энг аввало, бунга Президентимизнинг узоқ йиллар мамлакат юзини тўсиб турган «чиммат»ни олгани, Ўзбекистон ўз тараққиётини дунёга очиқликда кўраётгани ўлароқ бу борада амалий ҳаракатларга киришганида, деб қараш ўринли бўлади, назаримда. Бу янгиланиш истагида ёнаётган, минтақа юраги бўлган мамлакатга ва ён қўшниларга нима берди?!
Аввало, шуни қайд этиш керакки, бу ислоҳотлар юқорида айтганимиздай нафақат мамлакат ҳаётида, балки минтақа, қолаверса, дунё геосиёсатида муҳим бурилишни бошлаб берди. Хусусан, бу ҳақда Stratfor Worldview сайтида эълон қилинган «Uzbekistan Comes in From the Cold» номли мақолада шундай ҳикоя қилинади: «…изоляционизм узоқ йиллар давомида Ўзбекистоннинг ташқи дунё билан муносабатларини белгилаб келди. Бироқ Марказий Осиёнинг энг аҳолиси зич жойлашган мамлакатидаги ислоҳотлар Тошкентдан анча узоқ жойларда ҳам акс-садо бермоқда. Ўзбекистон сиёсий эволюцияси – тадрижи натижаси ўлароқ, Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш баробарида Россия, Хитой ва Қўшма Штатларнинг ҳам тобора жозибадор ҳамкорига айланиб бормоқда, чунки улар минтақага таъсир кўрсатиш йўлидаги стратегик рақобатлашув ва инвестициялар киритишда қатнашмоқда. Ўзбекистоннинг очилаётгани унга ўз минтақасидаги иқтисодий ва хавфсизлик соҳаларидаги фаолиятини кенгайтириш учун кўплаб имкониятлар яратади…»
Мақола муаллифи тўғри эътироф этганидек, минтақа давлатларининг яқинлашуви, узоқ йиллик бегонасирашдан воз кечиши барча қўшнилар учун манфаатлидир. Бунинг учун эса умумсиёсатни аниқ ва пухта белгилаб оладиган формат керак эди. Президентимиз томонидан 2017 йилда ўртага ташланган ва ўтган йил Остона (ҳозирги Нур-Султон) шаҳрида биринчи йиғилиши ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари маслаҳат учрашуви бу борада муҳим қадам бўлди.
Яқинда пойтахтимизда мазкур форматнинг иккинчи учрашуви бўлиб ўтди. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, ўтган давр мобайнида минтақадаги қўшниларни бир неча ўн йиллардан буён қийнаб келаётган муаммолар ҳал этилмоқда. Хусусан, қўшнилар ўртасидаги чегаралар ва трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш масаласи… Бу икки муҳим омил минтақадаги мустақил давлатлар муносабатларининг мудом бир-биридан совишига ва ҳатто, ўзаро нифоқ чиқишига туртки берган омиллардан бўлиб келгани факт. Эндиликда минг йиллардан буён ёнма-ён яшаб келаётган ҳудуд аҳолиси бир-бирини тўғри англаш йўлида ҳаракатга келгани, ўйлаймизки, Президентимиз ўртага ташлаган ўша ҳаётбахш ғоянинг илк меваларидир. Қолаверса, ушбу ташаббус самараси ўлароқ эндиликда қўшни давлатлар ўртасида деярли барча жабҳаларда ижобий ҳамкорлик кўзга ташланмоқда.
Хусусан, Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми сўнгги йилларда 2 баробар, қўшма корхоналар сони 4 мартага ўсди. Қўшнилар билан биргаликда чегаралардаги ҳуқуқий расмийлаштириш ишлари якунланиш арафасида. Олтмишга яқин ўтиш пунктларининг тўлақонли фаолиятини таъминлаб, дунёнинг кўплаб давлатларига нисбатан виза режими бекор қилинди. Ишбилармонлик ва ҳудудлараро алоқалар, транспорт қатновлари, маданий-гуманитар алмашувлар кенгайиб бормоқда.
Ўтган йили Ўзбекистонда биринчи Марказий Осиё иқтисодий форуми ҳамда минтақа мамлакатлари Бош вазирлари ўринбосарлари даражасида Ишчи гуруҳнинг дастлабки учрашуви ташкил этилди.
Ўн йиллик танаффусдан сўнг 2018 йилда Туркманистонда Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг йиғилиши бўлиб ўтди. Қолаверса, қўшниларнинг БМТ Хавфсизлик Кенгашида Афғонистон бўйича музокаралар олиб боргани, Марказий Осиёда радиация хавфсизлигини таъминлаш, «Барқарор ривожланиш учун сув» ҳаракатларининг халқаро ўн йиллиги, Энергетик хартиянинг Ашхобод декларацияси қабул қилингани, Марказий Осиё бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг резолюциялари ва шу каби бошқа кўплаб кенг эътироф этилган халқаро ташаббуслари яхши маълум. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ушбу илҳомбахш жараёнларни яқинда пойтахтимизда ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари маслаҳат учрашувида қилган маърузасида қуйидагича изоҳлади:
«…Буларнинг барчасида барқарор бир тенденция – давлатларимизнинг мустақил роли ва умумий келажак учун масъулияти кучайиб бораётгани намоён бўлмоқда.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Марказий Осиё давлатлари минтақавий ва глобал масалалар бўйича тобора кўпроқ умумий позициядан туриб фикр билдирмоқда.
Бизнинг минтақадаги ўзаро яқинлашувимиз ва ҳамкорликни кенгайтиришимиз – бу замон талаб қилаётган ва ортга қайтмайдиган жараён эканини таъкидламоқчиман. У қатъий сиёсий танловга асосланган бўлиб, чуқур тарихий омилларга эга ва кимнингдир манфаатларига қарши қаратилган эмас.
Бу борада, бирлик ва жипсликни мустаҳкамлаган ҳолда, биз изчил ва барқарор ривожланиб бораётган минтақамизнинг, демакки, истиқболли ва ишончли халқаро шерикнинг шаклланишига ҳисса қўшмоқдамиз.
Натижада, дунёда Марказий Осиёга эътибор изчил ортиб бормоқда, бизнинг биргаликда илгари сураётган ташаббусларимизни қўллаб-қувватлашга етакчи давлатлар ва халқаро молия тузилмаларининг қизиқиши тобора кучаймоқда.
Шу муносабат билан минтақа мамлакатларининг хорижий шериклар билан турли форматларда яқин ва тизимли мулоқотини ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳамда бошқа халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасида ўзаро ҳамкорликни давом эттириш муҳим, деб ҳисоблайман».
Ушбу учрашувда Президентимиз бешта муҳим таклифни ўртага ташлади. Бу истак, энг аввало, халқларимизни янада яқинлаштириш, яқин қўшничилик анъаналари бардавомлигини таъминлаш, пировардида ҳудуд иқтисодиётини юксалтиришга қаратилганлиги билан ғоятда қадрлидир. Албатта, пойтахтимизда бўлиб ўтган ушбу учрашув дунё сиёсий доиралари эътиборида бўлиб турди. Қувонарлиси, аксарият сиёсатчи ва таҳлилчилар Шавкат Мирзиёев бошлаб берган ушбу ташаббусни олқишладилар. Хусусан, АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси вазифасини бажарувчи Элис Уэллс Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувини шундай олқишлади:
«Яқинда Тошкентдаги учрашувда Марказий Осиёнинг беш мамлакатлари раҳбарлари томонидан лидерлик ва узоққа мўлжалланган қарашлар намойиш этилганини кўришдан мамнунмиз. Минтақавий ҳамкорлик Марказий Осиёнинг барқарорлиги ва фаровонлиги учун жуда муҳимдир. Президент Мирзиёев ушбу тадбирга мезбонлик қилгани учун ташаккур».
Ўз навбатида, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниел Розенблюм ҳам ҳамкасбининг фикрларига қўшилган. «С5+1 (+АҚШ, +Европа Иттифоқи, +Япония, +Жанубий Корея, +Ҳиндистон ва ҳоказо) яхши. Лекин С5 (Изоҳ: С5 — Марказий Осиё беш давлатига нисбатан ишлатиладиган қисқартма.) ҳар қанақа плюссиз (ёки минуссиз) ундан ҳам яхши (Қудратли давлатларсиз ҳам!) Ўзбекистонга минтақавий ҳамкорлик йўлида етакчилик қилаётгани учун шарафлар бўлсин», деб ёзади twitterдаги саҳифасида элчи…
Ўзбекистон ва шахсан Президентимизнинг ташаббуслари минтақадан ташқарида шундай акс-садо бераётган экан, демак, Марказий Осиё дунё геосиёсатида ҳар қачонгидан-да муҳим аҳамият касб этаётганини ҳис этиш мумкин.
Зеро, минтақа мамлакатлари лидерларининг конструктив ва прагматик сиёсати шарофати билан ҳудудда икки томонлама ҳамда кўп томонлама муносабатлар изчил, барқарор равнақ топиши учун зарур шароит вужудга келди. Хусусан, охирги уч йил минтақадаги ўзаро ҳамкорликда жадал ўзгаришлар даврига айланди, Марказий Осиё давлатлари ўртасида сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар жабҳаларда стратегик шериклик ришталари ўрнатилди.
Тошкентдаги мулоқот савдо-иқтисодий ва инвестиция алоқалари, транспорт-коммуникация, қишлоқ хўжалиги, саноат кооперацияси, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси, энергетика, туризм, илм-фан, маданият ва спорт соҳаларини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ҳар томонлама кўриб чиқиш имконини берди.
Экспертларнинг фикрича, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Маслаҳат учрашуви давомида илгари сурилган ташаббуслар, биринчидан, дастурий ва кенг қамровли характер касб этади, иккинчидан, минтақавий ҳамкорликнинг аниқ масалаларини ҳал қилишга қаратилган, учинчидан, уларни амалга ошириш минтақанинг жадал тараққиётига замин яратади.
Уларнинг таъкидлашларича, Президентимиз томонидан Марказий Осиё инвестиция форуми, мамлакатларимиз савдо-саноат палаталарининг илк йиғилишини ўтказиш, Транспорт-коммуникациялар бўйича минтақавий кенгашнинг ташкил этилиши бўйича билдирган таклифлари минтақа давлатлари ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантиришга кучли туртки беради.
Масалан, АҚШнинг «Boston Consulting Group» экспертлари фикрича, минтақавий ҳамкорлик фаоллашиши натижасида келгуси ўн йилда Марказий Осиёга 170 млрд. долларгача ҳажмда инвестиция кириб келиши мумкин. Эътиборлиси, шундан 40-70 млрд. доллари нохомашё тармоқларига йўналтирилар экан.
Экспертлар «Бир саёҳат билан – бутун минтақа бўйлаб» тамойили асосида қўшма дастурларни илгари суриш учун Халқаро туризм конференциясини ташкил этиш ҳақида тўхталиб ўтишар экан, бу минтақага сайёҳлар оқимини бир неча баробар оширишга олиб келишига урғу беришди. Соҳанинг дунёдаги энг йирик «Tripadvisor» сайти Жаҳон туризм ташкилоти билан ҳамкорликда ўтказган тадқиқотда қатнашган респондентлардан 61 фоизи Буюк ипак йўлининг қадимий шаҳарларига боришни хоҳлашлари маълум бўлди, 47 фоизи агар ягона виза жорий этилса, Марказий Осиё мамлакатларига ташриф буюришини билдирган…
Минтақа бўйича йирик мутахассис Жонс Хопкинс университети қошидаги Марказий Осиё ва Кавказ институти раҳбари Фредерик Старр Тошкентда ўтган мазкур йиғилишга жуда юқори баҳо берди:
– Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан шу йил 29 ноябрда Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари учрашгани ҳақидаги хабарни катта завқ-шавқ билан кутиб олдим. Бу жуда муҳим воқеа. Сабаби, у Марказий Осиё мамлакатларининг хавфсизлик, савдо, транспорт, маданий мерос, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларини ўз ичига олган барча муҳим жабҳалардаги ўзаро алоқаларини қамраб олади.
Беш мамлакат Президентлари нозик масалалар, жумладан, минтақада сув ресурсларидан фойдаланиш муаммоларини муҳокама қилиш имкониятига ҳам эга бўлишди. Ушбу давлатлар минтақадаги ҳаракатларини ягона орбитага жамлаш орқали дунё иқтисодий-сиёсий майдонида янада самарали фаолият юритишни режалаштиришаётгани қувонарлидир. Мазкур формат кун тартибида Қўшни Афғонистон масаласи ҳам борлиги мазкур тадбирнинг яна бир муҳим жиҳатидир. Зотан, бу давлат ҳам минтақанинг бир қисми бўлиб, Марказий Осиёдаги барча мамлакатлар Афғонистонни иқтисодий ривожлантириш ва у ердаги тинчлик жараёнлари йўлида ўзаро ҳамкорлик қилишдан манфаатдордир.
Яна бир бор такрорлайман, мен учун бу жуда катта таассурот қолдирган воқеа бўлди ва 2019 йил 29 ноябрь Марказий Осиё минтақасининг қайта туғилиш санасига айланди. Бу, аслида ҳам Марказий Осиёдаги ҳар бир мамлакатнинг миллий байрамига айланишига арзирли воқеадир…
Албатта, сиёсат-у иқтисод ўз йўлига, бироқ ушбу форматда яна бир муҳим нуқта борки, бу тарихий ўтмиш ва ўзаги бир-бирига туташиб кетган умуммаданият билан боғлиқ фактордир. Минтақанинг беш мамлакатини улар тарихи, маданияти, дини, анъаналари ва ижтимоий-сиёсий тараққиётидаги кўп нарсалар бирлаштириб туради. Бу факт. Лекин кейинги юз йиллик ва сўнгги минг йилликнинг бугунгача бўлган даврида ён қўшнилар ўртасида турли келишмовчиликлар бўлиб тургани, оқибатда минглаб йиллик умумтарихга эга халқларнинг умумкелажаги шубҳа остида қолаётгани ҳам факт эди. Шу маънода мазкур саммит халқлараро ва давлатлараро муносабатларнинг нафақат сиёсий, балки тарихий-руҳоний қиёфасига ҳам сайқал берди. Бу, айтиш мумкин бўлса, халқларимиз тарихидаги энг ёрқин бурилиш нуқтаси бўлиб қолса, ажаб эмас. Зотан, бу тарихдан Турон, Моварауннаҳр, Туркистон номлари билан дунёни ларзага солган она заминимизда яшаётган барча қардош-у қондош элимизнинг орзуси эди. Ушбу тилак, истак, орзу ўзига шу муқаддас заминни бешик билган ҳар бир ватанпарвар ва миллатпарварнинг қонида гупириб тургани айни ҳақиқатдир. Мана, эътибор қилинг, бундан 100 йил олдин жадидчи бобомиз Абдулла Авлоний қандай хитоб этган эди:
«…Бобокалонларимизнинг машҳур насиҳати бор, у ўз ўғуллариға қилиб эдики, бирлашингиз. Масалан бир даста таёқни бирга боғласангиз, кимса синдиролмас. Агарда ажратсангиз, бирин-бирин ҳар ким синдурар. Мана, бобонгизнинг буйруғи.
Чироғларим! Бошқа халқлар, масалан, серблар, италянлар, арманлар, славянлар, поляклар ва бошқалар, ҳатто, дунёнинг у бир учидаги қариндошлари ила бирлашур эканлар, бошқа катта ва қувватли давлатларга тобеъ бўлуб, ютилуб, ҳатто, тилини йўқотган ўз жинсдошларини ажратиб олиб, бирлашмоқға жон ва кучларини сарф этар эканлар, биз ўз ичимиздаги қариндошларимиздан айрилсак, уятдур, аҳмоқлиқдур. Турк томуриға болта урмоқликдур».
Шу нуқтаи назардан гапирадиган бўлсак, Президентимиз бошлаб берган ушбу ҳаракат нафақат мамлакатимиз, балки минтақамиз аҳолиси ҳаётида, қолаверса, дунё сиёсатида муҳим янгиланиш ясагани билан ғоятда аҳамиятлидир.
Қудратилла Рафиқов
сиёсатшунос