20.12.2019. «Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти бошқаруви (бугунги кунда «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасига айлантирилган) ва Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раёсати ўртасида 2017 йилнинг 9 январида 2017-2019 йилларга мўлжалланган тармоқ келишуви имзоланган эди.
Мазкур ҳужжатнинг 1-боб, 9-бандида «Иш берувчи корхонада ходимларнинг ягона вакиллик органи сифатида касаба уюшмасини тан олади», деб қайд этиб ўтилган. Бундан ташқари, тармоқ келишувида «Меҳнат интизоми», «Меҳнатни муҳофаза қилиш», «Меҳнатга ҳақ тўлаш ва кафолатли тўловлар», «Иш вақти ва дам олиш вақтлари», «Ижтимоий имтиёз ва кафолатлар», «Маданий-маърифий, жисмоний тарбия ва спорт-соғломлаштириш ишлари», «Ёшлар учун қўшимча имтиёз ва кафолатлар», «Меҳнат низолари», «Касаба уюшма қўмитаси ва касаба уюшма фаолиятининг ҳуқуқий кафолатларини таъминлаш» каби қатор йирик бўлимлар борки, уларда белгиланган чора-тадбирлар ижросини таъминлашда, албатта, иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси асосий роль ўйнайди.
Аммо корхона ёки ташкилотда касаба уюшма қўмитасининг ўзи йўқ бўлса-чи? Тармоқ келишувида белгиланган вазифалар тўлиқ бажарилмасдан қолмайдими?
Кейинги йилларда мамлакатимизда кўплаб енгил саноат корхоналари иш бошлаётгани, соҳага хорижлик инвесторларнинг кенг жалб этилаётгани сир эмас. Хўш, 2017-2019 йилларга мўлжалланган тармоқ келишувининг ижроси янги ташкил этилаётган корхоналарда қониқарлими? Уларда ҳам касаба уюшма қўмитаси фаолияти йўлга қўйилганми?
– Қашқадарёда ҳам янги ташкил этилган енгил саноат корхоналари бор, – дейди тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгашининг вилоятдаги масъул ташкилотчиси Илҳом Омонов. – Биринчи навбатда, мазкур корхона ва ташкилотларда учрашувлар ўтказиб, касаба уюшмаси афзалликлари тарғиб қилинмоқда, ходимлар аъзоликка жалб этиляпти. Бироқ айрим йирик корхоналар раҳбарларига бир неча бор мурожаат қилганимиз, расмий хатлар билан чиққанимиз ҳам фойда бермаяпти.
Масалан, 500 нафарга яқин ходим ишлайдиган «LT TEXTILE INTERNATIONAL» МЧЖ қўшма корхонаси, 80 нафардан ошиқ ишчиси бўлган Қаршидаги «LEATHER» қўшма корхонаси, 540 нафар ходим меҳнат қиладиган «Sulton Texs Group» МЧЖ корхоналари раҳбарларига расмий хат билан мурожаат этиб, ходимларнинг ҳуқуқий манфааатларини ҳимоя қилиш, уларнинг дам олиши ва соғломлаштириш учун шароитлар яратиш, бу каби чора-тадбирлар учун, энг аввало, ўша корхонада бошланғич касаба уюшма ташкилотини тузишда амалий ёрдам сўралганди… Аммо бир неча бор қилинган мурожаатлар ҳали-ҳамон жавобсиз, натижасиз қолмоқда. Бундан ташқари, «Cotton road» қўшма корхонасида касаба уюшма қўмитаси тузилган бўлса-да, 2019 йил учун аъзолик бадаллари ўтказилмагани 500 нафарга яқин ходимнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ ифода этиш имконини бермаяпти.
Масъул ташкилотчи таъкидлаганидек, касаба уюшма ташкилотини фақат номигагина тузиб қўйиш билан бир иш битмайди. Қўмита бўлгандан кейин у ишлаши керак, ходимларнинг оғирини енгил қилмоғи зарур. Ваҳоланки, касаба уюшма бадалидан тушган маблағ «Cotton road» қўшма корхонасида қабул қилинган жамоа шартномасига мувофиқ, (Меҳнат жамоасининг 2017 йил 1-ноябрдаги Конференциясида тасдиқланган) ишловчи ходимларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш, маданий-маърифий ва спорт тадбирларини амалга ошириш ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш тадбирларига сарфланиши белгилаб қўйилган. Яна шуниси аниқки, бу бир фоизлик бадал корхонанинг иқтисодий аҳволига ҳеч қандай салбий таъсир кўрсатмайди. Аксинча, яхши меҳнат ва дам олиш шароитлари яратилса, бу ходимларнинг иш унумдорлигининг янада ошишига улуш қўшади, корхонанинг иқтисодий салоҳияти юксалади.
Хуллас, тармоқ корхоналарида амалдаги «Тармоқ келишуви» тўлиқ бажарилмаётир. Касаба уюшмаларининг ҳаракатлари бунга етарли бўлмаяпти.
Демак, «Тармоқ келишуви»нинг бандлари ижросини таъминлашда иккинчи тараф – «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасидан ҳам сезиларли туртки керак! Керак бўлса, ёрдам керак. Ахир, айтишади-ку: «қарс» икки қўлдан…
Акмал Абдиев