25.12.2019. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили деб эълон қилинган 2019 йил жамият ҳаётининг барча жабҳаларида бирдек олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва янгиланишларга бой бўлди. Ушбу ислоҳотларнинг самараси бугун жамиятимиз ҳаёти ва халқимиз турмушидаги ижобий ўзгаришларда намоён бўлмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан жорий йилнинг 25 декабрь куни пойтахтимизда жойлашган Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театрида ўтказилган “Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!” шиори остидаги тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан инсон манфаатларини таъминлаш йўлида ҳар бир соҳада олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар ҳамда уларнинг натижалари алоҳида таъкидланди. Мазкур ислоҳот ва янгиланишлар натижаси ўлароқ амалга оширилаётган улкан ишлар давлатимиз ва жамиятимизни тараққиётнинг мутлақо янги босқичига олиб чиқди. Янгиланаётган Ўзбекистоннинг бу борадаги ютуқлари ва қўлга киритилаётган натижаларини бугун нуфузли ҳорижий экспертлар ҳам тан олиб, эътироф этмоқдалар. Амалга оширилаётган ўзгаришлар ва янгиланишлар, аҳолининг турли тоифалари ҳамда ёшларга кўрсатилаётган эътибор, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб бораётган тизимли ишлар натижасида Ўзбекистон аҳолисининг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ва ташаббускорлиги ортиб бораётгани қувонарли ҳолдир.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳам жорий йилда турли соҳаларда меҳнат қилаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш билан бир қаторда Ватанимиз равнақи йўлида бор имкониятларини ишга солиб фидокорона меҳнат қилаётган инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни муносиб рағбатлантириш, ёш мутахассисларнинг иқтидори ва слоҳиятини рўёбга чиқариш, кундалик ҳаётимизда муҳим аҳамиятга эга бўлган ишчи касби эгаларининг касбий маҳоратларини ошириш, кўп йиллик илғор иш тажрибасига эга бўлган инсонларни эъзозлаш мақсадида турли бир қатор ижтимоий лойиҳалар амалга оширилди.
Ана шундай ижтимоий лойиҳалардан бири “Касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик-танловидир. Ушбу танлов Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан касаба уюшмалари ҳаракатини ривожлантириш ва фаолият самарадорлигини ошириш, корхона ва ташкилотларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида бошланғич ташкилотлар ролини кучайтириш, касаба уюшма етакчилари фаоллиги ва салоҳиятини ошириш, ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш борасидаги ишларни такомиллаштириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда бошланғич касаба уюшма ташкилотларининг илғор иш тажрибаларини оммалаштириш мақсадларига қаратилгандир. Жорий йилда тўрт босқичда ташкил этилган мазкур кўрик-танловнинг қуйи босқичларида саралаб олинган бошланғич касаба уюшма ташкилотлари республика финал босқичида иштирок этиш учун йўлланма олди. Танловнинг финал босқичига йўлланма олган бошланғич касаба уюшма ташкилотларининг 14 таси “Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик-танловининг республика босқичи ғолиби бўлди. Танлов ғолибларини аниқлашда бошланғич касаба уюшма ташкилотларининг ходимлар ва улар оила аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги муайян ютуқлари асосий мезон бўлди. Ғолиб бўлган бошланғич касаба уюшма қўмиталари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг дипломи, махсус статуэтка ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бугунги кунда касаба уюшмалари томонидан ёшларни ҳар томонлама қўлаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорларини юзага чиқариш мақсадида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жамоа шартномалари ва келишувлари орқали ёшларга меҳнат муносабатлари соҳасида қўшимча имтиёзлар берилмоқда. Жумладан, ёш ходимларга узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар ҳарид қилиш, уй-жой қуриш, шунингдек, сафарбарлик чақируви заҳирасида хизмат ўташга ҳақ тўлаш учун фоизсиз ссудалар ажратилмоқда. Ёш мутахассислар ижтимоий қўллаб-қувватланиб, уларнинг ўз касбини пухта эгаллашлари ва малакали мутахассис бўлиб етишишлари борасидаги саъй-ҳаракатлари рағбатлантириб келинмоқда.
Бу борадаги ишларни янада кучайтириш, хусусан, мамлакатимизда ишчи касбларини ривожлантириш ва тарғиб этиш, иқтидорли ёш ишчи мутахассисларнинг ўзлари танлаган касб-ҳунар сирларини пухта эгаллашга бўлган интилиш ва қизиқишларини қўллаб-қувватлаш, ёш ишчи мутахассислар истеъдоди ва ижодий қобилиятини рўёбга чиқариш ҳамда муносиб рағбатлантириш, уларнинг кўникма ва малакаларини, касбий маҳоратларини ошириш, малакали мутахассисларни халқаро танловларга тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Энг фаол ёш ишчи касб эгаси” Республика танлови ўтказилиши анъанага айланган. Жорий йилда ҳам мазкур танлов ёшлар томонидан зўр қизиқиш билан кутиб олинди. Уч босқичда ташкил этилган танловнинг барча босқичларида корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ёш ишчи мутахассислар фаол қатнашдилар. Жумладан, танловнинг қуйи босқичлари қатнашчилари пайвандлаш, автомобилларни таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш, қишлоқ ҳўжалиги машиналарига хизмат кўрсатиш, қурилиш-пардозлаш ишлари, умумий қурилиш устаси, компютер ва дастурий инжиниринг техниги, миллий ва бадиий либослар модельери, декоратив косметика, стомотология техниги, кимёвий таҳлил каби соҳаларда ўзлари эришган ютуқларни намойиш этдилар. Кўплаб қизиқарли жараёнларга бой бўлган беллашувлар ёш ишчи касб эгаларининг ўз соҳаларига бўлган қизиқишлари, янгиликларга интилувчанликларини намоён этди. Танловнинг финал босқичида назарий билимлар ва амалий кўникмалар синовдан ўтгач аниқланган ғолиблар “Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик” номли тантанали тадбирда “Компьютер, компьютер жиҳозларини ишлатиш ва дастурий таъминоти бўйича техник”, “Автотранспорт воситаларини таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш чилангари”, “Ортопедик стомотология техниги”, “Қишлоқ хўжалиги машина ва жиҳозларига хизмат кўрсатиш механиги”, “Кимёвий таҳлил лаборанти” номинацияларида мукофотландилар. Ғолибларга касаба уюшмалари Федерацияси дипломи, статуэтка ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Мамлакат миқёсида ёшлар ўртасида катта қизиқиш билан ўтказилган “Касаба уюшмалари стипендиати” лойиҳаси ҳам Қорақлпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасалари талабаларини қамраб олди. Таъкидлаб ўтиш зарурки, “Касаба уюшмалари стипендияси” иқтидорли, фаол, ўқиш жараёнида юқори натижаларни қўлга киритаётган ва ижтимоий ҳимояталаб оилалар фарзандлари бўлган талабаларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, уларнинг илм олишга бўлган қизиқишлари ва салоҳиятини ошириш мақсадида таъсис этилган.
Жорий йилда Касаба уюшмалари стипендиялари республикамизнинг турли ҳудудларидаги олий таълим муассасаларида аъло баҳоларга ўқиётган, энг фаол, илм-фан соҳасидаги янгиликларга интилувчан, ташаббускор ва иқтидорли ёшларнинг 14 нафарига насиб этди. Тадбир доирасида уларга диплом, статуэткалар ва махсус совғалар топширилди.
Маълумки, бугунги кунда Касаба уюшмалари Федерацияси тизимида 18 та санаторий, 2 та дам олиш уйи ва битта Даволаш профилактика маркази фаолият кўрсатмоқда. Ушбу соғломлаштириш масканларида ҳар йили минглаб инсонлар ўз саломатликларини тиклаб, мириқиб ҳордиқ чиқарадилар. Яна бир аҳамиятли жиҳати шундакаи, касаба уюшмалари тизимидаги даволаш ва соғломлаштириш муассасалари Федерация томонидан йилдан-йилга кенгайтирилмоқда, шунингдек, республикамизнинг турли ҳудудларида меҳнат аҳли саломатлигини муҳофаза қилишга хизмат қилувчи янги санаторийлар барпо этилиб, ишга туширилмоқда. Мазкур сиҳатгоҳларнинг энг сўнгги русумдаги замонавий диагностика ва даволаш асбоб-ускуналари билан бойитилаётгани ушбу масканларда юқори технологик асбоб ускуналар орқали қўйилаётган ташхис ва даволаш усуллари, сервис хизмат кўрсатиш ишларининг жаҳон стандартларига мос даражада амалга оширилишини таъминламоқда. Бунда албатта ушбу муассасаларда фаолият кўрсатаётган инсонлар, хусусан, шифокорлар, ҳамширалар, қурувчилар ва бошқа ходимларнинг меҳнати таҳсинга лойиқдир. Шу боис тантанали тадбир доирасида “Касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги энг яхши санаторий” номинациясида ғолиб бўлган Тошкент шаҳридаги “Чинобод” санаторийси, “Касаба уюшмалари тизимидаги энг яхши шифокор” номинациясида ғолиб бўлган “Косонсой” санаторийси шифокори Иброҳимжон Хўжамов ва Касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги Даволаш профилактика марказининг олий тоифали врач-терапевти Қутби Исломова муносиб рағбатлантирилди. Шунингдек, “Касаба уюшмалари тизимидаги энг яхши ҳамшира” номинациясида “Турон” санаторийси ҳамшираси Гулчеҳра Гулямова ҳамда Даволаш профилактика марказининг олий тоифали бош ҳамшираси Сабоҳат Абдуллаевага Касаба уюшмалари Федерациясининг мукофотлари топширилди.
Шундан сўнг саҳнада “Касаба уюшмалари нашри бўлган “Ishonch” ва “Ishonch -Доверие” газеталарининг энг яхши журналисти” номинацияси ғолиби ҳамда “Ishonch” ва “Ishonch -Доверие” газеталари мукофоти совриндорларини тақдирлаш жараёни бўлиб ўтди. “Касаба уюшмаларининг энг фаол ахборот ҳамкори” сифатида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раисининг биринчи ўринбосари Хайрулла Нуритдиновга Касаба уюшмалари Федерациясининг мукофоти топширилди.
Меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари маънавиятини юксалтиришда, шунингдек, улар саломатлигини мустаҳкамлашга йўналтирилган санаторийлар, болалар соғломлаштириш оромгоҳлари, дам олиш масканлари қурилишида катта жонбозлик кўрсатиб, илғор иш тажрибаларини намоён этаётган инсонлар “Касаба уюшмаларининг энг фаол маънавият ходими”, “Касаба уюшмалари тизимидаги энг яхши қурувчи”, “Касаба уюшмалари тизимидаги энг яхши лойиҳаловчи” номинацияларида мукофотландилар.
“Касаба уюшмаларининг энг яхши спорт мураббийси” мукофотига касаба уюшмасига қарашли Республика ихтисослаштирилган комплекс болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг оғир атлетика бўйича мураббийси, Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибида халқаро мусобақаларда ватанимиз шаънини ҳимоя қилиб келаётган шогирдларнинг устози Фарҳод Мирзажонов сазовор бўлди. “Касаба уюшмаларининг энг яхши спортчиси” мукофоти касаба уюшмасига қарашли Республика ихтисослаштирилган комплекс болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг оғир атлетикачилари – оғир атлетика бўйича Халқаро тоифадаги спорт усталари Акбар Жўраев, Муаттар Набиева ҳамда Кумуш Файзуллаеваларга топширилди.
“Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!” тантанали тадбири доирасида жорий йилги ёзги болаларни соғломлаштириш ва дам олдириш мавсумида намунали фаолият кўрсатган энг яхши оромгоҳ ва оромгоҳ бошлиқлари ҳам эътироф этилдилар. Хусусан, “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамиятига қарашли “Сокол” болалар соғломлаштириш оромгоҳи ва жорий йилда Жиззах вилоятининг Зомин туманида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан барпо этилиб фойдаланишга топширилган “Зомин” болалар соғломлаштириш оромгоҳи “Энг яхши оромгоҳ” номинациясида муносиб тақдирланди. Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида барпо этилган “Анор” болалар соғломлаштириш оромгоҳи бошлиғи Светлана Лехно ва Қорақалпоғистон Республикасидаги “Орол болалари” соғломлаштириш оромгоҳи бошлиғи Рашид Аллабергенов “Энг яхши оромгоҳ бошлиғи” сифатида эътироф этилди ҳамда уларга диплом, статуэтка ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Шунингдек, тадбир давомида “Касаба уюшмалари тизимида самарали фаолият кўрсатган ҳуқуқшунос”, “Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигини таъминлаш юзасидан ишларни энг яхши ташкил этган касаба уюшма ташкилотлари” ҳамда “Касаба уюшмалари Федерациясининг “Энергия тежамкорлиги кўрик-танлови” ғолиблари ҳам тақдирланди.
Шуни алоҳда қайд этиш зарурки, Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг равнақи йўлидаги ишларга муносиб ҳисса қўшаётган, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, касаба уюшмалари нуфузини оширишда фаол иштирок этаётган касаба уюшма фаолларини Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “Эҳтиром нишони” билан тақдирлаш ҳам анъанага айланган. Касаба уюшмалари Федерациясининг “Эҳтиром нишони” билан мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, халқимиз маънавияти ва маданиятини юксалтириш, кенг кўламдаги ислоҳотларни амалга ошириш, меҳнаткашларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, касаба уюшмалари нуфузини ошириш йўналишларидаги ишларга салмоқли ҳисса қўшаётган турли соҳа ходимлари ва касаба уюшма фаоллари тақдирланади.
Жорий йилда касаба уюшмаларининг 33 нафар фаоллари мазкур нишон билан тақдирланишга муносиб деб топилди. Тантанали тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг мана шу нуфузли мукофотига лойиқ деб топилган номзодларга “Эҳтиром нишони” топширилди.
Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2019 йилнинг 19 март куни ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида берилган вазифалар ижросини таъминлаш ишларига касаба уюшмаларининг муносиб ҳиссасини қўшиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Тошкент шаҳридаги маҳалла фуқаролар йиғинлари ўртасида “Маҳалламда 5 та муҳим ташаббус” танлови ўтказилди. Тантанали тадбир давомида мазкур танлов ғолиблари ҳам муносиб рағбатлантирилди. Хусусан, 3-ўринни Тошкент шаҳридаги 2 та маҳалла фуқаролар йиғини қўлга киритди. Булар Тошкент шаҳрининг Сирғали туманидаги “Қурувчилар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда Бектемир туманидаги “Бинокор” маҳалла фуқаролар йиғинларидир. 3-ўринни эгаллаган мазкур маҳалла фуқаролар йиғинларига диплом, статуэтка ҳамда Касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги санаторийлардан бирига иккитадан бепул йўлланма топширилди.
Кўрик танловда 2-ўринни эгаллаган Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги “Гавҳар” маҳалла фуқаролар йиғини Россия Федерациясининг Кисловодск шаҳридаги “Ўзбекистон” санаторийсига иккита бепул йўлланма ва авиачипталар билан тақдирланди
Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ўтказилган “Маҳалламда 5 та муҳим ташаббус” танловида маҳалла фуқаролар йиғинлари ўртасида 1-ўринни қўлга киритган Тошкент шаҳрининг Шайхонтохур туманидаги “Хадра” маҳалла фуқаролар йиғини эса “Спарк” автомобили билан тақдирланди.
Шунингдек, туман кенгашлари ўртасида I–ўринга сазовор бўлган Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Юнусобод тумани Кенгаши бошқарувига “Дамас” автомобили калити топширилди.
Тантанали тадбирнинг тақдирлаш қисмидан сўнг иштирокчилар учун таниқли санъаткорлар иштирокида ташкил этилган концерт дастури намойиш этилиб, она Ватанимиз тараннум этилган куй ва қўшиқлар барчага хуш кайфият бағишлади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати