08.01.2020. Мамлакатимизда санитария-эпидемиологик осойишталикни сақлаш, яшаш муҳити хавфсизлиги ва инсон соғлиғини муҳофаза қилишни таъминлаш, санитария-эпидемиология назорати хизмати тизимини такомиллаштириш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, 2019 йил 9 сентябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси санитария-эпидемиология хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармонига биноан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг санитария-эпидемиология назорати хизмати ташкилотлари ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари негизида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ташкил этилди.
Фармонда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Санитария-эпидемиология назорати бош бошқармасининг штат бирликларини Агентликка ўтказиши, 2019 йил 1 декабрга қадар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Агентлик ташкилотлари ходимларининг штат бирликлари нормативларини тасдиқлаши, шунингдек, 2020 йил 1 апрелга қадар санитария-эпидемиология назорати хизматлари ходимлари сонини 7 минг штат бирлигига босқичма-босқич мақбуллаштириш ва штат бирликларининг бир қисмини Давлат инспекциясига бериши кўзда тутилган эди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши, Агентлик ва Молия вазирлиги масъул ходимлари, мутахассислари иштирокида Агентлик фаолиятини фармон доирасида ташкил этиш, ходимлар манфаатини ҳимоя қилиш ва белгиланган штат бирлигини босқичма-босқич мақбуллаштиришда риоя этилиши зарур бўлган масалалар муҳокама қилинди.
Учрашувда тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгашига келиб тушган мурожаатларда ходимлар билан меҳнат шартномаларини тузиш ҳамда бекор қилиш билан боғлиқ ҳолатларда кузатилган баъзи тушунмовчиликлар ва уларни бартараф этиш масаласи кўтарилган. Юзма-юз муҳокама жараёнида фармон ижросини таъминлашда жойларда содир бўлган англашилмовчиликлар, нотўғри талқин сабабли ҳудудларда ходимлар ва иш берувчилар ўртасида юзага келган ҳолатларга мутасаддилар эътибори қаратилди. Шу билан бирга, соҳа вакилларининг меҳнат ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш мақсадида амалга оширилиши керак бўлган ишларни белгиланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ташкил этиш зарурлиги айтиб ўтилди.
Янги штат бирлигида кўзда тутилмаган лавозимда фаолият кўрсатиб келаётган ходимларга ишдан бўшатилиши ҳақида огоҳлантириш хатини беришда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар, иш берувчининг мажбуриятлари, меҳнат шартномаси бекор қилинган ходимга тўланадиган компенсация миқдори ва уни тўлаш вақти, меҳнат шартномасини бекор қилиш, ноқонуний равишда ишдан бўшатилган ходимларни ишга тиклаш, Меҳнат кодексида кўрсатилган талабларга риоя қилиниши каби масалаларда томонлар ўзаро келишиб олишди.
Учрашув якунида Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг қўшма баённомаси тузилди. Фармон ижросини таъминлашда йўл қўйилган камчилик ва тушунмовчиликларни бартараф этиш, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш, келгусидаги фаолиятни иш берувчи ва ходим манфаатларига мос бўлишига эришиш бўйича тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди. Бундан ташқари, мазкур жараёнда жамоатчилик ҳамда касаба уюшмаларининг доимий назорати ташкил этилиши ҳам алоҳида таъкидланди.
Аъзам Абулфайзов