[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

16.01.2020. Президентимиз ташаббуслари билан бугун турли соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг барчаси инсон манфаатларини таъминлаш, халқимиз турмуш даражасини ошириш ва одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларини таъминлашга қаратилганлигини алоҳида таъкидлаш зарур. Айниқса, мазкур жараёнларда хотин-қизларнинг ижтимоий-маиший аҳволини яшхилаш, бандлигини таъминлаш, даромадларини ошириш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда.

Ушбу йўналишлардаги ишларни тизимли равишда такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғига биноан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси мутасаддилигида Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Республика Ишчи гуруҳи ташкил этилди.

Жорий йилнинг 16 январь куни Касаба уюшмалари Федерациясида мазкур Ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши ўтказилди. Йиғилишни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Республика Ишчи гуруҳи раҳбари Қудратилла Рафиков олиб борди. Йиғилишида олдинда турган долзарб вазифалар белгилаб олиниб, амалга ошириладиган ишлар бўйича йўл харитаси қабул қилинди.

Таъкидлаш жоизки, Президентимиз томонидан барча соҳаларда олиб борилаётган янгиланишлар ва тизимли ислоҳотлар натижасида бугун давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари оддий одамлар билан доимий мулоқот ўрнатиб, уларни қийнаётган масала ва муаммоларни зудлик билан бартараф этиш, бу орқали одамларнинг бугунги ҳаётидан рози бўлиб яшашини таъминлаш йўналишида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси раҳбарлигидаги Республика Ишчи гуруҳи фаолиятининг асосини ҳам айнан мана шу мезонлар ташкил этади.

Ўз таркибига Хотин-қизлар қўмитаси, Маҳаллалар кенгаши, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Маънавият ва маърифат маркази вакилларини қамраб олган мазкур Ишчи гуруҳ фаолиятининг дастлабки манзили Сирдарё вилоятининг Сирдарё тумани этиб белгиланди. Ишчи гуруҳ вакиллари Сирдарё туманида мавжуд 38 та маҳалладаги ҳар бир оилага кириб, уларда истиқомат қилаётган хотин-қизлар билан суҳбатлашган ҳолда уларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит ҳолати, хотин-қизларнинг бандлик даражаси, уларнинг даромадларини ошириш манбалари, тадбиркорликка жалб этиш имкониятларини ўрганадилар. Шунингдек, хотин-қизлар билан юзма-юз мулоқотлар давомида уларга кўрсатилаётган тиббий ва ижтимоий хизматлар сифати ва самарадорлиги, пенсия ва ижтимоий нафақаларнинг ўз вақтида ва манзилли етказиб берилишининг сифат даражаси аниқланади, оилаларда фарзандлар таълим-тарбияси масаласига алоҳида эътибор қаратилади.

Йиғилишда таъкидланганидек, хотин-қизлар билан очиқ мулоқот ва суҳбатлар давомида аниқланган камчилик ва муаммоларни тезкор бартараф этиш мақсадида жойида ҳал этиш мумкин бўлган муаммолар бўйича секторлар раҳбарлари билан биргаликда тегишли чора-тадбирлар амалга оширилади. Ечимини кутаётган масалалар бўйича эса ҳар бир маҳалла бўйича маълум муддатга мўлжалланган туман, вилоят ва Республика миқёсидаги Манзилли дастурлар ишлаб чиқилади. Ушбу манзилли дастурлар асосида оғир турмуш шароитидаги хотин-қизлар, шу жумладан кам таъминланган, уй-жойга муҳтож оилалар, ногиронлиги бор инсонларнинг муаммоларини бартараф этиш, хотин-қизларни иш билан таъминлаш, улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, жиноятчиликнинг олдини олиш, оилавий муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш, оилалардаги қадриятларни мустаҳкамлаш йўналишларидаги ишлар амалга оширилади.

Республика Ишчи гуруҳи фаолияти давомида ишсиз хотин-қизларни касбга ўргатиш, маҳаллаларда сайёр меҳнат ярмаркаларини ташкил этиш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истаги бўлган хотин-қизларга имтиёзли кредитлар ажратишга ҳамда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга кўмаклашиш, саломатлигини тиклашга муҳтож бемор аёлларни шифохонага жойлаштириш, ногиронлиги бўлган хотин-қизларни зарур реабилитация воситалари билан таъминлаш чоралари ҳам кўрилади. Шунингдек, ижтимоий-иқтисодий жиҳатган оғир аҳволга тушиб қолган хотин-қизларнинг уй-жой ва маиший шароитларини яхшилаш, кам таъминланган оилалар фарзандлари учун ихчам тарздаги намунали никоҳ ва суннат тўйларини ўтказиш борасида ҳам амалий ёрдам кўрсатилади.

Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Республика Ишчи гуруҳининг биринчи йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Рустам Қосимов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши раиси Шавкат Жавлонов иштирок этди.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари