[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

20.01.2020. Тошкент вилоятида жойлашган дам олиш масканлари, санаторийлар орасида «Умид гулшани»нинг ўрни бўлакча. Яқинда ушбу санаторий ўзгача зиё оғушига тўлди. Нурга, файзга чулғаниб, ўқитувчи ва мураббийлар гулшанига айланди.

Гап шундаки, бу масканда рес­публикамиздаги энг фидойи ва заҳматкаш устоз­лар ҳордиқ чиқариб кетди. Яъни, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Президент фармонига кўра, давлат мукофотларига сазовор бўлган бир гуруҳ педагогни бепул дам олдирди.
– Ўттиз йилдан буён Чимбой туманидаги 14-мактабда ­кимё-биология фанидан дарс бериб келаман, – дейди қорақалпоғистонлик Гулпаршин Рамонова. – Ўтган йили давлатимиз раҳбарининг фармони билан «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирландим. Бу менга янада катта масъулият юклади.
– Тан олиш керак, сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим тизими бутунлай янгича ўзгариш ва ривожланишлар жараёнини бошидан кечирмоқда, – дейди Қарши шаҳридаги «Ilmu ziyo school» номли нодавлат мактаб раҳбари Учқун Раҳмонов. – Бундан руҳланиб, 2018 йилда «Ilmu ziyo school» нодав­лат мактабини ташкил этган эдик. Бугунги кунда ушбу муассасада 300 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Касаба уюшмаларининг устозларни дам олдираётгани эса хайрли ташаббус бўлди. Шу кунларда қайноқ иш соатларим мазмунли дам олиш онлари билан алмашди. Санаторийдаги муолажалар, мазали парҳез таомлар, пойтахтлик санъаткорлар иштирокидаги маданий тадбирлар, цирк усталари тақдим этган қизиқарли томошалар асносида кўнгилли ҳордиқ чиқардик.
– Халқ таълими соҳасида муносиб меҳнат қилаётган ўқитувчи ва мураббийлар ҳамиша эътиборимизда, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши қошидаги Санатор-курортлар бошқармасининг маданий-маърифий ишлар бўйича бош мутахассиси Маҳмуда Мурзаева. – «Умид гулшани» дам олиш масканида уларнинг мароқли ҳордиқ чиқариши учун барча шароитлар яратилган. Албатта, бундай ­хайрли ишлар давом этади.
Дам олиш масканида мазмунли ҳордиқ чиқарган таълим фидойилари орасида Валентина Корниенко ҳам бор. Бу жонкуяр аёл ўзининг ибратли иши билан барчага ўрнак. Гап шундаки, у қаровсиз қолдирилган уч нафар болани асраб олди. Баъзи бировлар ўз фарзандини боқишга оғриниб юрган бир паллада етти ёт бегона уч болани икки фарзандига қўшиб оқ ювиб, оқ тараш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.
– Ёшлигимда кўп фарзандларим бўлишини ният қилардим, – деди Валентина Корниенко. – Шу боис, уч нафар бола асраб олганман. Ҳалол касбим билан уларни вояга етказдим. Ҳозир улар ўзидан тиниб-тинчиган. Барчасини ўз болаларимдек азиз кўраман. Мана, меҳнатларим роҳатини кўриб ўтирибман. Давлатимиз томонидан муносиб тақдирландим. Мана бундай дам олиш масканларида ҳордиқ чиқариш насиб қилди. Аслида, бир инсонга бундан ортиқ бахт бўлмаса керак.
– Қарши шаҳридаги 35-умум­таълим мактабида 20 йилдан буён физика фанидан дарс бераман, – дейди Гўзал Тўраева. – Санаторийда бепул дам олиш ҳуқуқини берувчи сертификатни вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Эсон Ражабов қўлидан қабул қилиб олганимда жуда ҳаяжонландим. Чунки фаолиятим даврида бирор марта ҳам сиҳатгоҳда дам олмаган эдим-да. «Умид гулшани»даги даво муолажалари, маданий-маърифий тадбирлар, айниқса, Тошкент вилояти ва пойтахт бўйлаб ташкил қилинган саёҳатлар менда катта таассурот қолдирди. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган ҳамкасбларимиз билан тажриба алмашдик. Айниқса, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Халқ таълими вазирлигидан вакиллар келиб, маданий-маърифий тадбир ўтказишгани, биз билан суҳбат уюштириб, китоблар улашиб, дам олиш кунларимизни янада файзиёб қилгани кўп вақт ёдимизда қоладиган бўлди.
– Ёшим 70 да, – деди Чироқчи туманидаги 112-мактабнинг немис тили фани ўқитувчиси Мирза Туйғунов. – Етмиш йиллик ҳаётим давомида касаба уюшмаларининг доимий ғамхўрлигини сезиб келдим. Мириқиб ҳордиқ чиқариб ­уйимга қайтар эканман, шу азиз Ватан учун ҳали жуда кўп ишлашим зарурлигини ҳис қиляпман.
Айни дамда бу каби фикрлар мароқли дам олиб, янгидан-янги куч-ғайрат, ташаббус­ларга тўлиб ортига қайтаётган барча устозларнинг дилидан ўтаётгани, шубҳасиз.

Акмал Абдиев,
Ғуломжон Мираҳмедов