21.01.2020. Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғига биноан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков раҳбарлигида тузилган Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Республика Ишчи гуруҳи Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманидаги маҳаллаларда истиқомат қилаётган хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ва маиший шароитларини ўрганмоқдалар.
Ишчи гуруҳи аъзолари бугунгача Сирдарё туманидаги 38 та маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, ижтимоий ҳимояталаб, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, саломатлигини тиклашга муҳтож хотин-қизларни аниқладилар ҳамда уларга амалий ёрдам кўрсатиш чора-тадбирларини кўрмоқдалар.
Хусусан, ўз таркибига Касаба уюшмалари Федерацияси, Хотин-қизлар қўмитаси, Маҳаллалар кенгаши, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Маънавият ва маърифат маркази вакилларини қамраб олган мазкур Ишчи гуруҳи 3 кун давомида Сирдарё туманидаги Исломобод, Баҳор, Истиқбол, Туркистон, Адолат, Хазина, Орзу, Камолот, Навоий номли, Фурқат номли, Оқибат, Ҳикматли, Бахмал, Янгиобод, Пахтакор, Оқ йўл, Матонат, Деҳқонобод, Аҳиллик, Тараққиёт, Бешбулоқ маҳалла фуқаролар йиғинларидаги оилаларда бўлиб, хотин-қизлар билан суҳбат асносида уларни қийнаётган муаммоларни ўргандилар.
Шу жумладан, Бешбулоқ МФЙ ҳудудида яшовчи Жабборовлар, Сарибоевлар, Жумабоевлар, Бердибаевлар, Аккуловлар, Тараққиёт МФЙда истиқомат қилаётган Қандахоровлар, Янгиобод МФЙдаги Миришкор кўчасида истиқомат қилаётган Баҳодировлар, Алпомиш кўчасида яшовчи Алимқуловлар оилаларидаги хотин-қизларга манзилли ёрдам кўрсатиш мақсадида уларда мавжуд камчилик ва муаммолар аниқланди.
Уйма-уй юриб ўрганишлар жараёнида Тараққиёт МФЙ, Эломон кўчасида яшаётган Махаматқуловлар оиласида моддий етишмовчилик сабабли уй-жой шароитини яхшилаш ва уйини таъмирлаш муаммоси мавжуд эканлиги аниқланди.
Очиқ мулоқот ва суҳбатлар тарзидаги ўрганишлар давомида Тараққиёт МФЙдаги Олтинтепа кўчасида истиқомат қилаётган Салима Яссакова уй-жой олиш учун имтиёзли кредит масаласида амалий ёрдам кўрсатилишини сўради. Аҳиллик МФЙда яшовчи 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган Шахло Жўраева эса чорва молларини олиб боқиш орқали ўз оиласининг иқтисодий аҳволини яхшилаш мақсадида беғараз моддий ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Истиқбол МФЙдаги Тикланиш кўчасида истиқомат қилаётган ёлғиз аёл Хадича Мухторованинг уйи таъмирга муҳтожлиги боис унга тегишли манзилли ёрдам зарурлиги аниқланди.
Ҳозирда Республика Ишчи гуруҳи хотин-қизларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш ва амалий ёрдам кўрсатиш чора-тадбирларини ишлаб чиқмоқда.
Муҳаббат Ўрмонбекова,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари