[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

22.01.2020. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг адолатли тизимини яратиш касаба уюшмаларининг устувор вазифаларидан бири бўлиб, бу борада ишчи кучининг муносиб баҳоланишига эришиш алоҳида аҳамиятга эга бўлган масала ҳисобланади. Касаба уюшмаларининг ташкилот сифатидаги энг муҳим иқтисодий мақсади ҳам ҳар бир ишчи ўз малакаси, меҳнатининг мураккаблиги, суръати ва натижаларига кўра, муносиб ҳақ олиши ҳамда сарфлаган кучининг қайта тикланиши, сақланиши ва рағбатлантирилишини таъминлашга эришишдан иборат.

Ишчи кучи баҳоси аксарият ҳолларда ишчининг меҳнатига яраша ҳақ тўлаш тушунчаси сифатида қабул қилинади. Аслида эса бу тушунча кенг ва чуқурроқ мазмунга эга бўлиб, у фақат ишчининг меҳнатига ҳақ тўлаш билангина чекланиб қолмайди.
Ишчи кучи ва унинг адолатли баҳоси дейилганда қуйидаги учта мезонни белгилаш мумкин:
– аввало, ишчи кучи баҳосининг асосий таркибий қисмларидан бири бўлган – меҳнат ҳақи, товарлар ва хизматлар нарх-наволарига мувофиқ бўлиши, яъни ишчининг кун кечириши учун зарур бўлган эҳтиёжларини ­қоплай оладиган даражада бўлиши керак;
– иккинчидан, ишчи кучининг баҳосига унинг қайта тикланиши ва сақланиши учун сарфланадиган барча харажатлар, яъни ҳаё­тий фаолияти ва таъминоти, тиббий, ­маиший, таълим ва малака ошириш, турар-жой ­шароити, суғурта, моддий, маънавий-маданий ва бошқа эҳтиёжлари учун сарфланадиган харажатлар;
– учинчидан, ишчи кучининг баҳосига ишчи меҳнатини муносиб рағбатлантириш учун сарфланадиган харажатлар ҳам киритилиши керак.
Солиқ Кодексининг 143-, 146-моддаларида белгиланган харажатлар таркибини ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 05.02.1999 йилдаги 54-сонли қарори билан тасдиқланган «Маҳсулот (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш, етказиш ва сотиш бўйича харажатлар таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги Низом»ни таҳлил қиладиган бўлсак, ишчи кучининг баҳосини жамоа шартномалари ва меҳнатга ҳақ тўлашга оид ички меъёрий ҳужжатлар орқали белгиланадиган учта таркибий қисмга (меҳнат ҳақи, рағбатлантириш, қайта тиклаш ва сақлаш) ажратиш мумкин:
а) Маҳсулот таннархига киритиладиган ишлаб чиқариш билан боғлиқ меҳнат ҳақи тўловлари:
– ҳақиқий бажарилган иш учун корхонада қабул қилинган меҳнатга ҳақ тўлаш шакли ва тизимига мувофиқ тариф ставкалари, ишбай баҳолар ва лавозим окладлари бўйича ҳисоб­ланган иш ҳақи;
– хўжалик юритувчи субъектнинг мукофотлаш тўғрисидаги Низомига асосан тўланадиган рағбатлантириш тўловлари;
– лавозим окладлари ва тариф ставкаларига устамалар (тариф ставкаларини оширувчи тармоқ коэффициентлари, касбий маҳорат ва мураббийлик учун);
– меҳнат шароитлари ва иш режими билан боғлиқ компенсация тарзидаги тўловлар;
– ишланмаган вақт учун тўланадиган тўловлар;
– корхона штатида турмаган ва ҳуқуқий-фуқаролик, шу жумладан, пудрат шартномалари бўйича иш бажарган ходимлар меҳнатига тўланадиган тўловлар;
– белгиланган тартибда меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасига киритиладиган бошқа турдаги тўловлар.
б) Маҳсулот таннархига киритилмайдиган ва хўжалик юритувчи субъектнинг давр харажатларига киритиладиган турли рағбатлантирувчи ҳамда компенсация тарзидаги тўловлар:
– ҳукумат қарорига асосан тўланадиган компенсация тўловлари;
– бир йўла тўланадиган мукофотлар, йил якуни бўйича ва хизмат қилган йиллари учун тўланадиган рағбатлантириш тўловлари;
– мажбурий прогул даври ёки паст ҳақ тўланадиган ишни бажаргани учун қонунчиликка мувофиқ ёки хўжалик юритувчи субъектнинг қарорига биноан тўланадиган тўловлар;
– вақтинчалик меҳнатга лаёқатсиз бўлганда қонунчиликда белгиланган қўшимча тўловлар;
– малака ошириш ва кадрларни қайта тайё­рлаш тизими бўйича ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ўқитилаётган ходимлар ва мутахассисларнинг ўқиш даври учун асосий иш жойларидаги иш ҳақи;
– қонунчиликка мувофиқ ўн икки ёшга тўлмаган боласи ёки ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи бўлган аёлларга бериладиган қўшимча таътиллар учун тўланадиган тўловлар;
– ходимларга бепул берилган товарлар, маҳсулотлар ва бошқа бойликлар ёки уларга кўрсатилган хизматлар, ишлар;
– ходимларнинг харажатларини қоплаш учун жамоа шартномасига мувофиқ тўланадиган компенсация тарзидаги тўловлар.
в) Иш ҳақи таркибига киритилмайдиган ва ишчи кучини сақлаш учун сарфланадиган бошқа харажатлар.
Ўз навбатида, таъкидлаб ўтиш лозимки, ишчи кучи баҳосини белгилашда корхонанинг ишлаб-чиқариш ва молиявий – хўжалик фаолияти натижаларидан келиб чиққан ҳолда шундай мақсадлар учун сарфланган харажатлар ҳамда тўловлар таҳлил қилиниб борилиши зарур.
Агарда, ишчи кучини баҳолаш учун сарфланадиган харажатлар ва тўловларнинг тўланиш ҳамда сарфланиш тартиби, миқдорлари, муддатлари, манбалари ва татбиқ этиладиган ходимлар тоифалари жамоа шартномалари ҳамда ички меъёрий ҳужжатлар орқали белгиланишини инобатга оладиган бўлсак, қайд этилган таҳлилнинг қанчалик муҳим аҳамиятга эга экани яққол намоён бўлади. Шу боис, касаба уюшма қўмитаси етакчилари ва фаоллари жамоа шартномалари, меҳнат муносабатлари доирасидаги бошқа ички локал ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ҳамда мазкур масалалар юзасидан иш берувчилар билан музокаралар бош­лашдан олдин қайд этилган таҳлиллар жарёнида фаол иштирок этиши ҳамда таҳлиллар натижаларига кўра ўз позициялари ва таклифларини шакллантириш­лари айнан мақсадга мувофиқдир.
Қайд этилган вазифаларни ҳал қилишда касаба уюшма етакчилари ва фаолларидан қуйидагиларни билиш талаб этилади:
– меҳнат муносабатларига оид халқаро нормалар, Конвенциялар, миллий қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларини ҳамда шартларини;
– меҳнат соҳасида асоссолувчи тамойиллар ва ҳуқуқларни, халқаро меҳнат стандартларини;
– корхонанинг мақоми, ҳуқуқлари ва ваколатларини;
– ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш) билан боғлиқ меҳнат ҳақи тўловлари – тариф ставкалари, ишбай баҳолар, разрядлар, тариф коэффициентлари, устама ҳамда қўшимча тўловлар, уларнинг тўланиш манбалари ҳамда тартибларини;
– хўжалик юритувчи субъектнинг давр харажатларига киритиладиган турли рағбатлантирувчи ва компенсация тарзидаги тўловлар, уларнинг тўланиш манбалари ҳамда тартибларини;
– ишчи кучини сақлаш харажатларига кирадиган тўловлар турларини, уларнинг тўланиш манбалари ва тартибларини;
– меҳнатга ҳақ тўлаш фонди, фойда, таннарх, рентабеллик ва корхона иқтисодиётига оид ­бошқа кўрсаткичларнинг мазмун-моҳиятини;
– меҳнатга ҳақ тўлаш шакллари ва тизимларини, меҳнатга ҳақ тўлашни ташкил қилиш услуб­лари ва тартибларини;
– жамоа шартномасини тузиш, унга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тартиби ҳамда принципларини.
Мазкур фикрлар ижтимоий шериклик тизимининг асосий бўғинларидан бўлган ишчи кучини баҳолаш ва иш ҳақини тариф-шартномавий асосда тартибга солиш ва мувофиқлаштириб бориш масалалари бўйича иш берувчилар билан бўладиган музокаралар жараёнида фақат қуруқ таклиф эмас, балки ҳар томонлама ­асосланган ва музокара предметига айлана оладиган, ҳам корхона тараққиёти ҳам жамоа манфаатига хизмат қиладиган аниқ таклиф киритилишига, унинг ҳимоя ва қабул қилинишига замин яратади. Бошқача айтганда, ана шундай таклиф асосида у ёки бу имтиёзни, мажбуриятни жамоа шартномасига киритишда мажбуриятларни қабул қилиш борасидаги ихтиёрийлик принципи мантиқан ва моҳиятан асосланган ҳолда мажбурийлик аҳамиятини касб этади. Бу эса, ўз нав­батида, ижтимоий-иқтисодий ҳимоя масалаларининг асосий йўналиш­ларидан бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш ва ишчи кучини баҳолаш борасида касаба уюшма ташкилотларининг принципиал позицияга эга бўлиши, уларнинг ҳимоя функциялари ҳамда ходимларни унумдор меҳнатга ундовчи омиллар кучайтирилишига хизмат қилади.

Ғафуржон Ҳамидов
Нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси ўринбосари

Фото Иван Мурзин