27.01.2020. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Тармоқ касаба уюшмалари ходимлари Федерациянинг катта фаоллар залида ўрнатилган телеэкран орқали тўғридан-тўғри эфирни кузатган ҳолда диққат билан тингладик. Шунингдек, ҳудудий касаба уюшмалари бирлашмаларида ҳам ушбу тадбир катта уюшқоқлик билан ташкил этилди.
Мурожаатнома давомида Президентимиз танқидий руҳдаги фикрлар ва келгусида юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида амалга оширишимиз лозим бўлган ишлар ҳақида сўз юритар эканлар, биз ёшлар шу мамлакат фуқароси ва ёшлар вакили сифатида ўзимизга катта масъулият қабул қилдикки, Ўзбекистон Президенти томонидан ёшлар учун шу қадар катта имкониятлар эшиги очиб берилаётган бир вақтда, бизнинг эгаллаган билимимиз, кучимиз, бутун ички салоҳиятимиз, ҳар бир ҳаракатимиз билан бир мақсад сари одимлашимиз зарур эканлигини юрак-юракдан ҳис этдик. Эндиликда тушундикки, ҳеч ким четда томошабин бўлиб туриши мумкин эмас ва ўзни четга олиш инсофдан эмасдир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти 2020 йилни – “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб эълон қилар экан бундан том мақсад мамлакатимизда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борасида бошлаган ишларимизни жадал давом эттириш ва янги, замонавий босқичга кўтариш эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Англашиладики, Президентимиз айтганларидек, 2020 йил ёшлар давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқувчи ва бизларга янги-янги имкониятлар эшигини очиб берувчи йил бўлади.
Мурожаатномани тинглар эканмиз, Президент томонидан коррупцияга қарши курашишда “ҳалоллик вакцинаси”дан фойдаланиш тушунчаси фавқулотда ҳолат сифатида жамиятга эълон қилинди. Юртбошимиз ушбу фикр билан жамиятда коррупция бор экан, унга оммавий равишда биргаликда курашмас эканмиз, коррупцияни жон томирига вақтида болта урмас эканмиз, барча ҳаракатларимиз бесамар қолаверади, деган огоҳлантиришни баралла айтилларки, бу барчамизни яна бир бор хушёр тортирди. Мурожаатнома давомида бу масалага ечим ҳам бор эканлигига гувоҳ бўлдик. Гувоҳи бўлганимиздек, Мурожаатнома давомида Юртбошимиз бот-бот илм ҳақида сўз юритдилар. Хусусан, илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлишлиги, бу борада нафақат ёшлар, балки бутун жамият аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун аввало илм-маърифат, юксак маънавият керак эканлиги таъкидланди.
Дарҳақиқат, 2020 йилда ёшларни билимли қилиш мақсадида боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини жорий йилда 60 фоизга етказиш, ўз навбатида тарихимизда илк бора 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизими жорий қилинади. Давомида эса, 2020 йилда 36 та янги мактаб қурилиши, 211 таси капитал таъмирланиши, шунингдек, 55 та хусусий мактаб ташкил этилиб, уларнинг сони 141 тага етказилиши мақсад қилиб олинмоқда. Айни вақтда ёшларни катта жамиятга тайёрлаш таълим олишни такомиллаштириш йўлида кейинги босқич ишлари жорий ўқув йилидан бошлаб мутлақо янги профессионал таълим тизими йўлга қўйилиши, 340 та касб-ҳунар мактаби, 147 та коллеж ва 143 та техникум ташкил этилиши айтиб ўтилди. Шу орқали ёшларни кенг миқёсда таълим даргоҳларига қамраб олиш имконияти яратилади. Айтиш керакки, шу даргоҳдан аксарият ёшлар катта ҳаётга мустақил қадам ташлайдилар. Маърузада таъкидланишича бу орқали кадрлар малакасини халқаро меҳнат бозори талабларига мослаштириш мақсадида миллий малака тизими ишлаб чиқилади. Ушбу тизим 9 мингга яқин касблар бўйича кадрлар тайёрлаш имконини беради.
Мурожаатномада Олий ўқув юртларига қамраб олиш бўйича берилаётган имкониятлар юртимизнинг барча ёшлари томонидан шубҳасиз катта мамнуният билан кутиб олинди. Жумладан, ёшларни таҳсил олиши учун ҳамма қулайликларни яратиш мақсадида мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини 2020 йилда камида 25 фоизга ва келгусида 50-60 фоизга етказилади. Энг муҳими олий ўқув юртларига талабалар қабул қилиш давлат грантлари 2 баробар кўпайтирилади. Юқоридаги фикрлардан маълум бўладики, таълим тизими эндиликда мутлақо замонавий тарзда фаолият олиб боради. Педагоглар савияси ва уларнинг моддий таъминоти масласида мавжуд бўлган камчиликлар бартараф этилади. Жумладан, педагогик маҳорат ва малака даражасига эга бўлган, ўз ишида аниқ натижаларга эришган ўқитувчиларга юқори маош тўлаш тизими жорий этилади.
Ҳеч кимга сир эмаски, бугунги кунда кадрлар масаласи ва ёшларни иш билан таъминлаш, нафақат ёшларни балки бошқа ёш қатламидаги фуқароларни ҳам ишга жойлаштириш муаммоси мавжуд. Шу мақсадда, Президент томонидан ҳукумат жорий йилда давлат дастурлари доирасида ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш орқали 500 мингта янги иш ўрни яратишни таъминлаши зарур эканлиги таъкидланди.
Ишсизликни олдини олишда яна бир ҳаракат шундан иборат бўладики, ижтимоий муаммоларни ҳал этишга оид тадбиркорлик ташаббусларини, айниқса, ёшлар ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият берилади. Бунинг учун аҳоли ва тадбиркорларга, микромолия хизматлари ва молиявий ресурсларга, давлат харидларига кенг йўл очиб берилади. Бу орқали одамларда тадбиркор бўлишга иштиёқ ва ишончни ошириш, уларда кўпроқ даромад олишга бўлган интилишни кучайтириш мақсад қилиб олинган.
Ёшлар томонидан зўр олқиш билан кутиб олинган яна бир таклиф шундан иборатки, Юртбошимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни ишлаб чиқишни таклифи берилган бўлиб, Президент томонидан жорий йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумини ёшлар ҳуқуқларига бағишлаб ўтказиш ва унда ушбу конвенция лойиҳасини муҳокама этиш таклифи илгари сурилди ва бу таклиф бутун халқимиз, айниқса ёшлар томонидан қўллаб-қувватланди.
Бир сўз билан айтган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Мурожаатномада илгари сурган ғоялари орқали ёш йигит-қизларни маънавий ва маърифий савиясини доимий юксалтириш – биринчи даражали аҳамиятга эга этиб белгилаган ҳолда, ягона шиор “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган дастурий ғоя асосида, ёшларни она юртга садоқат руҳида тарбиялаш, уларда ташаббускорлик, фидойилик, ахлоқий фазилатларни шакллантириш Олий мақсад этиб белгилаб берилди.
Шавкат Тоиров
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси.